Қайднома

Қидирув

Можаро: Жаҳон чемпиони айбловлар гирдобида

Можаро: Жаҳон чемпиони айбловлар гирдобида

  01.12.2021 07:17
  0
  281
Можаро: Жаҳон чемпиони айбловлар гирдобида

Яқинда «Манчестер Сити» клуби ҳамда Франция терма жамоаси ҳимоячиси Бенжамен Мендига нисбатан қўзғатилган жиноий ишлар сони янада ошди. Энди у икки марта номусга тажовуз қилганликда айбланмоқда. Август ойида футболчини тўрт марта тажовуз ва бир марта шилқимлик қилганликда айблашганди.

Мазкур жиноий ишга оид муҳим жиҳатлар қуйидагича:

** Футболчидан жабрланганлар (4 нафар 16 ёшдан катта аёллар) Менди уларга Чешир графлигидаги уйида тажовуз қилганлигини баён этдилар. Жиноят 2020 йил октябри билан 2021 йил августи оралиғида содир этилган;

** Мендининг шериги бўлган 40 ёшли Луи Саа Маттури ҳам шу бандлар бўйича айбланмоқда;

** Ҳукм 2022 йилнинг 24 январида эълон қилиниши керак эди, лекин янги айбловлар пайдо бўлгани сабабли, суд муддатни кечиктириши мумкин;

** Ўтган ойда судья учинчи марта Мендининг гаров эвазига озодликка чиқиш илтимосини рад этди - далилларнинг жиддийлиги туфайли шундай қарор қабул қилинди.

Ҳозир Бенжамен Ливерпулдаги HMP Altcourse қамоқхонасида. Футболчи ўзига билдирилган айбномаларни қатъиян рад этмоқда.

 

Жамоадошлари кўрсатма беришди

Судда Бенжамен Менди ва Луи Саа Маттурини Лондондаги Hickman~Rose адвокатлар маҳкамаси вакили Женни Уилшир ҳимоя қилмоқда. Гаров эвазига озодликка чиқариш таклифи қабул қилинмаганидан кейин, у изоҳ беришдан бош тортди. Daily Mail маълумотига кўра, айбланувчилар ҳам ўзларини камгап тутишди - атиги бир-икки оғиз гапиришди, холос.

Жараён ёпиқ бўлгани боис, қандайдир тафсилотларга эга бўлиш жуда қийин. Манбаларда чоп этилаётган хабарларнинг ишончлилик даражаси турлича. Масалан, The Sun Мендини зўравонлар турадиган VIP блокига ўтказилгани ҳақида хабар берганди. Аввалига Бенжамен жуда хурсанд бўлганди - у судга қадар VIP-маҳбуслар ётоғида бўламан, деб ўйлаганди. Натижада асабий ҳолатга тушиб қолди.

The Telegraph маълумотига кўра, суд Мендининг «Манчестер Сити»даги жамоадошлари - Жек Грилиш ва Риёд Маҳрезни сўроқ қилган. Улар французнинг уйида биргаликда дам олишган, кейин тунги клубга йўл олишган. Бироқ Бенжамен уйга ёлғиз қайтган.

Айбловчининг Мендига туҳмат қилишган, деган тўхтамга келиши учун далил йўқ. Қолаверса, футболчи бир неча марта можароларга аралашиб қолиб, ўз обрўсига путур етказиб қўйган. Масалан, бир йил муқаддам у ҳайдовчилик гувоҳномаси йўқлиги ва хавфсизликни таъминлаш қоидасига риоя қилмагани учун 500 минг евролик автомашинаси мусодара қилинганди. Ўшанда Бенжамен жарима билан қутулиб қолганди.

2020 йил аввалида Бенжамен шартли қамоқ жазосини ўзига-ўзи топиб олди: локдаун даврида ўз уйида базми жамшидларни уюштириб, мунтазам равишда карантин қоидаларини бузди. Қўшнилар оқшомдаги тўс-тўполон ва мушакбозликлардан безор бўлиб, шикоят қила бошладилар: «Унинг файершоуси Лондондагидан ҳам кучлироқ эди».

 

Мендига оид нарсалар дўкондан четлатилди

Бенжамен устидан дастлабки айбловлар кела бошлаган кунларда «Манчестер Сити» уни таркибдан четлатди ва расман баёнот берди: «Четлатиш тергов тугагунича ўз кучида қолади. Сўроқ ниҳоясига етмагунича, бошқа ҳеч қанақа изоҳ бермаймиз». Айнан шу мазмундаги баёнотни Франция футбол федерацияси ҳам эълон қилди.

Кейинчалик клуб Менди билан алоқадор барча маълумотни интернет-дўкондан олиб ташлади. Агар қидирув сатрига унинг номи ёзилса, сайт талабни унинг уй саҳифасига йўллайди.

Electronic Arts Sports студияси ҳам футболчига қарши санкция қўллаб, FIFA 22 тизимидан унинг карточкасини олиб ташлади. Бироқ уни Ultimate Team қисмидан топиш мумкин. Студия мазкур қарорини расман изоҳламади.

Шаҳвоний ҳирсни қондиришга оид можаро бошланишидан аввал «Сити»дагилар Мендининг трансферини омадсиз харид сифатида қайд этишганди. Ваҳоланки, футболчи 3 йил аввал Франция терма жамоаси билан жаҳон чемпиони унвонига сазовор бўлганди.

** 3 йил ичида Мендининг трансфер қиймати 35 млн. еврога камайди. Уни 2017 йилда ҳимоячи учун рекорд маблағ - 57,7 млн. еврога харид қилишганди.

** Манчестерда Бенжамен 16 марта жароҳат олди, шу сабабли 123та учрашувни ўтказиб юборди ёки 727 кун ишсиз юрди.

** Мураббийлар штаби мунтазам равишда Мендини интизомсизликда, машғулотларга кечикиб келиш ва беписандликда айблаб келди.

** 2018 йилда Гвардиола машғулотга кечикиб келгани учун франциялик шогирдининг таъзирини берди. Менди эса ҳеч нарса бўлмагандек, Поветкин ва Жошуа ўртасидаги жангни томоша қилиш учун Лондонга парвоз қилди.

** Ўтган йил Goal қуйидаги хабарни чоп этганди: Пеп Гвардиола барча шогирдаларини жамлаб, жамоатчилик кўз ўнгида улар учун жон куйдиришини, лекин кийиниш хонасида ҳеч кимни аямаслигини айтди. Дастлабки «сийлов»ни тикланиш муолажасига 3 соат кечикиб келган Бенжамен Менди олди.

Мана шу бизнинг қаҳрамонимиз. Гвардиола бир неча марта у билан тарбиявий мулоқотларни ўтказиб, диққат-эътиборини ижтимоий тармоқлардаги ўйинларга эмас, футболга жалб этиши кераклигини тушунтирди. Бироқ бу самара бермади.

 

Менди 10 йилга қамалиши мумкин

Инглиз қонунчилигининг жинсий жиноятларга оид биринчи бандида номусга тегиш уч қисмга бўлинган. Унда турли ҳолатларни инобатга олган ҳолда, айбланувчига 10 йилдан то умрбод қамоқ жазосигача жазо белгиланиши мумкин.

Бенжамен Менди воқеасида жазони оғирлаштирувчи омил бор - уни бир қатор жинсий тажовузкорликда айбламоқдалар. Қўшимчасига, унинг шериги ҳам бор. Ҳозирча жараён жазо муддати 10 йилдан кўпроқ бўлишидан дарак бермоқда. Маҳаллий матбуотда 15 ва ундан кўпроқ мухлат ҳақида ёзишмоқда. Ҳар қандай ҳолатда ҳам, январь ойи­даги суд қарорини кутиш керак бўлади.

Суриштирув ишлари сифатли олиб борилмоқда - ҳимоячилар қаердандир футболчининг айбдор эмаслигига гувоҳлик берадиган бир эмас, уч нафар аёлни топишди. Улар 22 ёшли Аннабель, 23 ёшли Матильда ва 32 ёшли Давиялардир. Давия матбуот вакиллари билан учрашишга улгурди: «Бенжамен аёлларга нисбатан қўполлик, зулм ва ҳурматсизлик қилганлигини ҳеч қачон кўрган эмасман. Аксинча, у доимо ҳаммага қулайлик ва шинамликни истайди».

Бенжамен фақат Женни Уилширнинг юксак малакасига умид қилиши мумкин. Ҳимоячи эса суд ҳайъатини жиноятни енгиллаштирувчи омилларга - алкоголь ёки наркотик моддалар таъсири, депрессия даври ёки шунга ўхшаш омилларга ишонтиришга уриниб кўради. Шундай енгилликларга эриша олмаса, Менди узоқ муддатга озодликдан маҳрум этилиши мумкин.

С.РАҲМОНОВ тайёрлади


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz