Қайднома

Қидирув

Шахсан қиролнинг ўзи хизматда...

Шахсан қиролнинг ўзи хизматда...

  04.12.2021 07:37
  0
  329
Шахсан қиролнинг ўзи хизматда...

Диққат қилинг, Нидерландия қиролининг шахсан ўзи «Фейеноорд» мухлисларини Прагага элтиб қўйди. У йўловчи самолёти штурвалини қўлга олиб, Чехияга парвозни амалга оширди. Ваҳоланки, қирол Роттердам жамоаси эмас, «Аякс» мухлиси ҳисобланади.

«Фейеноорд» мухлислари аввалги чоршанба куни Прагага йўл олишди - ЕЛ гуруҳ босқичи 5-тури доирасида маҳаллий «Славия»га қарши ўйин-ни бевосита стадионда кўриш учун. Улар жойлашган самолёт учувчиларидан бири ...Нидерландия қироли Виллем-Александр эди. Қойил-ей! У иккинчи учувчи сифатида самолёт штурвалини қўлга олди. Эътиборли томони, қирол аслида «Аякс»га мухлислик қилади. «Фейеноорд» эса - Амстердам клубининг Эредивизиондаги асосий рақибларидан бири. Қирол шу факт­га қарамай, роттердамлик фанатларга марҳамат кўрсатди. Мухлислар энди Виллем-Александр «Фейеноорд»ни ҳам ёқтириб қолишини таъкидлашмоқда. «Унинг турмуш ўртоғи ҳам бизга бефарқ эмас. Мароқли парвоз учун катта раҳмат, иккинчи учувчи!»- Роттердам клубининг «Твиттер»даги расмий саҳифасида миннатдорчилик баробарида қиролнинг кабинадан олинган сурати берилди.

Аслида Виллем-Александр 20 йилдан буён самолёт учувчиси сифатида парвозларни амалга ошириб келади. Лекин олдин ҳеч қачон бу иши ошкор қилинмаганди. Унда тижорат учувчиси лицензияси бор. Айтиш жоиз, рулни қўлга олган қирол ўзини таништиргани йўқ, чунки бу иккинчи учувчи учун мажбурий қоида эмас. «Парвознинг энг муҳим жиҳати шуки, капитан ёки экипаж номидан йўловчиларни самимий қутлаш имкони бор. Бунда ўзимни таништиришим шарт эмас», - деди Нидерландия қироли. Айтишларича, Виллем-Александр учувчилик маҳоратини йўқотмаслик учун ойига камида 2 марта парвозга чиқади. У одатда Британия, Германия, Норвегия ва Европанинг бошқа мамлакатларига борувчи ишбилармон саёҳатчиларга хизмат кўрсатади. Масалан, қирол бундан олдин Нидерландия делегацияси билан Исроилга парвоз қилган самолётни бошқарган эди.

Виллем-Александр Нидерландия Қироллиги тахтига 2013 йили ўтирган. Ўшанда онаси Беатрикс тахтдан воз кечганди. Қирол ҳозир 54 ёшда.

Р.ИБРОҲИМОВ тайёрлади


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz