Қайднома

Қидирув

Евротур: Франция интригага муҳтож ва...

Евротур: Франция интригага муҳтож ва...

  02.12.2021 03:00
  0
  201
Евротур: Франция интригага муҳтож ва...

Кучли бешлик чемпионатларидаги томошабоп спектакллар ўзгача руҳда давом этмоқда. Ўтган ҳафта АПЛда мухлисларга қорли ўйинларни тақдим этган бўлса, Испания ва Германияда етакчилар навбатдаги ғалабаларни қўлга киритишди. Италияда «Наполи» бош мақсад сари дадил одимламоқда, Франция чемпионатида эса «ПСЖ»нинг яққол устунлиги кўзга ташланмоқда. Эътиборингиз марказида - ўтган «уик-энд»да содир бўлган воқеалар тафсилоти.


Англия. Бўронга  бурканган тур

АПЛнинг 13-тури айрим ҳудудларда кучли қор бўрони остида ўтди. «Терф Мур» стадиони хизматчилари майдонни тозалашга улгурмаганликлари боис, «Бёрнли» - «Тоттенхэм» учрашуви номаълум муддатга кечиктирилди. «Манчестер Сити» - «Вест Хэм» қарама-қаршилиги ҳам ёғингарчилик шароитида ўтди. Шу ўринда «Этиҳад» ишчи-хизматчиларининг чаққонлиги таҳсинга сазовор - одатдагидан сал узоқроқ вақтга чўзилган танаффусда улар қор қоплаган майдонни талаб даражасига келтиришди. Натижада майдон эгаларининг кичик устунлигидаги баҳс давом этди. Таъкидлаш жоизки, бутун учрашув давомида ташаббус мезбонлар томонида бўлди. Меҳмонлар эса асосан, ҳимояланишди ва мағлубиятдан қутулиб қолиш учун қулай фурсатни кутишди. Лекин асосий вақтнинг сўнгги дақиқасига қадар мухлислар гол кўришмади. Қизиғи, қалтис ҳисобни сақлаб қолиш учун Стерлинг ўрнини эгаллаган Фернандиньо олис масофадан йўллаган кучли зарбаси билан ғалабани нақд қилиб қўя қолди. Бундан ҳам қизиқроғи, Бенрахма ўрнида курашни давом эттирган Лансини нафақат тур, балки мавсумнинг энг чиройли мақомидаги аниқ зарбаси билан баҳсдаги сўнг-ги нуқтани қўйди.

Лестердаги баҳсда Брендан Рожерс шогирдлари сермаҳсул ўйин кўрсатиб, аввалги турдаги мағлубият учун мухлисларидан узр сўрадилар. Анчадан бери гол урмай қўйган Варди «дубл»га эришди. «МЮ»ни йирик ҳисобда маҳв этган «Уотфорд» бу турда мағлубиятини тан олди. «Энфилд»да «Ливерпул»нинг 4та голига жавоб қайтара олмаган «Арсенал» «Эмирейтс»да «Ньюкасл»ни 2 марта ўз дарвозасидан тўп олиб чиқишга мажбур этди ва очколар бўйича «Вест Хэм»га етиб олди. Юрген Клопп шогирдлари эса бу гал «Саутгемптон» дарвозасини 4 марта забт этишди ва сермаҳсуллик бобида янада илгарилаб кетишди.

Турнинг эътиборли воқеаларидан бири сифатида «Астон Вилла»нинг Лондонда «Кристал Пэлас»дан устун келганлигини эътироф этиш мумкин. Стивен Жеррардга бирмингемликлар 2-ғалабани тортиқ этишди. Турнинг марказий учрашувида «Челси» «Стэмфорд Бриж» мухлисларига навбатдаги ғалабани тортиқ эта олмади. Боиси, нафақат ишончли ҳимояланган, балки танаффусдан ке-йин ҳисобни очишга ҳам муваффақ бўлган «МЮ» имкон бермади - 1:1.


Испания. «Реал»узоқлашмоқда

Ла Лиганинг 15-турида шов-шувли натижалар қайд этилмади. Яъни, жадвалда юқорироқ ўринларни банд этганлар қуйи поғоналардаги рақибларидан қимматли очколарни тортиб олишди. Тўғри, битим имзолаш билан якунланган 4 беллашув ва «Эспаньол» - «Реал Сосьедад» қарама-қаршилиги бундан мустасно, албатта. «Фаворитлар кушандаси» сифатида эътироф этилаётган «Эспаньол» ўз майдонида узоқ вақт давомида етакчилик қилган рақибини кичик ҳисобда маҳв этди.

Пешқадамнинг 3 очкодан маҳрум бўлгани Мадрид грандлари учун айни муддао бўлди. Турнинг марказий учрашувида майдонга тушган «Реал» ва «Севилья» танаффусга 1:1 ҳисоби билан йўл олишди. Навбатдаги 3 очко тақдири сўнгги дақиқаларда ҳал бўлди - Винисиус Жуниорнинг аниқ зарбаси эвазига зафар қучган «қироллик клуби» басклардан ҳам, андалусияликлардан ҳам узоқлашиб олди.

Амалдаги чемпион эса Кадис сафаридан йирик ғалаба билан қайтди. 56-дақиқага қадар ҳисобни оча олмаган «матрасчилар» кейинги ярим соат ичида рақибларини 4 марта тўпни майдон марказидан ўйинга киритишга мажбур этишди.

Андалусиянинг яна бир вакили - «Бетис» аутсайдер «Леванте»ни қабул қилиб, аввалига рақибидан тезкор гол қабул қилиб олди. Лекин 2-бўлимда 3та гол билан жавоб қайтариб, етакчи квартетга қўшни бўлиб олди. Муроса кўчасига кириб қолган «Атлетик» бу сафар «Гранада» билан тинчлик битимига имзо чекди. «Валенсия» «Месталья»да «Райо Вальекано»ни енга олмади. Шунингдек, «Осасуна» ҳам ўз майдонида «қора» гуруҳдан чиқиш учун бор имкониятини сарфлаётган «Эльче»ни енголмади.

Ниҳоят, «Вильярреал» майдонига сафар қилган «Барселона» навбатдаги 3 очкони ўз ҳисобига ёзиб қўйди. Аввалги турда дебютини «Эспаньол» устидан ғалаба қозониш билан бошлаган Хави хурсандчилигини яширмаганди. Бу гал унинг шогирдлари рақиб майдонида 2 тўп фарқи билан зафар қучишди.

Германия. Кимгадир ички чемпионат, кимгадир еврокубок

«РБ Лейпциг» «Байер»га ўз майдонида имкониятни бой берди. Дортмунднинг «Боруссия»си ЕЧЛдаги бор аламини ички чемпионатда «Вольфсбург»дан олди ва Эрлинг Холанднинг сафга қайтгани муносиб нишонланди. Қитъанинг энг нуфузли турнирида Киевдан ғалаба билан қайтиб, «плей-офф»га йўл олган «Бавария» эса «Альянц-Арена»да «Арминия»ни бир амаллаб мағлубиятга учратди. «Айнтрахт» «Унион»ни маҳв этиб, етакчи олтиликка яқинлашиб олди.

Барчага очколар улашишдан чарчамаётган «Гройтер-Фюрт» майдонида ўта йирик ҳисобдаги ғалабани расмийлаштирган «Хоффенхайм» 5 поғона кўтарилиб, еврокубоклар ҳудудидан жой олди.


Италия. «Наполи» - якка пешқадам

Ҳисобот турининг охирги беллашувида «Лацио» билан куч синашган «Наполи» римликлар дарвозасини 4 марта ишғол этиб, яққол етакчи бўлиб олди. Ярим соатга етмаган вақт ичида 3та гол урган Лучано Спаллетти шогирдлари танаффусдан кейин фарқни янада оширишди. Натижада римликлар еврокубоклар ҳудудини тарк этишди.

Пешқадам билан тенгма-тенг келаётган «Милан» «Сан-Сиро»да «Сассуоло»га имкониятни бой берди. Венецияда дебютантга қарши майдонга тушган «Интер» эса сафардаги 3 очко эвазига «Милан»га яқинлашиб олди.

Қўшҳокимликка барҳам берган «Сассуоло» кейинги турда «Наполи»ни қабул қилади. Нима деб ўйлайсиз, грандлар кушандаси ўз «айби»ни юва олармикан? Бунинг учун у «Наполи»ни, «Милан» эса «Женоа»ни енгиши талаб этилади. Дарвоқе, «Удинезе» билан дурангга имзо чеккан Шомуродовнинг собиқ жамоаси Андрей Шевченкога дастлабки очкони ҳадя этди.

Сўнгги турларни муваффақиятли ўтказаётган «Аталанта» Сапатанинг ягона голи эвазига Туринда «Ювентус»­дан устун келди.


Франция. Собиқ рақиблар энди маслакдош

Лига 1нинг номдор жамоаларидан бўлган ва жорий мавсум сўнгги поғонага тушиб қолган «Сент-Этьен» «ПСЖ» билан тенгма-тенг ўйнашга уриниб кўрди, ҳатто ҳисобни очди. Лекин ўйин тугашига саноқли дақиқалар қолганида ўтказиб юборган 2 тўп туфайли очкодан маҳрум бўлди. Қизиғи, гранднинг фаоллиги билан бошланган баҳсда меҳмонлар бир нечта хавфли ҳужумлар уюштириб, ҳатто гол ҳам уришди. Бироқ у офсайд туфайли инобатга олинмади. Майдон эгалари Буанганинг аниқ зарбаси эвазига ҳисобни очишганди. Маркиньоснинг голи мувозанатни тиклаган бўлса, сўнгги дақиқалардаги 2та гол етакчига 3 очкони тақдим этди. Яна бир муҳим факт: жорий мавсум илк марта Серхио Рамос ва Лионель Месси пойтахт клуби либосида майдонга тушишди.

«Ницца» ўз майдонида «Мец»га имкониятни бой бериши ва «Ренн»га ўз ўрнини бўшатиши натижасида «ПСЖ» билан асосий таъ-қибчи ўртасидаги фарқ 12 очкога етди.  «Ренн» сафарда «Лорьян»ни таслим этди.

А.АҲМЕДОВ тайёрлади


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz