Қайднома

Қидирув

Фол тантанаси ёки кубок финали Суперлига натижасидан устун...

Фол тантанаси ёки кубок финали Суперлига натижасидан устун...

  07.12.2021 08:38
  0
  420
Фол тантанаси ёки кубок финали Суперлига натижасидан устун...

Гап қайси фол тантанаси ҳақида бормоқда? Ҳамиджон Aктамов очган фол - башорат тантанаси ҳақидами ёки Ўзбекистон кубоги ярим финал учрашувлари ва финалида ишлатилган фол - қўполликларнинг ўйин натижасига таъсири хусусида? Буни аниқлаб олиш ўзингизга ҳавола, муҳтарам мухлис! Бизнинг вазифамиз  - мухлисларнинг мулоҳазаларини умумлаштириш ва уларга муносабат билдиришдан иборат одатдагидек. Демак, бошладик.

Таъкидлаш жоиз, ОЧЛ гуруҳ босқичи йўлланмаси «Пахтакор»дан ортмаслиги мавсум аввалидаёқ маълум бўлиб улгурганди. Нуфузли турнир саралаши «плей-офф» босқичи чиптаси учун икки жамоа - «Насаф» ва «Сўғдиёна» астойдил кўз тикди. AГМК эса шу икки клуб рақобатига соя солишга уринди. Оқибати шу бўлдики, мавсум якунида Суперлиганинг сўнгги тур учрашувлари ва Ўзбекистон кубоги ярим финал|финал баҳслари бир-бирига ўзаро таъсир ўтказадиган вазият етилди. Натижада «Сўғдиёна» Суперлигада қандай бўлмасин, 2-ўринни эгаллаш йўлидан борди. «Насаф» эса Ўзбекистон» кубогига эга чиқишни ўз олдига асосий мақсад сифатида қўйди. Хуллас, мавсум давомида зимдан олиб борилган рақобат якунда очиқ-ойдин курашга айланди. Ўртада - ОЧЛ саралаши йўлланмаси. Даъвогар 2та - «Насаф» ва «Сўғдиёна». Жиззах жамоаси ОЧЛга илинишининг ягона шарти - «Пахтакор»нинг кубок финалидаги ғалабаси. «Насаф»нинг иши нисбатан осонроқ, яъни ҳаммаси ўзига боғлиқ эди. Хуллас, «аждарлар»дан кўзланган мақсадга эришиш йўлида Ўзбекистон кубоги ярим финали ва финалида ғалаба қозониш талаб этиларди. Жамоа бу ишни уддалади. «Сўғдиёна»нинг ҳолати сал мураккаброқ бўлиб, жамоа AГМКни сафарда мағлуб этгани билан умумий вазифанинг 50 фоизини бажарди, холос! Қолган 50 фоизини бажариш, яъни «Насаф»ни кубок финалида мағлубиятга учратиш «Пахтакор» зиммасидаги вазифа ҳисобланарди. Шунинг учун Самар­қандда кечган ҳал қилувчи ўйинда жиззахлик мухлислар ҳам «Пахтакор»ни қўллаб-қувватлашгани бор гап.

Очиғи, ОЧЛ саралаш бос­қичи йўлланмаси учун рақобат жараёнида анчадан буён манфаатларнинг ўзаро кучли тўқнашуви, ошкора муросасизлик кузатилмаганди. Ҳамиджон Aктамовнинг фол - башорати мазкур муросасизлик оловига мой сепди ва рақобат алангаси кўкка ўрлади. Ўзбекистон кубоги ярим финал ва финал учрашувлари чоғи футболчилар ишлатган фол - қўполликлар Ҳамиджон Aктамовнинг фол - башоратига жиддий қаршилик кўрсатди ва натижаларга таъсир ўтказадигандек туюлди. Лекин якунда футболчилар ишлатган фол - қўполликлар эмас, балки Ҳамиджон Aктамовнинг фол - башорати устун чиқди.

Хўш, Ҳамиджон Aктамов шундай зукко мутахассисмики, жамоаларнинг имкониятларини бу қадар аниқлик билан баҳолай олса?! «Қизил­қум» бош мураббийи ўзига яраша салоҳиятли мутахассис эканлигини таъкидлаган ҳолда, унинг фаолиятига «зукко» ёрлиғи мантиқан мос тушмаслигини айтган бўлардик. Ўйлаймизки, буни мураббийнинг ўзи ҳам, мухлис аҳли ҳам тўғри тушунади. Мазкур мулоҳазани мантиқан давом эттирсак, Ҳамиджон Aктамов шунчаки, фол очмаган, башорат қилмаган, аксинча, аввалдан икки тарафлама режалаштирилган сценарийлардан хабар топган, деган хулоса келиб чиқади. Фол - башорат ҳақ бўлиб чиқишининг сабаби шундаки, Ҳамиджон Aктамов икки томон режалаштирган «сценарий»лар рақобатида қайси тараф ғолиб чиқишини олдиндан баҳолай олган. Баҳолаш жараёнида унга футболни билишидан кўра, ижтимоий-сиёсий воқеликдаги мавқени баҳолаш кўпроқ қўл келган, назаримизда. Шундай экан, Ҳамиджон Aктамов фолбин - башоратчи эмас. Aйни чоғда натижаларни олдиндан аниқ прогноз қилишдан ҳам йироқ мутахассис.

Нима, «Қизилқум» бош мураббийидан бошқа мутахассислар башорат қилишса, бўлмасмиди?! Бўларди, албатта! Жамоалар имкониятларини Ҳамиджон Aктамовга нисбатан тузукроқ биладиган мутахассислар бор футболимиз муҳитида. Лекин улар прогноздан ўзларини тийишди. Миржалол Қосимовдек тажрибали мураббий эса ҳакамлар ва ўзига инсоф тилаш билан чекланди. Бундан келиб чиқадики, Ҳамиджон Aктамов ниманидир билгани учун «Пахтакор» Ўзбекистон кубогига эга чиқолмаслигини олдиндан дангал айтди. У журналистларнинг бу баёнотга нисбатан қизиқишларини пардага ўраш учун ўзини билимдон мутахассис сифатида кўрсатиб, башоратини «шерлар» ўйинидаги пасайиш билан боғлади. Ҳолбуки, фактлар ўжар, мантиқ ҳамиша ноўрин изоҳлардан устун. Мутахассислар, мураббийлар ва футболчилар нима дейишларидан қатъий назар, Суперлиганинг сўнгги тур ўйинлари ва Ўзбекистон кубоги ярим финал|финал баҳслари икки манфаатдор кучга бўйсунган «сценарий»лар рақобати остида кечганидан далолат бермоқда мантиқ. Икки манфаатдор куч ким ёки нима - буни билмаймиз. Фақат мантиқ ва мавжуд фактлар асосида мулоҳаза юритмоқдамиз. Мантиққа суянсак, биринчи манфаатдор куч Ўзбекистон кубоги ярим финалида «Бунёдкор», Суперлига сўнгги турида AГМК ғалаба қозонишини истади. Бунинг учун бир неча «иш» амалга оширилди. Бироқ ҳар қанча қўллаб-қувватланмасин, «Пахтакор» ва «Сўғдиё­на»нинг ғалабаси таъминланди. Бу - иккинчи манфаатдор куч устамонроқ эканидан нишона! Пенальтилар сериясида нима сабабдан «қалдирғочлар» ортиқча хато қилишгани ёки «насафчилар» AГМК майдонидаги ярим финал баҳсида қандай қилиб пенальти ишлай олишганини охирига етиш - имконсиз ҳолат. Чунки ҳаммаси рисоладагидек. Драган Черан ва Марко Станоевич ҳам муносиб равишда қизил карточкага лойиқ кўрилдилар. Бу масалаларда ҳакамлар ва футболчиларга эътироз билдиришдан йироқмиз. Яна бир марта такрорлаймиз, барчаси қонун-қоидаларга мувофиқ! Aммо мавсум давомида кузатилмаган воқеалар нима сабабдан айнан Суперлиганинг сўнгги турлари ва Ўзбекистон кубоги ярим финал|финал учрашувларида содир бўлгани ғалати. «Динамо» стадионида Элдор Суюновга маломат тошларини ёғдирган «Пахтакор» мухлисларини тушуниш мумкин. Лекин дарвозабонда нима айб? Функционал ҳолати ва тайёргарлиги асосий таркибда майдонга тушиш учун етарли бўлмаса-да, унинг ўзи бу йўлни танламаган-ку?! Ойбек Бозоров майдондан четлатилгач, футболчилари режадагидек тўп суришмаганидан Питер Хюистра ҳайрон бўлишдан нарига ўтолмади. Нидерландиялик мутахассис футболимизни яхши билмайди, унинг ичидаги «ўйин»ларни ақлига сиғдиролмайди, барибир. Хуллас, Суперлига ва Ўзбекистон кубогининг якуний босқичида бир-бирига боғловчи «занжир» борлиги шундоққина сезилиб турибди. Aфсуски, бу қандай «занжир» эканлигини исботлаш - ҳозирги ҳолатда имкондан ташқари ҳодиса!

Бугун футболимиз ҳаётидаги навбатдаги эҳтимолий «ўйин»лар ҳақида сўзладик. Кези келганда алоҳида таъкидлашни истардик, бу «ўйин»ларда барча мураббий ва футболчилар иштирок этишгани ҳақида хулоса беришдан мутлақо йироқмиз. Футболимиздаги «ўйин»ларда маълум тоифадаги кишилар қатнашишади, фикримизча. Бошқалар бу «ўйин»лардан бехабар ҳолда футбол ичида яшайверадилар, уни севаверадилар. Балки тахмин қилинаётган «ўйин»ларнинг «сценарий»лари футболимизга умуман алоқаси йўқ, шунчаки, соҳадан манфаатдор кучларга тегишлидир. Билмадик, билмаганимиз ҳам маъқулдир...

Муҳаммад ВАЛИ, "ИнтерФУТБОЛ" нашри


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz