Қайднома

Қидирув

Вундеркиндлар: Трансферга тайёрланавер, «Байер»!

Вундеркиндлар: Трансферга тайёрланавер, «Байер»!

  09.11.2021 08:48
  0
  364
Вундеркиндлар: Трансферга тайёрланавер, «Байер»!

Флориан Вирц катта футболга шиддат билан кириб келди, бир йил аввал уни бутун Германия таниган бўлса, кўп ўтмай бошқа мамлакатларда ҳам у ҳақда гапира бошлашди. Бу вундеркинд билан газетамизнинг йил бошида чоп этилган сонларидан бирида таништириб ўтгандик. Яқинда хориждаги ҳамкасбларимиз «Байер»нинг 18 ёшли ярим ҳимоячиси ўйинини таҳлил қилишди.

Юксак савияли футболчини ва шунчаки яхши футболчидан ажратиб турадиган жиҳат - барқарорлик. Бир йил аввал Вирц эндигина 17 ёшга тўлганди, ундан узоқ масофада ёрқин, самарали ўйин кўрсатиш талаб этиларди. Ҳозир, 2021 йилнинг ноябрида бемалол айтиш мумкин - навқирон немис бу вазифани тўлиқ уддаламоқда. Жорий мавсум у «Байер» етакчиси, Европа топ-5 лигаларидаги энг сермаҳсул ярим ҳимоячилардан бири. Вирцнинг Golden Boy-2021 совринига номзодлар йигирмалигига киргани бежиз эмас.

 

Сермаҳсуллик, статистика, рейтинглар

Бундеслига жорий мавсумининг дастлабки 8та туридан ке­йинги ҳисоб-китобларга эътибор қаратинг. Вирц шу давр мобайнида «гол+пас» тизимида 4+6 балл жамғарди. Флориан бошқа турнирларда ҳам фаолликни йўқотмаяпти: Европа Лигаси доирасидаги иккита учрашувда 1+1, Германия термаси таркибидаги тўртта ўйинда 2та ассист. Сентябрь якунларига кўра, қаҳрамонимиз Бундеслигада «Ой футболчиси» номига лойиқ деб топилди.

Шунингдек, бу йигитча Европада ҳал қилувчи узатмалар сони бўйича ҳам етакчилар сафида - 90 дақиқа мобайнида ўртача ҳисобда дарвоза томон йўлланган зарбалар билан якунланувчи узатмалар бериш борасида унга етадигани йўқ, ҳозирча.

Яқинда «Байер»нинг собиқ ярим ҳимоячиси, ўз вақтида «ўнлик» позициясида муваффақиятли тўп сурган афсонавий бразилиялик Зе Роберто Вирц шаънига илиқ фикрлар билдирди: «Унинг жорий мавсумдаги иштироки ёрқин таассурот қолдирмоқда. Флориан бугунги кунда Германия футболидаги асосий иқтидорлардан бири эканлигини исботламоқда. Вирц нимадир ўхшамай қолса, ташвишланмайди. Унда муҳим бир хусусият бор - ички туйғуларига ишонган ҳолда, уринишларини давом эттиради, бу эса келгусидаги муваффақиятларга эришишда жуда аҳамиятли. Шундай экан, бу футболчи Германия термасининг бир қисмига айлангани мантиқан тўғри».

Мавсумнинг эндигина чорак қисми ортда қолди, Вирц эса ўтган мавсумдаги сермаҳсулликни деярли такрорлашга улгурди. Флориандаги темп - чиндан ҳам ҳайратланарли. Ҳар жиҳатдан ўсишга эришмоқда.

6-тур доирасидаги «Майнц»га қарши баҳсда Вирц навбатдаги рекордни янгилади: Бундеслигадаги голлари сонини 10тага етказиб, буни энг эрта (18 ёш 4 ой 23 кунлигида) амалга оширган футболчига айланди. Бунгача мазкур кўрсаткич бўйича етакчилик Лукас Подольскига тегишли эди. Нега энди Вирцнинг бу рекордини «навбатдаги» дедик? Чунки у дастлабкисини 2020 йилнинг майида янгилаб улгурганди - ўшанда Фло 17 ёшу 15 кунлигида «Вердер» билан ўйиндаги дебютини нишонлаган, шу тариқа «Байер» таркибида майдонга тушган энг ёш футболчи номига сазовор бўлганди. Бундеслигада эса бу учинчи кўрсаткич ҳисобланади.

 

Жамоадаги роли

Ёзда «Байер» бошқаруви швейцариялик мураббий Херардо Сеоане қўлига ўтди. У келгач, Леверкузен жамоаси ўйини сезиларли ўзгарди. Биринчи навбатда, бу тўп назорати билан боғлиқ. Эндиликда «доришунослар» ҳужумлари янада тезкор кўриниш олмоқда. Қарши ҳужумлар эса очиқ ҳудудлардаги ўйин ҳамда алоҳида футболчиларнинг тезкорлиги эвазига ташкил этилмоқда. Позицион ҳужумларга эса камроқ эътибор қаратилмоқда.

Бундай шароит Флориан учун имкониятларини ишга солиш учун айни муддао бўлди. 4-2-3-1 схемасида у ҳужумкор ярим ҳимоячи, классик «ўнлик» вазифасини бажаради, камдан-кам ҳолларда қанотларга ўтади, тўпни асосан марказий ҳудудда эгаллайди.

Вирц нафақат позицион ҳужумлар пайти, балки учинчи фаза - якуний паллада ҳам муҳим фигура. Ҳимоядан ҳужумга ўтаётганда жисмоний сифатлари эвазига ҳал қилувчи роллардан бирин ўйнайди. Вирц ҳимоявий ҳаракатларда ҳам дуруст. Прессинг пайти ҳужумчи билан бирга биринчи чизиқдаги жуфтликни ташкил этади, баъзида эса қанотда мудофаа блокининг бир қисмига айланади. Шунингдек, Флориан бурчак зарбаларини ижро этувчилардан бири ҳисобланади.

Вирц кийиниш хонасида ҳам муҳим кишига айланмоқда. «Байер» сардори Лукаш Градецки бу борада шундай дейди: «У ажойиб футболчи. Энди у майдонда қанчалик ажойиб ўйин кўрсатса, кийиниш хонасида ҳам шундай ўринга эга бўлиши лозим. Флориан ўз устида тинимсиз ишлайди, вазифаларини аъло даражада уддалайди».

 

Ўйин услуби

Вирцнинг муҳим жиҳатларидан бири - бўш ҳудудларни топиб, ақлли ҳаракатлар билан очилиш. Уни Кай Хаверцга қиёслашлари бежиз эмас, чиндан ҳам, бу иқтидор соҳиблари футбол интеллекти, тўпсиз ҳаракат, жой ва вақт танлаш борасида бир-бирига ўхшайди. Флориан айнан шу сифатлари эвазига ўзи ҳам гол уради, шерикларини ҳам қулай вазиятларга чиқаради.

Вирц тезкорлик бобидаги сифатлари билан яқинда АПЛни забт этиш учун кетган собиқ «доришунос» Хаверцдан ажралиб туради. Айни пайт «Байер»нинг «ўнлик» позициясида тўп сураётган футболчида дастлабки тезланиш ҳам, узоқ масофадаги тезлик ҳам нисбатан яхшироқ. У турган жойидан тез қўзғалади, спринтлар пайти кўпинча рақибларини ортда қолдиради. Фло тўп билан ҳам яхшигина тезлик олади. Юқорида ҳимоядан ҳужумга ўтишдаги фойдали жиҳатлар ҳақида гапирганда, қаҳрамонимизнинг айнан шу хусусиятларини назарда тутгандик. Вирц - қарши ҳужумларда қудратли қурол.

Ва албатта, яққол кўзга ташланадиган жиҳатлардан бири - Вирцнинг узатмалари. Пасларни ижро этиш техникаси - юқори даражада. Сифат, вақтни чамалаш, ақлли ҳаракат - буларнинг бари фақат аъло баҳоларга лойиқ. Флорианнинг самарали узатмалари сони кўплигини шу билан изоҳлаш мумкин.

Эътиборлиси, Вирц Бундеслига жорий мавсумидаги 6та ассистдан 5тасини бир шериги - Патрик Шикнинг голларида амалга оширган. Ажойиб жуфтлик.

 

Энди нима бўлади?

Албатта, «Байер»дагилар бундай бриллиантни сақлаб қолиш осон эмаслиги, деярли имконсизлигини яхши тушунишади. Катта эҳтимол, Вирцни ҳам футбол оламида Кай Хаверцникига ўхшаш қисмат кутмоқда. Бу бир мисол, холос. Ҳозир йигитчанинг айни кучга тўлган пайти. «Доришунослар» ҳар доим ўз таркибларида ёрқин ярим ҳимоячиларга эга бўлишган, вақти келиб, барчасини кучлироқ жамоаларга кузатиб қўйишган. Буни клуб раҳбарияти ҳам яхши тушуниб турибди.

«Бизнинг клуб вақти-вақти билан футболчиларни сотишга мажбур бўлади, Кай Хаверцни йирик суммага пуллаганимиз бунга яққол мисол. Лекин Флориан билан яқин 1-2 йил ичида бундай бўлмайди», - дейди «Байер» ижрочи директори Руди Феллер.

Германия ОАВда қайд этилишича, «доришунослар» асосий футболчиларидан бири билан жентельменлик келишувига эгалар: ҳам футболчи, ҳам клуб манфаатларига мос келадиган ҳар қандай таклиф қабул қилиниши мумкин. Лекин «Байер» чиндан ҳам, бу трансфер 2023 йилгача амалга ошмаслигидан жуда умидвор.

Ўз навбатида, матбуотда Вирцни жорий мавсум якунланганидан кейиноқ ўз таркибига қўшиб олишга тайёр клублар ҳақида хабарлар тарқалмоқда. Улар орасида «Бавария», «Манчестер Сити», «Манчестер Юнайтед», «Челси» ва «Реал» каби жамоалар бор. Чаккимас. Умуман, бунга ҳайрон қолмаса ҳам бўлаверади - шундай ёрқин, ҳар тарафлама иқтидорли футболчи - обрўли «овчилар» учун тайёр «ўлжа».

Вирцнинг ривожланиш жараёни футболчилар нархига масъул бўлган бош портал эътиборидан четда қолмади. Transfermarkt сайтининг кузги янгиланишларидан кейин маълум бўлдики, 18 ёшли ижрочининг баҳосига +20 белгиси қўйилди ва эндиликда Флорианнинг нархи - 65 млн. евро. Бу каби «плюс» бўйича фақат Гави ҳамда Жек Грилиш қаҳрамонимизни ортда қолдиришди - мос равишда +25 ва +35 млн.

Вирц 18 ёшида Германия чемпионати етакчиларидан бирининг асосий ижрочиларидан бирига айланди. Ҳайратланарли! Бир ярим йил ичида 55та ўйинда 15та гол ва 13та самарали узатма - ушбу рақамлар Флорианнинг «Байер» учун нечоғли аҳамиятли эканлигини исботловчи далилларнинг бир қисми, холос. Футболчининг жамоаси муваффақиятларига қўшаётган улуши янада кўпроқ.

Ў.УМАРОВ тайёрлади


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz