Қайднома

Қидирув

Даврон Ҳошимов: «Жамоам мағлубиятини ҳазм қилолмайман»

Даврон Ҳошимов: «Жамоам мағлубиятини ҳазм қилолмайман»

  27.12.2021 05:05
  0
  373
Даврон Ҳошимов: «Жамоам мағлубиятини ҳазм қилолмайман»

Яқинда Наманганнинг «Навбаҳор» жамоаси 29 ёшли ҳимоячи Даврон Ҳошимов билан шартномани узайтирди. Шу муносабат билан ушбу футболчидан интервью олиб, унга ўзимизни қизиқтирган бир нечта саволлар билан мурожаат қилдик. Табиийки, дастлабки савол унинг «Навбаҳор»даги янги келишуви билан боғлиқ бўлди.

- Янги мавсумда «Навбаҳор» ўз олдига юксак мақсадлар қўйган, - дея гап бошлади футболчи. - Буни амалга ошириш учун клуб раҳбарияти, мураббийлар штаби астойдил бел боғлаган. Самвел Бабаян билан кўп йиллар давомида «Пахтакор», шунингдек, бироз муддат «Локомотив»да бирга фаолият юритганман ва унинг қандай салоҳиятга эгалигини яхши биламан. Шу боис, бошқа клублардан яхши таклифлар бўлганлигига қарамай, келаси мавсумда «Навбаҳор»нинг Осиё Чемпионлар Лигаси йўлланмасини қўлга киритишига ёрдам бериш мақсадида, клуб билан шартномам муддатини узайтиришга қарор қилдим.

- Ўтган мавсум жамоа 6-ўринни эгаллади ва табиийки, ушбу натижа қониқарли бўлмади. Сизнингча, «лочинлар»нинг совриндорлар сафидан жой олиши учун нима етишмади?

- Албатта, «Навбаҳор» сингари жамоага 6-ўрин ярашмайди. Бироқ бунинг ўзига яраша сабаблари бор. Жумладан, илк турдан кейиноқ бош мураббийнинг алмашиши, 1-даврадаги айрим ўйинларда омадимизнинг келмаганлиги ва ҳоказо. Ўзингизга маълум, футболда янги мураббийнинг тактикасига мослашиш учун бироз вақт талаб этилади. Иккинчи давра баҳсларида «Навбаҳор» ўзининг нималарга қодирлигини намойиш этиб, пешқадамларга ҳам муносиб қаршилик кўрсата олди. Бироқ 1-давра ўйинларида кўп очко йўқотганимиз якунда панд берди.

- Сиз учун «Навбаҳор»нинг ўтган мавсумдаги энг ёрқин ва энг аламли ўйинлари қайси бўлди?

- Ўтган мавсум ёрқин ўйинлар кўп бўлди, улардан бирортасини алоҳида ажратиб кўрсатолмайман. Лекин энг аламли баҳслар сифатида «Сўғдиёна»га қарши кечган ўйинларни келтиришим мумкин. Жиззахликлар билан бўлган ҳар икки учрашувда ҳам 0:1 ҳисобида аламли тарзда ютқазгандик.

- Майдон ва унинг таш­қарисида қайси жамоадошингиз билан яхши чиқишасиз? «Навбаҳор»даги дўстингиз ким?

- «Навбаҳор»даги барча футболчилар бир-бири билан аҳил-иноқ, дўст. Клуб қароргоҳида бир хонада истиқомат қилишимиз, шунингдек, амплуадошим бўлганлиги боис, кўпроқ Мирзоҳид Ғофуров билан яхши чиқишаман, кўп масалалар бўйича маслаҳатлашиб тураман. Шунингдек, дарвозабон Ўткир Юсупов, болаликдан бирга катта бўлганлигимиз боис, жамоамиз сардори Азимжон Аҳмедов билан ҳам яхши муносабатдаман.

- Футболга қай тарзда кириб келгансиз? Футболчи бўлишингизга ким сабабчи бўлган?

- Футболга болаликдан қизиққанман. Шу боис, мендаги қизиқишни пайқаган дадам 5-синфда таҳсил олаётганимда, Янгиердаги БЎСМга олиб борганлар. Футболчи бўлишимга айнан отам сабабчи бўлганлар. Шу тариқа, футболдаги илк қадамларим бошланган.

- Оилангизда сиздан бош­қа футболчи ёки спортчи борми?

- Оилада икки нафар ўғилмиз. Дониёр исмли укам бор. У ҳам футболни танлаб, Бекободнинг «Металлург» таркибида бироз муддат ўйнаганди. Аммо кейинчалик жароҳатлар безовта қилганлиги боис, айни пайтда бошқа соҳа билан шуғулланяпти.

- Вақти келиб, ўғлингиз футболчи бўламан, деса, уни қўллаб-қувватлайсизми ёки бошқа касбни танлашини маслаҳат берасизми?

- Албатта, фарзандим футболчи бўламан, деса, уни қўллаб-қувватлаб, қўлимдан келганича маслаҳат бераман. Ҳар қандай ота ўғлининг футболчи бўлишидан қувонса керак.

- Мабодо, футболчи бўлмаганингизда, қайси касб-ни танлаган бўлардингиз?

- Тўғриси, бу ҳақда ўйлаб кўрмаган эканман. Таъкидлаганимдек, 11 ёшимдан футбол билан шуғулланиб, ўз олдимга футболчи бўламан, деган мақсадни қўйгандим ва Худога шукр, ниятимга эришдим. Футболчи эканлигимдан фахрланаман.

- Жамоангиз аламли тарзда мағлубиятга учраганида, ҳеч майдонда йиғлаганмисиз?

- Албатта, ҳар футболчи учун мағлубият анча аламли ҳолат. Ошкора бўлмасада, қаерда ўйнамай, жамоам мағлубиятга учраса (шу жумладан, «Навбаҳор» ва термада ҳам), ичимдан йиғлайман. Бошқаларни билмадим-ку, лекин менда ҳар бир мағлубиятдан сўнг жуда кучли оғриқ юз беради, 2-3 кун давомида ўзимни ёмон ҳис қиламан. Бир сўз билан айтганда, жамоамизнинг мағлубиятга учрашини ҳазм қилолмайман. Умид қиламанки, янги мавсумда «Навбаҳор»нинг ғалабали онлари кўп бўлади.

- Миллий термамизнинг янги устози Сречко Катанец сизни бош жамоамизнинг нобрь ойидаги ўқув-машғулот йиғинига чақирди ва Грузия термасига қарши кечган ўртоқлик баҳсида бошлан-ғич таркибда майдонга тушдингиз. Термамиздаги машғулотлар жараёни ҳамда ўша ўйин ҳақидаги таассуротларингиз билан ўртоқлашсангиз...

- Умуман олганда, клуб билан терма жамоа машғулотларида катта фарқ бор. Термага юртимизнинг энг кучли футболчилари жалб этилишади. Грузияликлар билан тенгма-тенг ўйнаб, муносиб қаршилик кўрсата олдик. Фақатгина дарвозамиздан ўтказиб юборилган тўп панд бериб, 0:1 ҳисобида имкониятни бой бердик. Қисқаси, терма жамоамизнинг ноябрдаги ўқув-машғулот йиғинидан катта таассуротлар қолди. Бош жамоамизга айнан «Навбаҳор»даги ёрқин ўйинларим сабабли чақирилдим. 2018 йили ҳам айнан «лочинлар» сафида ўйнаб, термага жалб этилгандим. Шу боис, фурсатдан фойдаланиб, «Навбаҳор» клуби раҳбарияти, мураббийлар штаби ва жамоадошларимга ўз миннатдорчилигимни билдираман. Худо хоҳласа, келаси мавсумда ҳам «Навбаҳор» шарафини муносиб ҳимоя қилиб, терма жамоа таркибидан ўрин оламан, деган умиддаман.

- «Навбаҳор» мухлисларига тилакларингиз...

- Кириб келаётган 2022 йил барча ҳамюртларимиз, шу жумладан, «Навбаҳор» мухлисларига ҳам омадли ва барокатли келсин, илоҳим! Жамоамиз мухлисларига тилагим, ўз жамоаларини қўллаб-қувватлашдан чарчашмасин. Биз - футболчилар эса уларнинг орзуларини рўёбга чиқариб, янги мавсумда Осиё Чемпионлар Лигаси йўлланмасини қўлга киритишга ҳаракат қиламиз.

МАЪЛУМОТ УЧУН

 

ДАВРОН ҲОШИМОВ

1992 йил 24 ноябрда Сирдарё вилоятининг Сайхунобод туманида туғилган. Футбол билан 11 ёшидан шуғуллана бошлаган.

Биринчи мураббийи: Тўрабек Эгамбердиев.

Янгиердаги БЎСМ, «Пахтакор» футбол мактабида таҳсил олган.

Амплуаси: ҳимоячи.

Ўйнаган жамоалари: «Пахтакор» (Тошкент, 2011-2017 йиллар), «Навбаҳор» (Наманган, 2018 йил - 2019 йилнинг 1-давраси), «Локомотив» (Тошкент, 2019 йилнинг 2-давраси - 2020 йилнинг 1-давраси). 2020 йилнинг 2-даврасидан яна «Навбаҳор»да.

Оилали. Бир қиз ва бир ўғилнинг отаси.

Мухлислик қиладиган жамоаси: «Реал» (Мадрид).

Ёқтирган футболчиси: Дани Карвахаль.

Улуғбек УМАРОВ суҳбатлашди


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz