«Насаф»нинг ёш, иқтидорли ҳужумчиси Ҳусайн Норчаев 2002 йил 6 февралда Қашқадарё вилоятининг Яккабоғ туманидаги Совуқбулоқ қишлоғида таваллуд топган. Оиладаги чарм тўпга бўлган ошуфталик уни катта футбол сари етаклади. Қуйида истеъдодли ҳужумчи билан уюштирилган суҳбатни эътиборингизга ҳавола этамиз.
- Ҳусайн, авваламбор, шиддатли мавсум якуни ҳамда «Насаф»нинг Ўзбекистон кубоги соҳиби бўлгани билан самимий табриклаймиз.
- Раҳмат.
- 2021 йилги мавсумда тўпурарликда ҳам пешқадамлар сафида бўлдингиз. Бунинг сири нимада?
- Футбол оила аъзоларимиз учун энг севимли, ардоқли спорт тури. Сўлим Яккабоғнинг хушманзара Совуқбулоқ қишлоғида туғилиб вояга етганлигим ҳам мусаффо булоқларга кон ҳудуднинг шарофати бўлса керак. Инсоннинг енгил нафас олиши, югурганда завқ-шавққа тўлган ҳолда хуш кайфиятда бўлиши бебаҳо табиат инъоми деб биламан. Шунинг учун ҳам рақиблар дарвозасига ҳар бир тўп киритганимда енгил тортиб, фаоллигим янада ошади.
- Бунинг сабаби биринчи мураббийингиз ҳужумчи бўлганлиги туфайли эмасмикан?
- Шундай деса ҳам бўлади. Оилада беш нафар фарзанд бўлсак, отам Тўрақул Хўжанов ҳисобчи. Онам Моҳира Сафарова ҳамшира, ҳозир пенсияда. Уч опам, бир акам бор. Оиланинг кенжасиман. Қосимжон акам ўз вақтида футболга меҳр қўйган. Унинг ўйинларини кўриб ҳавас қилганман. «Машъал» (Муборак), «Алангачи» (Косон) жамоаларида тўп сурган. У ёши улға-йиб, футбол билан хайрлашди. Мен тумандаги 9-мактабнинг 3-синфини тамомлагач, Қарши шаҳридаги 23-мактабда ўқишни давом эттирдим. Шу билан бирга, «Насаф» клубининг махсус футбол мактабида сабоқ олдим. Бу борада илк мураббийим Дадажон Тоғаевнинг ўгит-маслаҳатлари қўл келди. Дадажон ака ўз вақтида «Қаршистрой», «Динамо-Насаф», «Геолог» (Қарши) жамоаларида ҳужумчи бўлган эмасми, тўп билан муомалани у кишидан ўргандим. Қишлоқдошимиз - «Насаф» клуби, Ўзбекистон терма жамоаларида ўйнаган Камолиддин Кенжаев ҳам футболга бўлган меҳр-муҳаббатимни оширишда елкадош бўлди. Фурсатдан фойдаланиб, отам ва онамга ҳамда айни пайт Жанубий Кореядаги олий даргоҳда магистратура йўналиши бўйича таҳсил олаётган акамга, устозим Дадажон Тоғаевга, қишлоқдош қадрдон акам ва маслаҳатгўйим Камоллиддин Кенжаевга миннатдорчилик билдираман. Бу йилги мавсумда чемпионат ўйинлари ҳам қизғин ўтди. 26та ўйинда майдонга тушиб, рақиблар дарвозасига 13та тўп киритдим. Ўзбекистон кубоги баҳсларида 4та, ОФК кубоги ўйинларида 7та голга муаллифлик қилдим. Энг ёқимли томони, мусобақанинг энг яхши тўпурари бўлдим.
- Ҳар бир футболчи яшил майдондаги илк қадамини миннатдорлик билан эслайди...
- «Насаф» клубининг махсус футбол мактабидаги таълим ўзига хос пиллапоя бўлди. Ўзбекистоннинг U-16, U-19 терма жамоаларида иштирок этишим, U-18 тоифасида мамлакат чемпионлиги, U-23 олимпия термасига жалб этилишим замирида устоз-мураббийларнинг заҳматли меҳнати, ўз устимда қунт билан ишлаш мужассам. 2020 йилги мамлакат биринчилигида бош мураббийимиз Рўзиқул Бердиев катта ишонч билдириб, «Навбаҳор» ўйиннинг сўнгги 15-дақиқасида майдонга туширди. Пандемия туфайли Бек-ободда бўлиб ўтган марказлаштирилган учрашувда «Сўғдиёна» билан ўйинда рақиблар дарвозасига илк тўпимни киритишга муваффақ бўлдим. 3:0 ҳисобида ғалаба қозониб, ҳисобимизга қимматли 3 очкони ёздирдик. Шундай қилиб, ўтган мавсум чемпионатда 3та, кубок баҳсларида 1та голга муаллифлик қилдим.
- Демак, бу йилги юқори кўрсаткич ўз-ўзидан бўлгани йўқ.
- Худди шундай. Албатта, бунда энг аввало, бош мураббийимиз Рўзиқул ака Бердиевнинг хизмати катта. Чунки у ёшларга қатъий ишонч билдириш билан бирга, ўзига хос руҳшунос ҳамдир. Ютуқ, дуранг, мағлубиятда ҳам вазминлик билан бизга яхши сўзларни айтиб, далда беради. Гарчи баъзида имкониятдан фойдалана олмасамда, руҳимга руҳ қўшади. «Мен сенга ишонаман, кейинги учрашувда кўзлаган маррангга етасан», дегани ғайратимни янада оширади.
- АГМК билан кубок ярим финалида пенальтидан фойдалана олмадингиз. Шунда бош мураббий, жамоадошларингиз муносабати қандай бўлди?
- Бу йил пенальтидан 4 марта дарвозани аниқ нишонга олдим. АГМК билан баҳсда ҳаяжонданми, тўпни қаттиқ тепиб юбордим. Бош мураббий, жамоадошларим ҳеч нарса бўлмагандек мени «Бўш келма», дея қўллаб-қувватлашди. Албатта, ҳужумчи, энг аввало, голни ҳис қилиши керак. Дарвозани баъзида аниқ нишонга ололмаслигим - бу тажрибасизлик, яъни етарли даражада амалиётсизлик деб биламан. Бунинг учун ўз устимда янада кўпроқ ишлашга ҳаракат қиляпман. Машғулотлардан кейин ҳам 1-2 соат қолиб, ишлаш жараёни давом этяпти. Ҳужум чизиғида ўз ўрнига эга Драган Черан, Темурхўжа Абдухолиқов, Шоҳруз Норхонов сингари маҳоратли футболчилардан, шунингдек, кумирим Криштиану Роналду мактабидан баҳраманд бўлиш бахти доимо мени туну кун улардек эпчил, дов-юрак бўлишга ундайди.
- Футболчи ҳакамлардан огоҳлантириш олмаслик, жароҳатга учрамаслик учун асосий эътиборни нимага қаратиш лозим?
- Тўғриси, бу йил футболимизга VАR тизимининг кириб келгани айни муддао бўлди. Бу ҳакамлик савиясини ҳам яхши томонга ўзгартирди. Чемпионатда 2 марта, кубок баҳсида 1 марта огоҳлантириш олдим. Бундан кўриниб турибдики, футбол қонун-қоидаларини тўлақонли эгаллаш учун ўз устимда бундан-да, кўпроқ ишлашим лозим экан. Ўшанда интизомли бўлиш билан бирга, майдонда ўзимга ҳам, рақибга ҳам ўрнак бўлишга интиламан. Жисмоний тайёргарликни янада яхшилашим бу каби кўнгилсиз ҳолатларга чек қўяди.
- Жорий йилнинг 4 декабрь куни Самарқандда бўлиб ўтган Ўзбекистон кубоги финал учрашуви мухлислар муҳокамасида бўлиб турибди...
- Нимасини айтасиз. Финалда «Пахтакор» билан баҳсда майдонда 10 киши бўлиб ғалаба қозонишимиз тарихий воқеа бўлди. АГМК билан ярим финалда ҳам шунга ўхшаш воқеа юз берганди. Осиё Чемпионлар Лигаси саралаш баҳсларига йўлланма олишимиз қувончимизга қувонч қўшди. Мамлакат чемпионати, ОФК кубоги ўйинларидаги омадсизликни бу ютуқ ювиб кетди. Самарқанддаги шодлигимизга Қашқадарёдан келган минглаб мухлислар, шу билан бирга, мамлакатимиздаги кўпсонли «Насаф» ишқибозлари шерик бўлишди. Бунинг учун уларга миннатдорлик билдираман, бизга мададкор вилоят раҳбариятига, бош ҳомийимиз - «Шўртан газ кимё мажмуаси» МЧЖ бош директори, «Насаф» клуби президенти Ш.Асланов етакчилигидаги аҳил жамоага қалб ташаккурини изҳор этамиз. Ишончимиз комилки, янги мавсум жамоамиз учун янада юксак довонлар сари интилиш билан бирга, рақобатда кучлиларнинг кучлиси бўлиш масъулиятини зиммамизга юклайди.
Ҳусан ТЕМИРОВ суҳбатлашди
Манба: interfutbol.uz
Киритилган сана: 17.12.2017 17:00
Киритилган сана: 23.11.2017 06:27
Киритилган сана: 29.10.2017 17:51
Киритилган сана: 26.11.2017 06:28
Киритилган сана: 20.12.2017 09:09
Киритилган сана: 29.12.2017 00:29
Киритилган сана: 16.05.2017 14:23
Киритилган сана: 23.07.2017 22:07
Киритилган сана: 24.11.2017 00:17
Киритилган сана: 21.09.2017 12:35
Киритилган сана: 16.01.2018 04:31
Киритилган сана: 07.01.2017 14:02
Киритилган сана: 05.11.2017 13:21
Киритилган сана: 09.10.2017 00:15
Киритилган сана: 08.05.2017 04:20