Қайднома

Қидирув

Клаттенбург - «Уиган» - 13:1!

Клаттенбург - «Уиган» - 13:1!

  31.12.2021 10:00
  0
  250
Клаттенбург - «Уиган» - 13:1!

Англиялик машҳур собиқ ҳакам Марк Клаттенбург бутун фаолиятидаги энг баҳсли ҳолатлар ва мухлису-мутахассисларни бирдек қизиқтирадиган воқеаларни ўз ичига олган биографик асарини чиқарди. FourFourTwo наш­ри шу муносабат билан уни суҳбатга чорлади. Натижада Клаттенбург нима сабабдан бу ишга қўл урганини тушунтириш имкониятига эга бўлди.

- Кўплаб ҳакамларда муайян қарорларини алоҳида тушунтириш имконияти йўқ. Сизнингча, биографик асарингиз футболдаги шу жиҳатни очиб беришга ёрдам берадими?

- Алоҳида китоб ёзишдан мақсадим ҳам шу. Бунда жумладан, ҳакамликка кириш йўли ва турли босқичлардан қандай ўтганим ҳақида кенг тўхталдим. Умидворманки, ҳакам бўлишни хоҳловчилар ушбу китобни ўқиб, ўзгача илҳомланишади.

- Қайси жамоа мухлислари сизни ҳаммадан кўпроқ ранжитишган?

- Ҳаммасиники! Жиддий гапирсам, биринчи навбатда, «Кристал Пэлас» фанатлари эсимга тушадилар. 2004 йили АПЛдаги дебютим айнан шу жамоанинг уй ўйинига тўғри келган ва унда лондонликлар «Эвертон»га 1:3 ҳисобида енгилгандилар. Ўша мавсум охирида «Пэлас»нинг яна бир ўйи­нини бошқардим - сафарда «Чарльтон»га қарши кечганини. Якунда «Кристал Пэлас» АПЛдан тушиб кетди. 2013 йили эса жамоанинг Брайтонда ўтган «плей-офф» ўйинида ишлаш ҳам менинг чекимга тушди. Хайриятки, лондонликлар бу сафар 2:0 ҳисобида ғалаба қозонишди. Шунда ўзимча ўйладим: «Ажойиб, ниҳоят, муаммо ҳал бўлди, энди мендан нафратланишмайди». Бироқ кейинчалик «Пэлас»нинг яна 10та ўйинида ишлашимга тўғри келди. Жумладан, Англия кубоги финалида. Энг ёмони, «Кристал Пэлас» уларнинг барчасида мағлубиятга учради. Шунинг учунми, мухлисларда ғалати тушунча шакл­ланган: «Марк «Пэлас»га нисбатан нотўғри муносабатда». Эсимда, 2016 йили жамоанинг «Астон Вилла» билан ўйинига ўринсиз адоватни пасайтириш учун идеал имконият сифатида қарагандим. Чунки «Вилла» турнир жадвалининг сўнгги поғонасида эди, «бургутлар»да эса ишлар яхши кетаётганди. Амалда Уэйн Хеннесси ўз дарвозасига тўп киритиб қўйди ва «Вилла» 1:0 ҳисобида ғалаба қозонди. Якунда яна мени айб­лашди, барибир! Айни ўша баҳс­дан кейин «Кристал Пэлас» мухлислари меҳрини қозониш иложсиз эканлигини англадим.

- «Уиган» мухлислари ҳам сизни унча ёқтирмаганлар. Ахир бу жамоа сиз бошқарган қаторасига 13та ўйинда ғалаба нималигини билмаган...

- 14-ўйинда «Уиган» ниҳоят, ғалаба қозонган ва мен қаҳрамонга айланганман (кулади). Клуб котиби ҳар бир мағлубиятдан кейин менга SMS хабар жўнатарди: «Клаттенбург - «Уиган» - 3:0», «Клаттенбург - «Уиган» - 4:0» ва ҳоказо. Мен ишлаган 14-ўйин­да «Уиган» ниҳоят, ғалаба қозонди ва жавоб хабари йўлладим: «Клаттенбург - «Уиган» - 13:1».

- Сиз бошқарган энг мураккаб ўйин 2016 йили «Стэмфорд Бриж»да бўлган «жанг»ми?

- «Тоттенхэм» ҳақидаги изоҳда «Ўзини ўзи йўқ қилиш» иборасини ишлатганим эсимда. Ўша учрашув нафақат ҳар икки жамоа, балки бутун мавсум учун энг муҳимларидан бири эди. «Челси» унча яхши ўйнамади, «шпорлар»дан эса «Лестер» билан чемпионлик курашини давом эттириш учун фақат ғалаба қозониш талаб этиларди. Тушунарлики, «Челси» ҳар қандай ҳолатда ҳам, «шпорлар»ни тўхтатишга уринарди, ахир ўртада  жиддий рақобат бор. Сиз ҳакам сифатида буни ҳисобга олишингиз керак: қоидаларни қўллаш баробарида ўйин моҳиятини тушуниш муҳимдир. Биринчи бўлимда анча қийналдим. Дейлик, Диего Коста билан тўқнашув учун Мусо Дембелени четлаштиришим керак эди, бироқ вазиятни ўтказиб юбордик. Ҳозирги кунда бундай ҳолатни VAR аниқлайди, шубҳасиз. Танаффусдан кейин «Чел­си» важоҳат кўрсатди ва «шпор­-лар» ўзларини йўқотиб қўйишди. «Ўзини ўзи йўқ қилиш» иборасида шуни назарда тутгандим. Яна охирги дақиқада Эрик Дайерга ҳам «қизил» берсам бўларди. Тан оламан, ўшанда мени ҳам ҳис-туйғулар босиб қўйганди. Негаки, «шпорлар» чемпионликдан маҳрум бўлиш арафасида туришганди.

- VAR эртароқ амалга татбиқ этилса, нима бўларди?

- Технология ҳеч қачон барча баҳс-мунозараларга чек қўёлмайди, лекин даҳшатли ва ёмон қарорлар олдини олади, худди Педро Мендеш голидаги каби (Клаттенбург 2005 йили «МЮ» - «Тоттенхэм» ўйинида тўп чизиқни аниқ кесиб ўтган ҳолатда голни инобатга олмаганди). Афсуски, фаолиятим мобайнида VAR йўқ эди, ваҳоланки, кўпчилик унинг тезроқ қўлланилишини хоҳларди.

- Қайсидир учрашувдаги қайсидир қарорингиздан афсусланасизми?

- 2012 йилги «Челси» - «МЮ» баҳси (2:3)да Бранислав Ивановични майдондан четлатдим, кейин симуляция учун Фернандо Торресни иккинчи марта огоҳлантирдим. Шундан афсусланаман. Битта жамоа футболчилари сонини 9 нафарга қисқартириш учун шак-шубҳасиз, қизил карточкага тортадиган вазият  бўлиши керак. Лекин ўша ҳолат анча баҳсли эди. Муҳими, шу воқеа ўлароқ, маълум қарор бўйича иккиланганингизда, ҳамма хоҳлаган вариантда тўхтамаслик кераклигини тушундим.

- 2016 йили учта йирик финалда ишладингиз - Евро-2016, Англия кубоги ва ЕЧЛ­нинг ҳал қилувчи баҳслари. Улардан қай бири энг муҳими?

- Англия кубоги финали («Кристал Пэлас» - «МЮ» - 1:2)  ўзим учун муҳим эди, лекин уни яхши бошқаролмаганимни ҳис қилганман. Эртасига тушкун кайфиятда эдим, ҳеч ким билан гаплашишни хоҳламадим. Лекин ЧЛ финали («Реал» - «Атлетико»)да ўзимни қўлга олишим шарт эди. Катта ўйин олдидан босим остида қоласиз фақат ўзингизни «бузиб қўймаслик» ҳақида ўйлайсиз. Хайриятки, ҳаммаси яхши ўтди. Евро-2016 финали эса томоша қилиш учун энг яхши ўйин эмасди, шунинг учун унга баҳо бериш осон эмас. Ахир ҳакамлар ҳам ҳаяжонли ўйиндан ўзгача завқланишади.

Марк Клаттенбургнинг фикрича, «Тоттенхэм» ҳужумчиси Гарри Кейн «Ливерпуль» ҳимоячиси Эндрю Робертсонга нисбатан қўполлиги учун қизил карточкага лойиқ эди. АПЛнинг 18-туридан ўрин олган ва 2:2 ҳисобида тугаган ўйиндан сўнг «Ливерпуль» бош мураббийи Юрген Клопп айни шу вазиятга эътироз билдирганди. «Кейннинг Эндрю Робертсон оёқлари остига ташланиши - тоза «қизил». Унинг оёғи баланд кўтарилди, бунда бутсасининг таги билан ташланди. Эндрю Роберт­сон фақат сакраш билан жиддий жароҳатдан қутулиб қолди. Шахсан мен ўша вазиятда Кейнни майдондан четлатишда сира иккиланмасдим». Англия термаси сардори эканлигинг қўпол ўйнашга лицензиянг борлигини англатмайди. Фаолиятимда Англия термасининг муҳим ўйинчиларига ҳеч қачон алоҳида муносабатда бўлган эмасман. Умуман, ҳеч қайси ҳакам буни ҳисобга олмаса керак», - деди Клаттенбург Daily Mail нашрига.

МУҲАММАДХОН тайёрлади


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz