Қайднома

Қидирув

Каха Каладзе: «Милан»нинг ютуғи - Ибрани олиб қолгани»

Каха Каладзе: «Милан»нинг ютуғи - Ибрани олиб қолгани»

  08.12.2021 03:30
  0
  242
Каха Каладзе: «Милан»нинг ютуғи - Ибрани олиб қолгани»

Грузия футболининг энг ёрқин юлдузларидан бири Кахи Каладзе ҳалигача Италия «А» сериясига бефарқ қарамайди, айниқса, собиқ клублари - «Милан» ва «Женоа»­га. Шуни инобатга олган La Gazzetta dello Sport нашри журналистлари «А» серия 14-туридан ўрин олган «Женоа» - «Милан» учрашуви (0:3) арафасида собиқ ҳимоячини суҳбатга чорлашди. Айтиш керак, Генуя жамоасини ҳозирда Каладзенинг яқин дўс­ти Андрей Шевченко бошқармоқда. Хуллас, Грузия футболи фахри гапни айнан шу мавзуда бошлади: «Эсимда, Киев «Динамо»сидаги илк кунлардаёқ Шевченко ўзини чин дўст сифатида кўрсатганди. У жамоага тезроқ мослашишимга катта ёрдам беришдан ташқари, шаҳар билан таништирганди. Умуман, иккимизда ўхшаш жиҳатлар кўп: меҳнаткаш ва фидойимиз. Чунончи, буюк устозимиз Лобановский футболчилардаги бундай сифатларни роса қадрларди».

- Шевченконинг «Милан»да ҳам сизга ёрдам бергани ўз-ўзидан тушунарли.

- Албатта, айниқса, тил масаласида.  Яхшики, Анд­рей ўша вақт италянчани бироз ўрганишга улгурганди. Тўғри, иккимиз қолсак, рус тилида гаплашардик.

- Ўша «Милан»нинг кийиниш хонасидаги муҳит қандай эди?

- Сўз билан таърифлаш қийин. «Милан» футболчиси аввало, катта масъулиятни ҳис қилиши шарт. «Россонерлар» либосини кийиш - катта шараф ва бунга ҳамма ҳам муносиб эмас. Бизнинг «Милан» катта оила мисоли иноқ эди. Асосийси, ҳамма битта қоидага тўлиқ амал қиларди - фақат ғалабага интилиш. Бунда йигитлар ҳамиша бор кучни ишга солишарди. Яна бир томони, футболчилар, мураббийлар ва раҳбарлар ўртасида ўзаро яқинлик шаклланганди. Ахир Мальдини, Неста ва Шева каби буюклар ёнингизда ўтиришганида, фақат жамоа ҳафсаласини пир қилмаслик ҳақида ўйлайсиз, уларни тинглайсиз ва мудом нималарнидир ўрганасиз.

- Вақтида Резо Чохонелидзенинг туғилган куни муносабати билан унга қимматбаҳо автомобиль совға қилган экансиз. Бу ғоя кимдан чиққанди?

- Резо - оиламнинг яқин дўсти. У Миландаги илк кунлар худди Шева каби менга мислсиз даражада ёрдам берди. Андрей каби автомобиллар ишқибози эдим ва иккимиз ўзаро келишиб, қадр­дон дўстимизни шундай сов­ға билан сийлашни лозим топгандик.

- Шевченко «Челси»га кетганида, унинг қароридан ҳайрон қолмаганмидингиз?

- Очиғи, аввалига уни тушунмагандим. Лекин кейинчалик ҳурматга сазовор танловда тўхтаганини тушунганман.

- Мураббийлик ишига бош суққанидачи?

- Бу қадамидан умуман ҳайрон бўлмадим. Шева ҳамиша кучли менталитети билан ажралиб турган. Яъни доим аниқ мақсад йўлида ишлайди ва унга эришади ҳам. Масалан, «Олтин тўп»ни олгани каби. Хуллас, яқин дўсти сифатида айтаман - Андрей тўғри йўлни танлади. Фикримга Украина терма жамоасидаги иши яққол далил.

- «Милан», хусусан, ЧЛдаги икки ғалабадан қандай хотиралар қолган?

- Милан - иккинчи уйим, бу ерда оилавий муҳит ҳукмрон. Италия - буюк давлат, итальянлар - фантастик халқ. «Милан» мухлислари эса ўзгача. Мана, орадан қанча йиллар ўтса ҳамки, улар мени унутишмабди. Шунинг учун айтаман, ҳар бир футболчи «Милан»да ўйнашдан фахрланиши керак. Жамоа учун курашишга арзийдиган буюк тарих бор. Бордию, таслим бўлсангиз, унда «Милан»га лойиқ эмассиз.

- Фаолиятингиздаги энг кучли туйғулар...?

- «Милан» билан ЧЛ финалида «Ювентус» устидан қозонилган ғалаба ва «Милан дербиси»даги ғалаба голи.

- Амалдаги функционер Мальдини ҳақида нима дея оласиз?

- Тимсол ва афсона. Болалигимда хонамда айнан унинг катта сурати бор эди. Энди Паоло билан битта жамоада елкама-елка ўйнай бошлагач, қандай ҳолатга тушганимни бир тасаввур қилиб олаверинг... Менимча, Мальдини янги ролда ҳам ажойиб ишни амалга  ошириб бўлди. У танлаган Пиоли туфайли жамоада энди замонавий футболга мойил янги ўйинчилар бор.

- Демак, бугунги ёш «Милан» сизга маъқул...

- Жуда. Жамоа раҳбариятига Ибрани сақлаб қолгани учун ҳам тасанно айтиш лозим. Златан - буюк етакчи. Ҳозир унинг ёнида Леао, Тонали, Салемакерс, Томори каби ёшлар ривожланишмоқда. Томорининг кўп нарсага қодирлиги олдиндан маълум эди, у Кьер билан ўйнаш орқали янада кучайди. Умидворманки, «Милан»ни яқин йилларда яна ЧЛ фаворитлари қаторида кўраман. Тўғри, ҳозирча озгина сабр-тоқат керак.

- «Женоа»да ҳам ўйнагансиз. Шевченкони олдинда нима кутмоқда?

- Бу ерда муҳит жуда илиқ, мухлислар жамоага боғланишган, буни яққол ҳис этасан. Шева ва Тассоттига қийин, аммо қизиқарли синов, албатта. Қайтараман, Андрей ўта меҳнаткаш, ўз устида ишлашни яхши кўради, қийинчиликлардан ҳам мотивация олади. Ишончим комил, Шева «Женоа»ни буюк тарихга муносиб даражага қайтариш учун бор имкониятларини ишга солади.

- Сизнингча, дўстингиз «Милан»га қарши ўйинда қандай туйғуларни бошдан кечиради?

- Ажабо, Паолони кўрса, ҳаяжонланса керак. Лекин старт ҳуштаги чалиниши билан ҳаммаси ўзгаради. Чунки Шева - жиддий профессионал ва яхши инсон.

- Қизиқ, ўзингиз қайси томонга мухлислик қиласиз?

- Биласизми, юрагим ҳамиша «Милан» билан...

М.ПЎЛАТОВ тайёрлади


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz