Қайднома

Қидирув

Роберт Левандовски: «Рекордлар учун рецепт - бу ҳақда ўйламаслик»

Роберт Левандовски: «Рекордлар учун рецепт - бу ҳақда ўйламаслик»

  29.12.2021 08:48
  0
  302
Роберт Левандовски: «Рекордлар учун рецепт - бу ҳақда ўйламаслик»

«Бавария» голеадори Роберт Левандовски журналистлар билан унча кўп гапирмайди. Лекин Sport Bild нашри польшалик футболчи кўнглига йўл топа олди. Натижада Левагол суҳбат давомида ЧЛда Киев «Динамо»си дарвозасига урган голини алоҳида эслади, рекордларга муносабатини билдирди ва «Олтин тўп»ни топшириш маросимидаги ҳис-туйғулари билан ўртоқлашди.

- Роберт, Уши Мюллер (Герд Мюллернинг рафиқаси) хоним марҳум турмуш ўртоғини рассом, сизни эса спортчи сифатида таърифлади. Бунга розимисиз?

- Аввало, унга яхши сўзлари учун раҳмат. Бундай эътирофлар мен учун катта шараф, худди совринлар каби. Мюллер хонимнинг баҳоси анча қизиқарли. Ҳа, ўйин услуби ва жисмоний кўрсаткичлар бўйича ўртамизда катта фарқ бор: мен новчароқман, Герднинг оёқлари бақувват бўлган. Дейлик, сонларидан бирининг айланаси икки оёғимники билан тенг эди!

- Ўйин услубидаги фарқчи?

- Герд пастдаги тўп учун курашда яққол устун саналган. Яна тезлик ва реакция бобида рақибларига имкон бермаган. Шунингдек, жарима майдони ичида гавдасини яхши ишга солган: чап, ўнг кўкрак, қорин... Менинг услубим эса ҳаракат ва югуриш траекториясига боғлиқ. Муҳими, худди Мюллер каби ҳамиша тўп дарвоза чизиғини кесиб ўтишини таъминлашга интиламан. Қандай йўсинда, бу муҳим эмас, мақсад битта - гол!

- Фрайбургда Мюллер рекордларидан бирини янгилагач (муайян йил давомидаги голлар сони бўйича), футболкангиз остидаги 4ever Gerd ёзувини кўрсатдингиз. Ўша либосни алоҳида сақлаяпсизми?

- Ҳа, уйда турибди. Уни ўзим учун сақлаб қўйдим.

- Уши Мюллер хоним «Олтин тўп»ни нега сизга беришмаганидан ҳайрон. Орадан маълум вақт ўтди, энди бу воқеага ўзингиз баҳо берсангиз...

- Сўровда 2-ўринни эгаллаган бўлсам-да, жамоам билан эришган ютуқларимдан фахрланаман. Бу келажак учун яхши хотира: бутун дунё кузатган Месси ва Левандовски ўртасидаги дуэль. Шундай фантастик ижрочи билан энг яхши футболчи мақоми учун рақобатлашиш - шараф. Ҳа, бошқа томондан, бироз ранжидим, буни очиқ айтишим керак. Ахир мукофотга жуда яқин келгандим. Боз устига, биз барча совринларни қўлга киритган 2020 йили «Олтин тўп» сўрови бекор қилинганини ҳисобга олсак, барчаси янада оғритади, алам уйғотади. Лекин ўзимга тасалли беришим мумкин: «Сен барчасини синаб кўрдинг, бор кучингни ишга солдинг». Худди шу туйғу билан хотиржам тортаман.

- «Олтин тўп»ни топшириш маросимида Месси ва Мбаппе ўртасида ўтирдингиз: нималар ҳақида гаплашдинглар?

- Леога тўғридан-тўғри атиги бир неча сўз айтишим мумкин эди, чунки испан тилида яхши гапиролмайман.  Яхшики, Килиан бор эди ва у таржимонлик қилди. Ҳақиқатан, ажойиб оқшом. Айниқса, Лео­нинг саҳнада мени алоҳида мақтагани ҳаяжонга солди. Тушунинг, бу шунчаки, қуруқ сўзлар эмас. Қисқаси, ҳаётимдаги унутилмас лаҳзалар...

- Демак, энг яхши футболчилардан бири Мбаппе сизнинг таржимонингиз бўлди...

— Ҳа, шундай (кулади). Лекин айрим сўзларни тўғридан-тўғри тушундим: футбол тили универсал.

- Пини Захави яқин йилларда барибир, «Олтин тўп» ютишингизни айтмоқда.

- Бу жуда кўп майда жиҳатларга боғлиқ. Ҳаммаси бир-бирига мос келиши керак. Ўзим фақат зиммамдаги ишни сифатли бажаришда давом этиб, яхши натижалар кўрсатишга кафолат бера оламан, холос.

- Герд Мюллернинг 365та голдан иборат рекордини ҳам янгилашингиз мумкинми?

- Бундай буюк шахс ва футболчи билан бир қаторда тилга олинишнинг ўзи катта ютуқдир. Аммо шундай рекордлар борки, уларни янгилаш имкони йўқ. Демоқчиманки, Герд Мюллер натижалари ҳар доим меникидан юқорида туради.

- Ўзи рекордлар сизни нечоғли ҳаракатлантиради?

- Йўқ, майдонга қайсидир рекордни янгилаш учун тушмайман. Қолаверса, статистикага алоҳида қарамайман ҳам. Энг ёқимли туйғу - гол уриш ва рекорд ўрнатганингизни тасодифан эшитиш. Рекордлар учун энг яхши рецепт - бу ҳақда ўйламаслик.

- Ўйинда гол урмаганингизда, турмуш ўртоғингиз Анна қандай муносабатда бўлиши керак?

- Мен учун энг яхши ечим - мулоқот! Анна қачон гаплашиш ва қачон сукут  сақлаш кераклигини яхши билади.

- Шунинг учун «қуруқ» ўйин­ларни осонгина ўтказиб юборар экансиз-да...

- Самарали узатмалар ҳам кишини қувнатади, жамоадошларимни якуний зарба йўлига олиб чиқишни ёқтираман. Ҳаттоки, кичик ҳаракатлар, очиқ жойга югуриш ҳам якунда муҳим бўлиши мумкин. Мухлислар ҳам бу ҳаракатларни қадр­лашса, бас.

- Фаолиятингиз давомида деярли барча совринларни ютдингиз. Хўш, сизни яна нима олға ундайди?

- Польша термаси билан жаҳон чемпионатида зафар қучиш жуда қийин. Бу масалага реал кўз билан қараш керак. Фаолиятимдан мамнунман, аммо 100 фоиз қониқмадим. Масалан, ЧЛда яна ғолиб чиқишни хоҳлардим. Энг юқори савияда ўйнар экансиз, ютуқларингиз тасодифий эмаслигини тасдиқлашингиз шарт.

- Сизнингча, барча даврларнинг энг кучли 3 нафар ҳужумчиси кимлар?

- Яхши савол. Яна Месси ва Роналдуни айтиб, бақириш керакми? Лекин улар классик марказий ҳужумчи эмаслар. Карим Бензема кўп йиллардан буён марказда ўта  ишончли. Яна Агуэро, Кейн... Бундан ташқари, Тьерри Анри бор, бразилиялик Роналдо бор, Герд Мюллер ҳақида гапирдик. Умид қиламанки, бу борада мени ҳам тилга олиш мумкин.

- Месси барча даврларнинг энг яхши футболчисими?

- Профессионал футболга кирганимдан буён Месси ва Роналду 1-ўринда. Улардан қай бири яхшироқ? Жавоб кимга қайси турдаги ўйинчи ёқишига боғлиқ.

- Ўз жавобингиз...

- Криштиану Роналду меҳнатини қадрлайман. Месси эса ҳаммасига осонгина эришаётгандек туюлади. Ўйлайманки, Криштианунинг муваффақият йўлида жуда кўп тер тўкишига тўғри келган.

- 2021 йилги энг яхши голингиз...

- Киевда «Динамо» дарвозасига чалқанча зарба билан урилгани, менимча. Бу гол хотирамга муҳрланди. Дарвоқе, уни бутсамнинг боғичи ечилган ҳолда ургандим (кулади).

- Келажакда яна айнан қайси ўйинларда гол уришни хоҳлайсиз?

- ЧЛ финалида, яна Польша термасининг ЖЧ саралаши «плей-офф» босқичидаги ҳал қилувчи ўйинида. Бу - орзу.

- «Бавария» ЧЛ 1/8 финалида «РБ Зальцбург» билан тўқнашади. Жамоангиз турнирнинг асосий фаворитими?

- Фаворитлар кўп - «Ливерпуль», «Манчестер Сити», «ПСЖ», «Реал», «Челси» ва «Бавария», албатта. Тўғри, 1/8 финал ўйинлари февраль охирида - унгача кўп нарса ўзгариши мумкин. Айни ҳолатда эса шу 6та жамоа чемпионлик учун яққол даъвогар, менимча.

М.ПЎЛАТОВ тайёрлади


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz