Жиззахнинг «Сўғдиёна» клуби жорий мавсумни кутилганидан яхшироқ натижа билан якунлади. Айниқса, ҳаммаси охирги турда ва сўнгги сонияларда ҳал этилгани медаллар учун курашдаги интригани сақлаб турди. АГМК билан ўйиннинг охирги дақиқаларида ҳакам томонидан белгиланган пенальтини Жавоҳир Қаҳрамонов голга айлантириб, жамоаси ғалабасини таъминлади, энг муҳими, «Сўғдиёна»нинг 29 йиллик танаффусдан кейин совриндор бўлишига замин ҳозирлади. Ушбу футболчи Sports.uz сайтига берган интервьюсида таассуротлари билан ўртоқлашди.
- «Сўғдиёна» учун тарихий ўйин бўлди. Мазкур баҳс борасида нималарни айта оласиз?
- Учрашувга яхши тайёрлангандик. АГМКнинг кучли жамоа эканлигини билардик. Фақат уч кун олдин улар кубок ярим финалида ўйнашгани учун чарчашгани ҳам сезилди. 60-70-дақиқадан кейин гол уриш режамизда бор эди, мақсадимизга эришдик. Албатта, кўп нарса омадга ҳам боғлиқ, АГМК кўплаб имкониятлардан фойдалана олмади.
- Учрашувдан аввал Улуғбек Бақоевнинг берган кўрсатмаси қандай бўлганди?
- Албатта, мураббий бизни бу ўйинга яхши тайёрлай олди. «Сабр қилинглар, чиданглар, охиригача курашинглар, Худо хоҳласа гол урамиз», деб бизни ишонтирди ва руҳимизни кўтарди. Ҳаммаси меҳнатимиз туфайли бўлди.
- Ҳал қилувчи вазиятда пенальтидан гол урдингиз. 11 метрлик жарима зарбасини аслида сиз бажаришингиз олдиндан маълум эдими?
- Шу куни қизимнинг таваллуд айёми эди. Майдонга гол ураман, деб тушгандим. Пенальтига келсак, менда ишонч пайдо бўлди. Мураббийга мен тепишимни айтдим. Устозимиз: «Бўлди, ишонсанг, ўзинг тепавер», деди. Урган голимни қизимнинг туғилган кунига бағишладим.
- «Сўғдиёна» охирги турдагина иккинчи ўринни нақд қилди. Айтинг-чи, кумуш медаль учун раҳбарият тарафидан сизларга қандай бонуслар ваъда қилинган?
- Хўжайин бонус бор, деб айтган. Менимча, янги йилдан аввал базм бўлади. Ўшанда қанақа бонуслигини биламиз. Ҳозирча бехабармиз.
- Мавсум бошида «Сўғдиёна»нинг якунда иккинчи ўринни эгаллашига қанчалик ишонгандинглар? Ўзи клуб олдига қўйилган вазифа қандай эди?
- Мавсум бошида кучли учликка кириш вазифаси қўйилганди. Эътибор берган бўлсангиз, формамиз орқасида ҳам медаллар расми бор. Кучли учликка киришни ният қилгандик. Худога шукр, иккинчи ўринни олдик.
- Чемпионат тугади, шартномангиз ҳам охирлаб қоляпти. Кейинги режангиз қандай? «Сўғдиёна»да қолмоқчимисиз ёки муҳитни ўзгартирасизми?
- Буни ҳали ўйлаб кўрганим йўқ. Мана, мавсумни тугатиб олдик. Энди оилам билан дам оламан. Янги йилдан кейин ҳал қиламан. Ҳозирча барчаси 50га 50.
- «Сўғдиёна»да Осиё Чемпионлар Лигасида иштирок этиш имконияти пайдо бўлди. Бу сиз учун ҳам орзу эди ва шунга яқин турибсиз...
- Тўғри. Бу ҳамманинг орзуси бўлса керак. Агар клубда қолсак, нуфузли мусобақада ҳам муносиб қатнашишга ва гуруҳ босқичига чиқишга ҳаракат қиламиз. Ҳаммаси Худодан.
Шуҳратбек ЖЎРАЕВ суҳбатлашди
Манба: interfutbol.uz
Киритилган сана: 17.12.2017 17:00
Киритилган сана: 23.11.2017 06:27
Киритилган сана: 29.10.2017 17:51
Киритилган сана: 20.12.2017 09:09
Киритилган сана: 26.11.2017 06:28
Киритилган сана: 29.12.2017 00:29
Киритилган сана: 16.05.2017 14:23
Киритилган сана: 23.07.2017 22:07
Киритилган сана: 24.11.2017 00:17
Киритилган сана: 21.09.2017 12:35
Киритилган сана: 16.01.2018 04:31
Киритилган сана: 07.01.2017 14:02
Киритилган сана: 05.11.2017 13:21
Киритилган сана: 09.10.2017 00:15
Киритилган сана: 08.05.2017 04:20