Футболда дарвозабон - жамоанинг асосий таянчи. Унинг довюраклиги, реакцияси, ишончи бутун жамоага жиддий таъсир этиши турган гап. Бу галги суҳбатдошимиз - «Насаф»нинг ютуқларига ўз ҳиссасини қўшиб келаётган довюрак дарвозабон Умид Эргашев.
- Умид, аввало, муваффақиятли мавсум ва янги йил билан табриклаймиз.
- Раҳмат. Янги йил барчамизга хайрли келсин.
- 4 декабрь куни Самарқандда бўлиб ўтган Ўзбекистон кубоги финали воқеалари ҳамон кўпчилик ёдида. Жумладан, ғалабадан кейин сизнинг майдонда ўтирганча йиғлаганингиз...
- «Пахтакор»га қарши ўйиндан кейинги кўз ёшларим севинчга йўғрилган қувонч томчилари эди. Ўйиндан олдин турли гап-сўзлар урчигани ҳаммага маълум. Муҳими, бундай тахмин-фаразларга парво қилмай, финалга жиддий тайёргарлик кўрдик. Умуман, ғалабага қатъий ишонгандик. Чунки орқага йўл қолмаганди. Ойбек Бозоров эрта вақтда майдондан четлатилганида ҳам, ишонч сўнгани йўқ. Шу тариқа яхлит куч эканлигимизни кўрсата олдик, мураккаб баҳсда ғалаба қозониб, юзимизни ёруғ қилдик. Бу - фаолиятимдаги илк соврин. Шунинг учунми, ҳакамнинг финал ҳуштаги чалингач, ўзимни тутиб туролмадим. Яъни бир зумда кўз олдимга босиб ўтилган қийин йўл келди. «Пахтакор» дарвозабони, собиқ жамоадошим Элдор Суюнов мени бағрига босганча алоҳида табриклади: «Сизлар ғалабага ҳақли эдинглар». Унинг қутлови ҳам қалбимни титратиб юборди.
- Самарқанддаги байрамона муҳит ота масканингиз - Пойариқ тумани Чолмўйин қишлоғига ҳам кўчгандир...
- Ота-онам, укам, қариндошлар, дўстларим шу куни «Динамо» стадионида бевосита қўллаб туришди. Уларга шодлик улашганимиздан чин бахтиёрликни туйдим. Ўйиндан кейин қишлоққа бориб, байрамни анчагача давом эттирдик, албатта - ширин суҳбатлар, тилаклар, қутловлар...
- Ўйиндан сўнг босиб ўтилган йўл кўз олдингиздан ўтганини айтдингиз. Айнан нималар?
- Якунланган чемпионат ўйинлари биз учун осон кечмади. Хусусан, мен 19та ўйинда майдонга тушиб, 1656 дақиқа ҳаракатландим, 16та гол қўйиб юбордим, 1тадан сариқ ва қизил карточка олдим. Ўзбекистон кубогида эса 3та учрашувда қатнашиб, 1 бора тўп ўтказиб юбордим. ОФК кубогидаги 4та ўйинда дарвозамга 9та гол уришди. Чемпионатда айниқса, ўз майдонимизда «Навбаҳор»га аламли тарзда ютқаздик - 0:1. Шунингдек, Термизда «Сурхон»ни 2:0 ҳисобида юта туриб, якунда дуранг натижага имзо чекдик. Шунингдек, «Пахтакор»га ҳам ўз майдонимиз, ҳам сафарда енгилганимиз оғир ботди. «Локомотив»нинг Қаршида 3:1 ҳисобида ютиб кетганини эслагим ҳам йўқ. Дейлик, рақибнинг иккинчи голида тўпни бемалол қайтарсам бўларди. Олмалиқда АГМКга қарши кечган кубок ярим финали ҳам оғир кечди. 10 киши бўлиб қолганимизга қарамай, иродали ғалаба эвазига финал эшигини очдик. Баҳрайн пойтахти Манамада ОФК кубоги учун бўлган финал - катта алам. Аслида ўша куни чиройли ўйин намойиш этдик, кўп жиҳатларда устун кўриндик, аммо рақиб вазиятлардан унумли фойдаланган ҳолда, ғалабани ўз томонига оғдирди. Умумий ҳисобда мавсум бўйи 26та ўйинда қатнашиб, 26та гол қўйиб юбордим.
- Суперлига-2021да «Андижон» ва «Металлург» футболчиларига пенальтидан гол уриш имконини бермадингиз. «Дуэл»даги устунлик сири нима - маҳоратми ёки руҳий тетиклик?
- Дарвозабон пенальти жараёнида аввало, ўзини руҳан устун кўрсатиши керак. Яъни зарба берувчи футболчи кўзига ишонч билан тик боқиш муҳим. Шунда у чалғиши мумкин. Хуллас, «дуэл»да рақибнинг ишонч билан зарба беришига йўл қўймасангиз, устун келишингиз имконияти нисбатан ошади. Тўғри, бунда омад, маҳорат ва чаққонликнинг улуши ҳам бор, албатта.
- Ҳар қандай футболчи учун соғлом рақобат сув ва ҳаво каби зарур.
- Нима демоқчи эканлигингизни тушундим. Айни пайт «Насаф» ихтиёрида 4 нафар дарвозабон бор - мендан ташқари, Абдувоҳид Неъматов, Азамат Соипов ва умидли Шаҳзод Суюнов. Демоқчиманки, рақобат жойида. Ҳозирги ҳолатда асосан Абдувоҳид билан рақобатдамиз. Майдон ташқарисида, ака-укалардекмиз. Ҳа, Неъматовга орада жароҳат халақит берди, унинг тезроқ спорт формасини тиклашига тилакдошман, албатта. Янги мавсумга қаратилган тайёргарлик жараёнида бирга ишлашимиз фойдадан холи эмас.
- Дарвозабонлар мураббийи Денис Иванков билан ишлашда қийналмаяпсизларми? Айтишларича, у ўта талабчан экан.
- Муҳими, Иванков ўз ишининг устаси, кучли мутахассис. Айниқса, жисмоний тайёргарликка катта эътибор қаратади. Яна бир томони, дарвозамизга урилган ҳар бир голни тўлиқ таҳлил қилиб беради. Майдонга тушишдан олдин эса, етарли даражада қўллаб-қувватлайди.
- Умиднинг ёшлигида қайси дарвозабонларга ҳавас билан қарагани кўпчиликни қизиқтирса керак.
- Павел Бугало ўйинининг шайдоси эдим. Ҳозир эса «Ливерпуль» кипери Алиссонга қойил қоламан. Унда етакчилик сифати кучли - жамоани яхши бошқаради. Техник салоҳияти ҳам баланд.
- Якунланган мавсумга қайтамиз: «Андижон» билан ўйинда оддий хатонгиз туфайли майдондан четлатилдингиз.
- Эсимда, жарима майдони ташқарисида тўпни ушлаб олдим. Тўғри, шу ҳаракат билан рақибнинг гол уришига йўл қўймадим.
- Яхши дарвозабонга ҳамиша талаб катта. Бошқа клублардан таклифлар тушяптими?
- Ҳа, катта ваъдалар билан чақиришяпти. Лекин «Насаф»дан кетиш ниятим йўқ. 2008 йили Самарқанддаги футбол интернатида Алишер Қурбонов қўл остида шуғуллана бошлаганман. Кейинчалик «Насаф» футбол мактабида Шерзод Каттаевдан дарвозабонлик сир-асрорларини ўргандим. Дастлаб ёшлар лигасида ўйнаб, Элдор Суюнов ва Ўткир Юсуповдан тажриба олдим. Дебют ўйиним 2017 йили «Навбаҳор» билан ўйинга тўғри келди. Бироқ кейинги мавсумнинг ярмида жароҳатландим ва 2019 йили ҳам ўйинлардан четда қолдим. 2020 йили эса 2та ўйинда қатнашдим. Немаътов сафдан чиққач, асосий маъулият менинг зиммамга тушди. Қолаверса, 2022 йили «Насаф» билан 3та фронтда курашамиз. Айниқса, ОЧЛдаги иштирокни орзиқиб кутяпман. Умуман, «Насаф» билан шартномам 2024 йил якунигача мўлжалланган. Олий мақсад - «Насаф» билан ниҳоят, чемпионликни нишонлаш, ОЧЛ гуруҳ босқичига ўтиш ва имкон борича узоқроққа бориш.
Бош мураббий Рўзиқул Бердиевнинг ягона мақсади - «Насаф» янада барқарор ўйнашини таъминлаш, футболимиз равнақига ҳисса қўшиш. Айни шу эзгу ниятлар «насафчилар»ни ҳамиша юксак довонлар сари етаклайди.
Ҳусан ТЕМИРОВ суҳбатлашди
Манба: interfutbol.uz
Киритилган сана: 17.12.2017 17:00
Киритилган сана: 23.11.2017 06:27
Киритилган сана: 29.10.2017 17:51
Киритилган сана: 20.12.2017 09:09
Киритилган сана: 26.11.2017 06:28
Киритилган сана: 29.12.2017 00:29
Киритилган сана: 16.05.2017 14:23
Киритилган сана: 23.07.2017 22:07
Киритилган сана: 24.11.2017 00:17
Киритилган сана: 21.09.2017 12:35
Киритилган сана: 16.01.2018 04:31
Киритилган сана: 07.01.2017 14:02
Киритилган сана: 05.11.2017 13:21
Киритилган сана: 09.10.2017 00:15
Киритилган сана: 08.05.2017 04:20