Қайднома

Қидирув

Таҳлил: Мураккаб механизмли «Марсель»

Таҳлил: Мураккаб механизмли «Марсель»

  01.12.2021 03:30
  0
  237
Таҳлил: Мураккаб механизмли «Марсель»

Хорхе Сампаоли бошчилигидаги Марселнинг «Олимпик» клуби - тактика нуқтаи назаридан Европа футболидаги энг қизиқарли жамоалардан бири. Ўйин услубидаги мураккаблик ва ўзгачалик билан бошқалардан ажралиб турибди. Қуида француз клубининг сўнгги йиллардаги ривожланиш йўли ҳақида таҳлилий материал тайёрлади.

МУРАББИЙ

«Футболчиларга тўпни севишни сингдирмоқчиман, аммо айрим ўйинчиларнинг етарли техник салоҳиятга эга эмасликлари сабаб «Марсель» баъзан тўпни назорат қила олмайдиган ҳолатга келади. Бу ташвишланарли, аммо ишлашда давом этамиз», - бу Сампаолининг апрелда айтган гаплари.

Ўтган мавсум Лига 1 турнир жадвалида 9-ўринда бораётган жамоани қабул қилиб олган мутахассис уни 5-поғонага олиб чиқди. Ёзда таркиб Гендузи, Пау Лопес, Жерсон, Ундер, Милик, Салиба, Лирола, Де ла Фуэнте, Луан Перес, Бамба Дьенг, Харит ҳисобига сезиларли кучайтирилди. Шу мақсадда жамоа 60 миллион евро сарфлади. Ягона минус - ушбу рўйхатдаги ўйинчиларнинг беш нафари «ОМ»да ижарада ўйнашмоқда - Гендузи, Салиба, Ундер, Пау Лопес ва Харит. Уларнинг жамоага мослашишидан келиб чиқсак, клуб раҳбарияти дастлабки тўрт футболчи трансферини сотиб олишга интилса керак.

Клубдагилар Сампаолига ишонишади, жорий мавсум старти «Марсел»нинг тўғри йўлда эканлигини кўрсатди. Сампаоли лойиҳаси тез ривожланмоқда ва вақти келиб, жамоа «ПСЖ»га рақобат туғдирадиган даражага етиши мумкин.

Мавсумлар оралиғида «Марсель» таркибидаги сезиларли ўзгаришлар жамоа мураббий ғояларига тезда мослашишига замин яратди. Сампаоли шогирдлари нафақат турли схемаларда ҳаракатлана олишади, балки ҳар бир ўйин давомида уни самарали ўзгартиришади. Турли статистик манбалар мавсум-2021|2022 учун «Марсел»да 6та базавий структурани ҳисоблаб чиқишди. Булар - 4-2-3-1, 3-2-4-1, 3-3-3-1, 3-4-3, 3-4-3 ромб, 3-5-2 (3-5-1-1). Аммо Сампаоли жамоаси ҳозирча ўйин ташкил этишнинг фақат иккита асосий вариантини танлади.

Асосий структура сифатида икки марказий ҳимоячи билан ташкил этиладиган 4-2-3-1 схемасини кўрсатиш мумкин. Футболчилар ўйин давомида жойлашувни 3-2-4-1, 3-3-3-1 ёки 3-3-1-3 кўринишида ўзгартиришлари мумкин. Барчаси вингерлар позициясига боғлиқ. Рақиб ҳужумини бузиш чоғида марселликлар классик 4-4-2 асосида ҳудудий ҳимояга таянишади.

 

КАДРЛАР САЛОҲИЯТИ

Хорхе Сампаоли ихтиёрида икки нафар тажрибали дарвозабон бор - Стив Манданда ҳамда Пау Лопес. Испаниялик асосий посбон саналади. Унинг оёқлари билан яхши ўйнай олиши жамоага «билд-ап» пайти асқотади. Мазкур босқичда уч нафар марказий ҳимоячи ролига француз Вильям Салиба, хорват Дуже Чалета-Цар ва бразилиялик Луан Перес оптимал вариантдир.

Сампаоли ўйин тизимидаги оригинал функция Валентин Ронжье томонидан бажарилади. Франциялик футболчи тўп назорат қилинаётган пайт марказий ярим ҳимоячи позициясида ўйнайди, жамоа позицион ҳимояга ўтаётганда эса ўнг қанот ҳимоячиси позициясини ёпади. Майдон марказига французлар масъул. Асосий таянч чизиғи вакили Бубакар Камара ҳисобланади. Ротация пайти унинг ўрнини Папе Гуйе эгаллайди. «Арсенал»дан ижарага олинган Маттео Гендузи ҳам Камара билан жуфтликда ёки якка ҳолда жуда самарали тўп суради. Ёзги энг қиммат харид - Жерсон ҳозирча бошланғич таркибга муқим жойлашиб улгурмади, лекин ҳужумкор ярим ҳимоячи аксарият учрашувларда майдонда кўриниш бермоқда.

34 ёшли Димитри Пайет - «Марсел»нинг асосий юлдузи ва етакчиси. У позицион ва тезкор ҳужумларни бошлайди, турли нуқталардан стандарт вазиятларни ижро этади, ўйин пайти шерикларининг уйғун ҳаракатларини назорат қилади. Сампаоли ушбу шогирдининг индивидуал сифатларидан унумли фойдаланмоқда.

Мураббий вингерлар позициясида катта танловга эга. Оптимал вариант сифатида Женгиз Ундер ва Поль Лиролани кўрсатиш мумкин. Туркиялик кўпинча чапда, испан эса ўнг қанотда ҳаракатланади. Ҳар иккисининг функциялари рақиблар олдиндан тахмин қила олмайдиган даражада кенг. Ушбу позициядаги ротацияга номзодлар сифатида бразилиялик Луис Энрике ҳамда «Барселона» тарбияланувчиси Де ла Фуэнтени кўрсатса бўлади.

Сампаоли жамоасининг асосий форварди - польшалик Аркадиуш Милик. Сенегаллик Бамба Дьенг унинг бош рақобатчиси ҳисобланади.

 

ЎЙИН ТИЗИМИ

Юқорида айтганимиздек, Сампаоли бошчилигидаги «Марсел»нинг базавий структураси 4-2-3-1 схемасига асосланади. Шунда ҳам позицион ҳужумлар, айниқса, рақиб юқори прессинг ишлатган паллада шу тактикадан фойдаланишади. Ўйиннинг мазкур фазасида таянч ёки ҳужумкор ярим ҳимоячилардан бирининг ярим қанотга ўтиши асосий жиҳатлардан биридир. Бу кўпинча Пайет ёки Камара бўлади. Бу бир вертикал зонадаги зичликни ошириш имконини бериб, параллель равишда бошқа зонада бўш ҳудудлар яратади. Агар рақиб ҳимоячиларга интенсив босим уюштирмай, қисқа паслар билан ҳужумни бошлаш имконини берса, кўпинча Салибада ҳужум чизиғи вакиллари томон узун узатма бериш имконияти туғилади.

Статистикага кўра, «Марсель» ҳужумларида кўпроқ ўнг қанот фаолроқ ҳаракат қилади. Ўртача ҳисобда, техник-тактик ҳаракатларнинг 40 фоизи шу зонада амалга оширилади. «Марсель» - тўп назорати (59,6 фоиз) бўйича Лига 1нинг иккинчи жамоаси. Шу кўрсаткич ва узатмалар аниқлиги (88,6 фоиз) бўйича жамоа фақат «ПСЖ»дан ортда бормоқда.

Сампаоли жамоаси кўпинча жарима майдончаси ичига узатма йўллаётганда, дарвозанинг узоқ устунига яқин ҳудудни мўлжалга олади, тўп эркин очилаётган вингерга етказилади. Форвард ушбу ҳудудда ҳимоячиларни ўзи билан узоқроққа эргаштириб кетади. Бундай манзара «Марсел»нинг деярли барча позицион ҳужумлари пайти кузатилади.

Рақиб «Олимпик»ни юқори прессинг билан кутиб олмаган паллада дарвозабон ёрдамида ташкил этиладиган «билд-ап» жарима майдончаси ташқарисигача чиқади. Бу мантиқан тўғри. Рақиб босим уюштирмайди ва тўпни эгаллаб турганлар дастлабки структурани сақлаган ҳолда, олдинга интилиш мумкин. Агар «билд-ап» прессингга йўлиқмаса, «билд-ап» ўрта блокка яқинлашади ва рақибни позицияларни ташлаб чиқишга мажбур қилади.

Португалиялик дарвозабон замонавий футболнинг барча талабларига тўлиқ мос тушади. Ўзаро паслар билан ҳужум бошлашга бажонидил қўшилади, керак паллада либеро функцияларини ҳам бажараверади.

«Ницца» билан ўйинда «Марсель» 5-3-1-1 структураси асосида рақибини ўрта блокда кутиб олди, аммо ўйин охирида Сампаоли жамоаси 5-4-1га ўтди. Пайет чап қанот ярим ҳимоячиси позициясига жойлашди. Бу марселликларнинг муқобил схемасидир. Одатда, «Марсель» классик 4-4-2 блоки билан ҳимояланади. Футболчиларнинг 3-2-4-1 схемасидан 4-4-2 структурасига ўтишлари Ронжьенинг ўнг қанот ҳимоячиси вазифасига ўтиши, Ундер ва Лиролнинг эса хавбеклар чизиғига жойлашишлари эвазига амалга ошади.

Сампаоли жамоанинг энергетик ресурсларидан самарали фойдаланишга интилади. «Марсель» вақти-вақти билан интенсив прессингга эътибор қаратади, лекин босим уюштириш пайти куч тежашни ҳам унутмайди. Бу жамоа эндигина шаклланиш жараёнида. Ҳудудий принципларга қарамай, «Марсель» шу босқичнинг ўзида фаол тарзда босим қилмоқда.

Ортга ва ён чизиқларга йўлланадиган узатмалар прессинг учун импульс вазифасини ўтайди. Бир қарасангиз, Сампаоли ўз кўрсатмалари билан босимни оширишни фаоллаштиради, яна бир вазиятда эса тузоқ автоматик тарз­да иш беради.

«Марсел»нинг мақсадлари улкан. Бу лойиҳа «ПСЖ»га муносиб рақобат туғдириши керак. Сампаолининг раҳбарият белгилаган вазифаларни бажара олиш-олмаслигини вақт кўрсатади. Аммо ҳозирнинг ўзида шуни ишонч билан айтиш мумкинки, жамоанинг барча етакчи ва янги футболчилари ушбу мутахассис қўл остида фақат энг яхши жиҳатларини намоён этишмоқда. Коллектив мураббийнинг ноординар ғояларини ўзига сингдира олмоқда. Натижада жамоанинг интеграл даражаси ҳам шунга яраша босқичма-босқич ошиб боряпти.

«ОЛИМПИК МАРСЕЛЬ»

Бош мураббий: Хорхе Сампаоли (Аргентина)

Ўртача ёш: 23,9

Миллий терма футболчилари: 9 нафар

Жамоанинг бозор нархи: 250,30 млн. евро

Ў.УМАРОВ тайёрлади


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz