Қайднома

Қидирув

Ракурс: Таитидан «меҳмон» иштирокчи

Ракурс: Таитидан «меҳмон» иштирокчи

  03.12.2021 12:00
  0
  175
Ракурс: Таитидан «меҳмон» иштирокчи

Франция кубоги - футбол оламидаги энг интеграциялашган турнир. Мусобақанинг бу йилги энг ноодатий иштирокчиси - «Венюс». Таитининг ушбу жамоаси дебютант эмас, у 2019 йили турнирнинг еттинчи раундидан курашга қўшилган, бироқ уй учрашувида енгилиб, дарҳол четга чиққанди. Бу сафар эса «Венюс»нинг сафарда «Трелиссака»га қарши ўйнашига тўғри келди ва 0:2 ҳисобида ютқазди. Энг муҳим факт: икки клуб стадиони ўртасидаги масофа тахминан 16 минг километрга тенг. Хуллас, таитиликлар Франциянинг Тулуза-Бланьяк аэропортига етиш йўлида деярли бир сутка сарфлашди...

«Венюс» бир неча ой давомида ўйнамаганидан яққол заиф кўринди. Муҳими, бу жамоа учун мавсумдаги асосий ўйин бўлди. «Венюс» футболчилари Франция кубоги доирасидаги ўйинга анча олдин - 1 ноябрь куниёқ етиб келишди. Яъни 2 икки ҳафта олдин. Суратларга қараганда, таитиликлар узоқ парвоздан унча қийналишмаган. Чунончи, Францияга саёҳат кичик клуб учун катта воқелик бўлди. Шунинг учун ҳам, меҳмонлар барчасини имкон қадар батафсил ёритиб боришди. Дейлик, машғулотлар жараёни, жамоавий йиғилишлар, кечки зиёфатлар ва дўкон айланишлар, қўйингги, жамоанинг ҳар бир қадамига боғлиқ таассуротлар «Фейсбук» тармоғига жойлаштириб борилди. Жамоа аслида маҳаллий шароитга кўникиш учун сафарга анча эрта чиққанди. Чунончи, Трелиссака провинциясидаги ҳаво ҳарорати Таитиникидан чамаси 10 даража паст. Қолаверса, вақт тавофути ҳам катта - нақ 11 соат.

«Венюс» Францияда «Тулуза» ва Лига 2 иштирокчиси «Родез»га тегишли базада шуғулланди. Жамоа бу орада 2та ўртоқлик ўйинида ҳам майдонга тушди - «Тулуза» ўринбосарларини 2:0 ҳисобида енгиб, «Родез» билан баҳсда дуранг қайд этди - 2:2. Ноябрда назорат учрашувлари? Гап шундаки, «Венюс» баҳордан буён ўйнамаганди. Чунки Франция Полинезиясида коронавируснинг янги тўлқини кўтарилгани туфайли Таи­ти чемпионати 16 май куниёқ якунига етказилди. Янги мавсум эса 24 ноябрда бошланди ва «Венюс» Франция кубогидаги иштирок туфайли дастлабки турни ўтказиб юборди. Хуллас, Таити клубида амалиёт борасида муаммо бор эди. Лекин унинг таркибида ажо­йиб футболчилар ҳам бор. Дейлик, ҳужумчи Теаонуи Техау 58та учрашувда 101та гол (!) урган. Қолаверса, у Таитининг ҳам футбол, ҳам пляж футболи бўйича терма жамоасида ўйнайди. «Францияда бизга жорий мавсум 13-14та ўйин ўтказишга улгурган жамоа рақиб бўлади, - деганди «Венюс» бош мураббийи Самуэль Гарсия қуръа ташлаш маросимидан ке­йин. - Таитида эса чемпионат ҳали бошланмаган. Шунинг учун маром бўйича қандай ҳолатда эканлигимизни билиб олиш учун 2та ўртоқлик ўйини ташкил этишимиз зарур». Мураббий ўйиндан кейин шогирдлари ҳали спорт формасидан йироқ эканликларини тан олди: «Жамоамга ҳали ҳам ритм етишмаяпти. Ўйнаш керак, энг яхши машғулот - ўйин». «Венюс» ярим ҳимоячиси Терай Бремон эса ўртадаги фарққа эътибор қаратди: «Албатта, бизда Франциядаги каби пул, инфратузилма ва тартиб-интизом, футболчилар йўқ, лекин ишлашимиз керак, барибир».

Тайёргарлик босқичларидан сўнг «Трелиссака»нинг уй аренаси - «Фирмин Дауду» стадионидаги расмий ўйин меҳмонлар учун якуний синов бўлди. Рақиб жамоага келсак, у Франция чемпио­натида тўртинчи ўринда турувчи дивизион - Миллий лига-2нинг «D» гуруҳида 6-поғонада бормоқда. «Венюс» футболчилари ўйиндан олдин мутлақо хотиржам эдилар. Улар охирги машғулотлар жараёнида йога билан ҳам шуғулланишди, кейин меҳмонхонада тактикани роса муҳокама қилишди. Қисқаси, клуб ўйинга «йилнинг энг муҳим воқеа­си» сифатида қаради.

 

Битта мамлакат кубогида жамоа қанақасига 16 минг километр узоқликдаги рақибга қарши ўйнаши мумкин? Таққослаш учун айтсак, Калинин­град ва Владивосток ўртасидаги масофа 10 минг километрга етмайди. Франция кубогидаги ҳолатнинг сабаби - мамлакатнинг улкан мустамлакачилик мероси. 20-аср бошида французлар бу масалада энг юқори чўққига чиқишган. Ўшанда мамлакат Сурия ва Индонезия, Мадагаскар, деярли бутун Шимолий ва Ғарбий Африкадаги ерлар, шунингдек, Жанубий Америка, Кариб денгизи, Ҳинд ва Тинч океанидаги ороллару ҳудудларга эгалик қилган. Фақат 20-асрнинг ўрталарига келиб, Франция колониялари тез суръатда «рўйхат»дан чиқа бошлади. Тўғри, мамлакатда мустамлака ҳудудлардан осонгина воз кечишни исташмади ва фақат мустақиллик учун фаол курашганларни озод қилишди. Хусусан, Жазоир билан урушгача боришди. Хуллас, узоқ-узоқдаги кичик ороллар Франция таркибига кирувчи ҳудудлар сифатида қолди, барибир. 

Мамлакат қонунчилигига кўра эса, денгиз ҳудудлари (Франция Гвианаси, Гваделупа, Мартиника, Ма­йотта ва Реюньон) метрополия минтақалари билан бир хил мақомга эга. Франция Полинезияси, Уоллис ва Футуна, Сен-Мартен, Сен-Бартелеми ҳамда Сен-Пьер ва Микелон эса ярим автоном мақомга эга (уларда бошқа валюта ва бошқарув органи амалда). Янги Каледония ҳам алоҳида мақомга эга - ҳокимият аста-секин мустақил ишлаш тизимига ўтмоқда. Лекин у ерда фуқароларга ҳам Франция, ҳам Янги Каледония паспорти берилади.

 

Футболда вазият янада чалкаш. Хориж ҳудудларига футбол мустақиллиги қандай берилганини ҳеч ким тушунмайди. Баъзилари жамоаси ЖЧга ҳам чиқиши мумкин. ОкФК аъзолари - Таити (Франция Полинезияси) ва Янги Каледония жамоалари Океания кубоги, ЖЧ саралаши, ҳаттоки, Конфедерациялар кубогида ўйнаши мумкин. Франция Гвианаси, Мартиника, Гваделупа ва Сен-Мартин - КОНКАКАФ аъзолари, аммо ФИФАга кирмаган ҳали. Улар КОНКАКАФ миқёсидаги асосий турнир - «Олтин кубок»да ўйнашади (Мартиника ва Гваделупа термалари бу йил Канада, АҚШ ва Коста-Рика жамоаларига қарши майдонга тушди), аммо ЖЧ саралашида қатнашишларига рухсат йўқ. Реюньон - АФКнинг норасмий аъзоси, унинг жамоаси на Африка Миллатлар кубоги ва на ЖЧ саралашида қатнашади. Майотта, Сен-Пьер ва Микелон ҳамда Уоллис ва Футуна ҳеч қайси конфедерацияга кирмайди, уларнинг жамоалари фақат ўртоқлик ўйинлари ўтказиши мумкин. Бир неча йил олдин Корсика ҳам ФИФАга расмий ўйинлар, жумладан, ЖЧ саралашида қатнашиш юзасидан сўров юборганди, аммо Франция бунга қарши чиқди.

Алоҳида айтиш керак, денгиз ҳудудлари футболи метрополия учун қўшимча харажатдир. Таити ва Реюньонда чемпионат йўлга қўйилган, аммо савия яққол паст. Франция футбол федерацияси эса хориж ҳудудлари футболини ривожлантириш учун йилига 3,5 миллион евро ажратади. ФИФА ҳам яқинда ҳиммат кўрсатиб, Гваделупа, Гвиана ва Мартиника футболига 300 минг, Сен-Мартинникига 100 минг евро берди. Кичик ороллардаги асосий муаммо - инфратузилма ва муносиб рақиблар йўқлиги. Шу маънода айтсак, Франция кубоги Таи­ти ва Гваделупа клубларига ўзини кўрсатиш учун ягона имконият.

Плюс жиҳатлар ҳам бор, албатта. Дейлик, денгиз ҳудудларидан чиққан бир қатор футболчилар Франция миллий жамоасига катта ёрдам беришган (беришмоқда): Лилиан Тюрам, Мариус Трезор ва Тома Лемар (Гваделупа), Бернар Лама ва Флоран Малуда (Франция Гвианаси), Димитри Пайе ва Флоран Синама-Понголь (Реюньон), Антуан Комбуаре ва Кристиан Карамбё (Янги Каледония)... Қолаверса, хорижнинг заиф клублари баъзида кубок турнирига ўзгача эҳтирослар бағишлайди. Одатда Майотта, Ре­юньон, Мартиника, Гваделупа ва Гвиана клублари Франция кубоги 7-8-бос­қичларида ўйнайди. Қоидага кўра, 1|64 финалгача профессионал ва ҳаваскор клублар ўзаро тўқнашмайди. Шунингдек, заифларга енгиллик бор: жамоа икки дивизион юқоридаги рақибга тўғри келса, автоматик равишда ўз майдонида ўйнайди.

*** Франция кубоги тарихига қарасак, кишига илҳом бағишлайдиган мисоллар кўп. Мисол учун, ҳаваскорлар клублари 3 марта финалга чиққан. 2000 йили «Кале» сўнгги дақиқадаги гол туфайли «Нант»дан, 2012 йили «Кевийи» қудратли «Лион»дан, 2018 йили эса «Лез-Эрбье» янада қудратли «ПСЖ»дан енгилди.

*** Хориж клубларининг натижалари анча паст. Улар турнирда 1961|1962 йиллар мавсумидан буён қатнашишади. Дастлабки 14 йил давомида «меҳмон» жамоалар ҳар сафар илк раунддаёқ француз клубларига ютқазган. 1974|1975 йиллар мавсумига келиб, «Голден Стар» (Мартиника) «Мелен»­ни 2:1 ҳисобида енгиб, хориж клублари орасида илк марта 1|64 финалга йўл олган. 1988|1989 йиллар мавсумида эса «Ле Жельдар» (Франция Гвианаси) 1|32 финал раунди маррасини забт этди. Мавсум-2019|2020да «Сен-Пьеруаз (Реюньон) ва «Франсискен» (Мартиника) ҳам шу натижани такрорлади.

*** «Венюс» бу йил 7-босқичдаёқ енгилди. Ваҳоланки, жамоа мухлислари финал орзусида эдилар. Улар ҳаттоки, севимли клублари ҳал қилувчи баҳсда «ПСЖ»га рақиб бўлишини башорат қилишганди.

А.АҲМЕДОВ тайёрлади


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz