Қайднома

Қидирув

Футбол атрофида: Хот-догга муҳаббат учун диплом!

Футбол атрофида: Хот-догга муҳаббат учун диплом!

  03.12.2021 05:00
  0
  216
Футбол атрофида: Хот-догга муҳаббат учун диплом!

Футболдаги йил воқеаси: Швеция миллий жамоаси бош мураббийи Янне Андерссон хот-догга нисбатан алоҳида муҳаббати ортидан махсус диплом олди. Бу ҳазил эмас, швед мутахассиси ушбу егулик рецептини жуда яхши билади. Асосийси, у деярли барча стадионларда хот-дог мазасини татиб кўрган. Хальмстад аҳолиси Андерссоннинг бу «заиф»лигини яхши билади. Зеро, у шу шаҳарда туғилган ва узоқ йиллар «Хальмстад»ни бошқарган.

Энди мураббийнинг хот-догга муҳаббати миллий миқёсда эътироф этилди. Колбаса академиясининг 30 йиллиги муносабати билан Швецияда бу маҳсулотни оммалаштиришга катта ҳисса қўшган фуқаролар учун махсус мукофот таъсис этилди. Жумладан, Андерссон «Хот-догга абадий муҳаббати ва сосискаларни маҳорат билан реклама қилгани учун» дипломи билан тақдирланди. Швеция миллий жамоаси бош мураббийи энди тантанали маросимда рассом Кьелл Энгман томонидан яратилган эсдалик совғасини ҳам олади - темир санчқи устида шиша колбаса. Хот-догнинг футболдаги асосий элчиси учун муносиб мукофот.

Мураббийнинг ўзи барчасидан хурсанд: «Ажойиб. Роса таъсирландим! Йиллар давомида қанча сосиска тановул қилганимни ҳисобга олсак, чиндан ҳам, муносиб элчиман. Лекин бунинг учун мукофот олишни кутмагандим. Швеция­даги сон-саноқсиз стадионларда бўлганман ва ҳамма жойда аввало, хот-дог қидираман. Дейлик, қайсидир ўйинни кўргани борсам, ярим соат аввал хот-дог харид қиламан. Учрашув бошланиши арафасида яна битта оламан! Шундан кейингина ўйин бошланиши мумкин». Умуман, мураббий ҳаттоки, матбуот анжуманларида ҳам хот-догни қўлидан қўймайди.

Андерссонни яхши биладиган Швеция терма жамоаси бош ошпази Матс Брострем Россия-2018 мундиалига алоҳида тайёргарлик кўрганини айтганди: «Ҳа, бу ерга нон ва Бостон бодрингларини олиб келдик, лекин сосиска эмас. Чунки Россияда сифатли сосиска борлигини яхши билардик». Мураббий ЖЧ давомида ўз одатига қарши бормади - кийиниш хонасида ҳам хот-дог тановул қилди ва шведлар Жанубий Корея термасини енгишди. Жамоаси чорак финалда мағлубиятга учрагач, Янне буни ҳам хот-дог билан боғлади: «Афтидан, менга ёмон қовурилган сосиска беришган...».

Андерссоннинг хот-дог ҳаҚидаги интервьюси (2009 йил)

- Айтишларича, сиз жамоа бошлиғи Андерс Смит билан Швециянинг барча стадионларида хот-дог татиб кўрган экансиз...

- Ҳа, одатда футболчилар чигалёзди машқларини бажаришаётганларида, 1-2тадан хот-догни паққос туширамиз, ҳар бир аренада шундай қиламиз.

- Энг сифатли нонли сосиска...?

- Намлиги меъёрида, гўшти эса кўпроқ бўлиши керак.

- Қалампир, кетчуп, қовурилган пиёз...?

- Фақат қалампир ва кетчуп.

- Энг яхши хот-дог қаерда?

- «Седерстадион» (2013 йилгача бу аренада Стокгольмнинг «Хаммарбю» клуби ўйнаган) кўп йиллар давомида етакчиликни қўлдан бермаяпти. «Эрьянс Валл» («Хальмстад» аренаси)да ҳам сифат чакки эмас.

- Энг ёмони?

- Йўқ, бировни муҳокама қилишни истамайман.

- Ҳозир нимани кўпроқ маъқул кўрасиз?

- Нон билан яхши сосискани...


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz