Қайднома

Қидирув

Златан Ибрагимович: «Гап шартномалар ёки ном чиқаришда эмас...»

Златан Ибрагимович: «Гап шартномалар ёки ном чиқаришда эмас...»

  03.12.2021 07:07
  0
  310
Златан Ибрагимович: «Гап шартномалар ёки ном чиқаришда эмас...»

The Guardian журналисти швеция­лик мағрур ҳужумчи Златан Ибрагимович билан майдонда «узоқ умр кўриш» сири ва келажак режалари ҳақида суҳбатлашиш мақсадида Миланга йўл олди ва мақсадига эришди. «Аслида менга осон эмас. Ҳар куни эрталаб бутун вужудимда оғриқ ҳис қилган ҳолда, уйғонаман», - дея суҳбатга киришди Ибра Миланеллодаги базада. Қудратли ҳужумчи «Милан»нинг машҳур машғулотлар марказида мағрур қадам ташлайди. 40 ёшда ҳам юқори савияда ўйнаш нимани анг­латишини унинг юришидан осонгина тушуниш мумкин.

Ибрагимович «Милан»нинг ёш футболчиларини илҳомлантириш баробарида энг юқори савияда ўйнашда давом этиб, барчада ҳайрат уйғотмоқда:

- Бугун эрталаб бутун вужудим оғриди, аммо мақсад бор экан, адреналин топилади. Ишни сифатли бажараётганимни биламан. Лекин юқори даражада қолиш учун ҳар куни кўп тер тўкишим керак. Футболда имкон қадар узоқроққа бормоқчиман. Ҳозир тўхташни ўйлаётганим йўқ. Бинобарин, бир неча йилдан кейин «Ўшанда давом этишим мумкин эди, чунки кучим борлигини сезиб тургандим» қабилида афсусланишни истамайман. Эҳтимол, ўзимни бутунлай чарчатмаслигим яхшироқдир, муҳими, ҳозирча қўлимдан иш келади - бунга шубҳам йўқ.

Златан 2019 йилнинг декабрь ойида «Милан»га қайтди. У бунга қадар тиззасидаги жиддий жароҳат туфайли «МЮ»дан кетишга мажбур бўлган ва 2 йил «Лос-Анжелес Гэлэкси»да тўп сурганди. Одатда европалик юлдузлар ўз чиқишларини шу зайлда якунлашади. Лекин Ибра бошқача, у «Милан»га янги мақсадлар билан қайтди:

- Гап шартномалар ёки ном чиқаришда эмас, буларга эҳтиё­жим йўқ. Мени тўхтамасликка ундайдиган ягона нарса - адреналин. Ҳар куни эрталаб қандайдир оғриқ сезаман. Сизни пул даволамайди, янги мухлислар ёки барчанинг кучли эътибори ҳам. Фақат ва фақат адреналин ёрдам беради. Мен учун азоб-уқубатлар муаммо эмас, аксинча, бу нонуштага ўхшайди. Аммо кўпчилик азоб-уқубат нималигини теран тушунмайди, чунки ҳозирги замонда ижтимоий тармоқларга эга янги авлод деярли ҳеч нима қилмай, машҳурликка эришиши мумкин. Олдинги авлоддан эса озгина ютуқ йўлида ҳам кўп тер тўкиш талаб этиларди. Шундай меҳнаткаш авлод вакили эканлигим билан фахрланаман.

«Милан» ЧЛда анча қийналмоқда. Ахир рақиблари анойи эмас - «Ливерпуль», «Атлетико» ва «Порту». Аммо эътиборга олиш керак, асосий евротурнирнинг жорий мавсумидаги энг ёш иштирокчи айнан Стефано Пиоли жамоасидир:

- «Милан» ҳаттоки, мен билан ҳам энг ёш жамоа бўлиб турибди. Бунга ақл бовар қилмайди. Йигитлар мени ёшлигимга қайтиришмоқда, ҳаммаси Бенжамин Буттон ҳикоясига ўхшайди. Ишонинг, бу ерда 6 ой шуғуллансангиз, сочларингиз яна қораяди. Жиддий гапирсам, ҳозирги ҳолатимдан фахрланаман, чунки ёш футболчилардаги руҳий кўтарилишни кўриб турибман. Улар меъёридан анча баланд масъулиятни ўз зиммаларига олишмоқда. Мен учун бахт ҳам, адренал ҳам айнан шу. Ахир ёш йигитлар билан тенг югуришга мажбурман. Мана, 20 йилдан буён катта футбол ичидаман, тинмай шуғулланаман. Гоҳида одамлар луқма ташлашади ёки ўзларича ўйлашади: «Йўқ, Ибрагимович энди тўхташи керак». Лекин юрагим бошқача нидо беради: «Сен давом эт, чунки ёш футболчилар ютуқларинг, ишга ёндашувингга қараб, илҳомланишяпти». Демак, аллақачон ҳаммасига эришган бўлсамда, ҳали йўлдан чиқмаслигим керак. Йўқ, ўзимни хароб қилмаяпман, бу шунчаки, ёшларга яхши мисолдир.

Шунчаки, вовуллашдан нарига ўтмайдиган ит эмасман. Бу ерга биринчи ташрифимдаёқ жамоамиз супер эди. Ҳозир эса жуда кўп истеъдодларга эгамиз. «Милан» - Европанинг энг ёш жамоаси, шунга қарамай, ҳамон юқоридамиз. Асосийси, янада қизиқарлироқ лойиҳамиз бор. Суперюлдузлар жамоаси бўлганимизда, табиийки, ҳамма катта натижалар кутарди. Энди умумий ҳолат бошқача - биздан ҳеч нима кутишмайди. Бунда ғалаба икки ҳисса тотли бўлиши муқаррар.

«Қария» Ибрагимовичда ажойиб намуна бор: вақтида ўзига ҳам қаршилик кўрсатган, 1984-2009 йиллар оралиғида «Милан» ҳимоясида ўйнаб, жамоа тимсолига айланган ва 41 ёшида фаолиятини якунлаган Паоло Мальдини. Энди буюк Мальдинининг 20 ёшли ўғли Даниэль «Милан»да Златан билан бирга ўйнамоқда:

- Кичик Мальдини - ёқимтой йигит. Каттаси эса ҳужумчиларни шунчаки, «ўлдириб» қўярди. Уларнинг бир-бирларига ўхшашмагани яхшидир балки. Ҳар ҳолда, нуқул отаси билан солиштириш ўғилга босим юклайди, айниқса, у катта муваффақият ва мартаба қозонган бўлса. Ҳозир Даниэлга қўлдан келганича ёрдам беришга ҳаракат қиляпмиз. Шубҳасиз, истеъдодли йигит, лекин шахсан мен унга отаси ҳақида умуман гапирмайман: «Болакай, ҳеч нимага қарама, шунчаки, ўз ўйинингни кўрсат, кураш, шу аснода Даниэль Мальдинига айланасан». Ғурурланишимга яна бир сабаб - олдин отасига қарши тўп сурган бўлсам, энди ўғли билан ўйнаяпман. Балки келажакда Даниэлнинг ўғли ҳам бордир...

- Ибрагимовичдан Швециядаги оғриқли ўтмиши ҳақида сўраш қийин, у Мальмёда муҳожирларга ажратилган ҳудудда, босниялик қўриқчи ва хорватия­лик фаррош аёл оиласида улғайган:

- Жиноятчилик авж олган ҳудудда ўлғайганим учун ўзимни зўр ҳисобламайман. Бундан уялиш керак. Ҳаммаси инсоннинг ўзига боғлиқ. Ҳаёт кўтарилиш ва пасайишларга тўла. Агар барчаси мукаммал бўлганида, нимани гаплашардик? Инсон хатога мойил, ҳеч ким мукаммал эмас. Ижтимоий тармоқларга 20та сараланган суратни жойлаштирасиз ва идеал кўринасиз. Лекин ҳаётда ундай эмассиз. Ҳайронман, одамлар нега ўзларини идеал инсон сифатида кўрсатишга уринишади? Бу масалада қарашим бошқача: қачонки, ўзлигимни сақлаб қолсам, шунда мукаммалман. Сира адашмаслигимни айтолмайман, муҳими, хатолардан кўп нарса ўрганаман. Оддий бир мисол, яқинда терма жамоа ўйи­нида Сесар Аспиликуэтага атайин зарба бердим. Бу ҳақда гапиришдан уялмайман ҳам, чунки у жамоадошимга нисбатан аҳмоқона хатти-ҳаракатни амалга оширди, камига ўзини мағрур тутди. Бу ҳолат мен учун аҳмоқликдан бошқа нарса эмасди. Шунда бирдан ғазабландим ва ўзимга пичирладим: «Бундай йўл тутиш ярамайди-ку! Агар менга нисбатан шундай қилганидами, қандай жавоб беришни ўзим билардим». Тўғри, унча-мунчаси менга қарши «қилиқ» кўрсатишга журъат этолмайди. Хуллас, ўзимни тўхтатиб туролмадим ва Сесарга зарба бердим, барибир.

Швеция термаси ЖЧ-2022 саралашидан ўрин олган ўша муҳим ўйиннинг 86-дақиқасида гол қўйиб юбориб, гуруҳда пешқадамликни испанларга топширди. Қўшимча вақт якунланаётган паллада эса, Ибрагимович ўз сабоғини берди: бурчакдан тўп оширилаётган вазиятда Аспиликуэтани елкаси билан уриб, уни майдонга қулатди:

 - Сесар ўйиндан кейин нимадир дедими? Нима дея оларди? Эҳтимол, бошқа футболчиларга нимадир айтгандир. Тан оламан, ўша вазиятда нотўғри муносабат билдирдим, аммо агар яна шундай ҳолат такрорланса, худди шундай қиламан. Чунки Златанман ва бу ҳақда гапиришдан ҳам уялмайман.

Хуллас, Ибрагимович Испаниядаги учрашувда сариқ карточка олди ва энди саралаш босқичидан ўрин олган биринчи «плей-офф» ўйинида Швеция термасига ёрдам беролмайди:

- Гап дисквалификацияда эмас. Муҳими - йигитларнинг рақиб устидан кулиш яхши эмаслигини тушунишлари. Жавоб қайтаришга ботинолмайдиганларга ташланиш ярамайди. Марҳамат, ҳеч нарсадан тап тортмайдиган кишига ҳамла қилинг. 20 ёшли нозик йигитларга қарши шундай йўл тутиш осон. Умид қиламанки, Аспиликуэта барчасини тушуниб етди... Буни айтишдан қўрқ­майман. Ҳа, бу аҳмоқона иш эди. Лекин кейинги сафар ҳам худди шундай қилишимга 100 фоиз кафолат бераман. Мен учун мукаммаллик - шу. Ҳар қандай ҳолатда ҳам, Златан бўлиб қолишим шарт. Мақтовларга ўч эмасман, умуман, юриш-туришим борасидаги саволлардан ўзимни йўқотиб қўйманман.

Ибрагимовичнинг «МЮ»даги икки мавсуми қисман муваффақиятли кечди. Футболчи буни унутмайди:

- Ҳа, Англияда вақтни беҳуда  ўтказмадим. Бир нечта соврин ютиб, «МЮ»нинг ақл бовар қилмас клуб эканлигини исботладик. Бугунги «МЮ»? Жамоада ўтмиш ҳақида ҳаддан ортиқ кўп ўйлашади. Клуб сафига қўшилганимда, барчасини дангал айтгандим: «Бу ерга бугунни ўйлаш ва ўз ҳикоямни битиш учун келдим». Агар ўтмиш ҳақида ўйлайверсангиз, тузоққа тушиб қолишингиз аниқ. Аксинча, бугунги кун билан яшаш керак. Агар шундай қилолмасангиз, шифохонага бориб, миянгизни тозалашингиз талаб этилади.

Бугунги АПЛ ўта оммалашган кўп серияли сериал мақомида. Лекин Ибрагимовичнинг хулосасига кўра, баъзи жиҳатлар бўрт­тирилмоқда:

- Жумладан, техник сифатлар ортиқча баҳоланган. Лекин АПЛ­нинг ўзига хос плюслари кўп - тезлик, маром. Сиз дунёнинг энг яхши футболчиси бўлишингиз мумкин, аммо бундай тезликни кўтаролмасангиз, муваффақиятга эришолмайсиз. Испания, Франция ва Италия лигаларида эса техник ҳолат яхшироқ.

Златан Ибрагимович футболсиз келажакдан қўрқмайдими? У бу саволга шунчаки, жилма­йиб жавоб берди:

- Агар келажак ҳақида ўйласам, бор диққатни ҳозирги кунга қаратолмайман. Ҳаммаси ўз вақтида билинади. Carpe diem.

М.ПЎЛАТОВ тайёрлади


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz