Қайднома

Қидирув

Нигоҳ: Гави нимада нўноқ?

Нигоҳ: Гави нимада нўноқ?

  31.12.2021 04:40
  0
  222
Нигоҳ: Гави нимада нўноқ?

«Барселона»нинг катта топилмаси ва энг катта умиди - Гавида битта нўноқлиги бор - у бутсаси боғичини мустақил тартибга сололмайди. Футболчи кўпинча майдонда боғичи ечилган бутсада чопади. Гоҳида ёш йигитчага бу масалада жамоадошлари ёрдам беришади. Ҳа, ғалати, шундай иқтидорли ўсмир пойафзалини тўғрилай олмаса-я...

«Барселона» 17 декабрь куни «Камп Ноу»да камтарин «Эльче»ни бир амаллаб енгиб, 3та ўйинга чўзилган мағлубиятли сериясига чек қўйди. 3:2 ҳисобида якунланган учрашувнинг бош қаҳрамони - 17 ёшли Гави. Ҳар ҳолда, мавсум кашфиёти бўлишга асосий даъвогарлар қаторида бораётган йигитча 3та голдан бирини ўз номига ёзиб қўйиш баробарида 85-дақиқада Нико Гонсалес берган ҳал қилувчи зарба ассистенти бўлди. Учрашувдан кейин эса ижтимоий  тармоқларда ноябрь ойи­да «Инстаграм»да чиққан сурат яна айлана бошлади. Унда Никонинг Гави бутсаси ипини боғлаётгани акс эттирилган. Сурат остига ёзилган изоҳ: «Ўрганиш вақти келди...». Ҳа, энди ҳамма Гави бутсаси боғичини қайта-қайта муҳокама қилмоқда.

Бу борада кўплаб тахмин-назариялар бор, энг асосийси эса «Барселона» мухлислари аккаунтларида тар­қалмоқда. Унга кўра, Гави болалигидан пойафзал ипини боғлаш масаласида нўноқ бўлган, ҳозир эса атрофдагиларга калака бўлишдан қочиб, шунчаки, боғичи боғланмаган бутсада майдонга тушиб кетаверади. Муҳими, бу ҳолат унинг майдонда бинойидек югуриши ва яхши ўйнашига заррача халақит бермайди. Каталония радиоси ҳам «Твиттер»да бунга алоҳида изоҳ ёзди: «Гави боғични қандай боғлашни билмайди. Аниқроғи, тўғри боғлашни. Умуман, у боғичи ёйилиб турадиган бутсада ҳаракатланишга ўрганиб улгурган. Бунга парво ҳам қилмайди».Журналист Саймон Харт футболчининг биринчи мураббийи Баско билан бу борада суҳбатлашди. У ҳам боғич бўйича назария­ни тасдиқлади: «Одатда болаларнинг бутсалари боғичи ечилиб кетса, улар шунчаки, майдонда тўхташади ёки четга чиқишади. Гави эса бундай ҳолатда асло тўхтамасди, ҳеч нарса бўлмагандек югуришда давом этарди». Гавининг ўзи «Инстаграм» тармоғига илк суратини 2016 йилнинг сентябрь ойида жойлаган. Ўша суратда ҳам чап оёғидаги бутса ипининг боғланмагани кўпчилик эътиборини тортганди.

«Барселона» мухлислари ҳам айнан шу масалада Гавини доимий равишда калака остига олишади. «Твит»лардан бири: «Nike компанияси Гави учун боғичсиз бутса тикиб берса бўлмайдими?» Гавининг болаликдаги суратига боғлиқ ҳазил-мутойиба ҳам йўқ эмас. У бир сафар Лионель Месси ёнида омадсиз кадрга тушган. Бунга мухлислардан бирининг изоҳи: «Гави гетра тақишни, бутса ипини боғлашни билмайди, яна селфи тушолмайди». Ноябрь ойидаги ўйинларнинг биридан кейин олинган суратда бош мураббий Хавининг Гавини қучоқлаб тургани акс эттирилган. Унда ҳам футболчининг боғичи ёйилиб тургани яққол кўринади. Гавининг бахтига регламентда боғичи боғланмаган бутсада ўйнаш борасида қандайдир тақиқ йўқ. Акс ҳолда, у ҳар бир учрашувда кимнингдир ёрдамига эҳтиёж сезарди. Ижтимоий тармоқларда айланаётган кадрлар орасида Гавининг Испания миллий жамоасидаги ўйинларидан олинганлари ҳам бор - яна ечилган боғичлар... Кўпчиликда бир хил савол: «Нега шундай?»

Дарвоқе, Гави айнан «Эльче»га қарши баҳсда «Барселона» сафидаги дебют голини нишонлади. Унинг клуб билан амалдаги шартномасида кўрсатилган товон пули миқдори - атиги 50 миллион евро. Лекин Каталония жамоаси аллақачон янги келишув бўйича музокара бошлаган. Чунончи, Гави 17 ёшида  «Барселона»нинг асосий ўйинчилари қаторига қўшилди. Дейлик, йигитча жорий мавсум Примерода 16 марта майдонга тушишдан ташқари, «Барселона Б» учун ҳам ярим бўлим ўйнади.

*** «Зенит» ёшлар жамоасида мураббий ҳаттоки, футболчилар олдига шарт қўйган экан: «Ким ечилган боғичини дарҳол тартибга келтирмаса, уни захира вакили билан алмаштираман, тамом». Гап шундаки, жамоадаги баъзи йигитлар боғични боғламай ўйнашга одатланиб қолишганди. Жумладан, Данила Яшук. «Ўйинлардан бирида гол урдик ва йигитлардан айлана бўлиб, мени ёпиб туришларини сўрадим. Чунки боғични ҳеч тартибга сололмасдим. Хуллас, боғични қийналиб боғлашимгача улар узоқ вақт ўзларини худди голни нишонлаётгандек кўрсатиб туришди», - деганди Яшук.

*** Америка футболидан мисол: таниқли квотербек Денард Робинсонга боғлиқ машҳур тарих. У ҳар бир ўйинда боғичлари ечилган бутсада ҳаракатланарди. ESPN ҳаттоки, бу борада алоҳида тадқиқот олиб борган. Sport Science таҳлилчиси Жон Бренкуснинг якуний хулосаси: «Робинсон товонини қўшимча машқ қилдириш учун ҳамиша шундай ўйнаган. Бу ҳолат унга айниқса, тўхташ вақти куч беради».

Р.ИБРОҲИМОВ


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz