Қайднома

Қидирув

Патрик Шик: «Мақсадимиз ўша-ўша - ЕЧЛ йўлланмаси»

Патрик Шик: «Мақсадимиз ўша-ўша - ЕЧЛ йўлланмаси»

  02.01.2022 04:40
  0
  238
Патрик Шик: «Мақсадимиз ўша-ўша - ЕЧЛ йўлланмаси»

Сўнгги пайтларда ўта сермаҳсуллиги билан барчанинг тилига тушган, Евро-2020нинг энг чиройли голи муаллифи, Чехия терма жамоаси ва «Байер» клуби ҳужумчиси Патрик Шик FourFourTwo нашрига берган интервьюсида ушбу голи, кумири Дэвид Бекхэм ва турли мамлакатларда ўтказилган «кўҳна қитъа» чемпионати ҳақида гапирди.

- Чехия Евро-2020 гуруҳидаги уч ўйиннинг иккитасини турнир мезбонларига қарши ўтказди. Буни катта камчилик деб ҳисоблайсизми?

- Барча ўйинларимизни меҳмонда ўтказгандек тасаввур уйғонди. Прагадан ҳар бир учрашувга узоқ вақт учишимиз керак эди ва бу одамни анча чарчатиб қўйди. Албатта, ранжидик, айниқса, пандемия туфайли вужудга келган чекловларни ҳисобга олсак. «Уэмбли»да Англияга қарши учинчи ўйин олдидан натижадан қатъий назар, албатта, «плей-офф»га чиқишимизни билардик. Шунинг учун қолган икки баҳсдаги каби стресс бўлмади. Биз мағлубиятга учрадик, аммо бунинг ҳеч қандай ёмон жойи йўқ эди.

- Европанинг турли бурчакларида ўтказиладиган бундай турнирни қўллаб-қувватламайсизми?

- Ростини айтсам, ҳаммаси барча ўйинларини ўз майдонида ўтказган Англия терма жамоаси фойдаси учун тузилгандек туюлди - улар деярли идеал шароитга эга эдилар. Умуман олганда, мен бу тизимни адолатли деб ҳисобламадим ва уни мухлислар ҳам, бошқа ўйинчилар ҳам қўллаб-қувватламадилар. Шунчаки, бундай тизимни ёқтирадиган одамни билмайман.

- «Хэмпден Парк»да ўйнаш қандай экан?

- Шотландиянинг буюк кунини буздик... Бу ўзининг атмосфераси ва шовқини билан аввалги бошқа халқаро ўйинларга қараганда мутлақо бошқача тажриба эди. COVID чекловлари туфайли стадион тўлиқ тўлдирилмаганидан афсусландик, аммо 9000га яқин шотландиялик мухлислар жуда яхши муҳит яратишди. Бизга осон бўлмади - бошида бироз асабийлашдик ва босим остида қолдик, лекин биринчи голим бизга ишонч бағишлади ва тез орада тинчландик. Иккинчи гол эса Шотландияга қаттиқ зарба берди. Бу учта муҳим нуқта эди.

- Хўш, иккинчи голни ураётганингизда, миянгиздан қандай ўйлар ўтди?

- Мезбонлар дарвозабони Дэвид Маршалл биринчи бўлимда бир неча бор ўз жарима майдончасини тарк этганини пайқадим, шу боис, агар имконият бўлса, ундан фойдаланишга ҳаракат қиламан, деб хаёлимдан ўтказгандим. Шундай имконият келганида иккиланмадим. Тўп узоқ вақт, балки бир неча сония учди ва зарбадан сўнг ўзимдан сўрадим: «Нима қиляпсан?! Нега урдинг?». Тўп дарвозадан жой олишига 100 фоиз ишончим комил эмасди, лекин сўнгги лаҳзада тўп тўғри йўналишда учаётганини кўриб, дарвозабон жамоа­сини қутқариб қола олмаслигини англадим. Бу ажойиб туйғу эди. Видеони кўриб, голнинг қанчалик ажойиблигини англадим. Мен учун узоқ масофадан йўлланадиган зарбалар энг чиройлиси ҳисобланади.

- Чехлар 1/8 финалда Нидерландия устидан қозонилган ғалабали ўйинда даҳшатли кўринишди, аммо Дания томонидан тор-мор этилди. Бу қанчалик қайғули эди?

- Албатта, ҳафсаламиз пир бўлди, лекин бошқа томондан, бу чегарамизнинг максимум нуқтаси эди, деб ўйлайман. Танаффусдан кўп ўтмай гол уриб, ҳисобни 1:2га етказган бўлсак-да, ўйинда олдинга ўтиш учун бизда мадор қолмаганди. Айтиб ўтганимдек, турнир жуда оғир кечди, жумладан, Бокудаги иссиқ ҳаво ҳам таъсир қилди. Финал ҳуштаги янграганидан кейин, албатта, кайфият тушиб кетди, аммо эртаси куни жамоамиз турнирни таҳлил қилганда, ҳеч ким хафа бўлмади. Бошимизни эгмадик, шунинг учун оғриқ ва умидсизлик йўқ эди.

- Бешта гол уриб, Криштиа­ну Роналду билан бирга турнир тўпурари бўлдингиз. Бу сиз учун нимани англатади?

- Турнир бошланишидан олдин Роналдудек кўп гол ура олишимни тасаввур ҳам қила олмасдим. Иккинчи ўрин учун совринимни олдим (паслари камроқ бўлганлиги туфайли) ва бу доимо эсимда қолади. Шундай йирик турнирда ном қолдиришга муваффақ бўлдим.

- «Байер»даги мавсумни қандай баҳолайсиз?

- Биз учун ҳаммаси яхши бошланди - ажойиб футбол кўрсатдик ва кўплаб вазиятлар яратдик, бу албатта, ҳужумчилар учун қувонарли. Аммо кейин маълум муддат муваффақиятсизликка учрадик. Ҳаммаси «Бавария»га қарши ўйиндан бошланди (1:5) ва шундан бери қийин даврни бошдан кечирдик, лекин энди уйғониб, имкон қадар тезроқ яна очко олишимиз керак. Мақсадимиз ҳамон ўша-ўша - Чемпионлар Лигаси йўлланмасини қўлга киритиш!

- Голлар бўйича шахсий мақсадларингиз қандай? Октябрь ойи охиридаги жароҳатингиздан олдин Бундеслиганинг 9 ўйинида 8та тўп киритгандингиз.

- Бундеслигада энг яхши тўпурар бўлиш ҳақида ўйламайман, айниқса, Роберт Левандовски ва Эрлинг Холланд каби йигитлар билан рақобатлашганда. Лекин ҳа, яхши формада эдим ва мунтазам равишда гол урдим. Агар сермаҳсулликни сақлай олсам, мавсум охирида яхши натижаларга эришишим мумкин.

- Агар қачондир Англияга кўчиб ўтсангиз, «Сампдория»даги собиқ жамоадошингиз Бруно Фернандеш билан яна учрашишингиз мумкин. Майдонда яна кўришиш қизиқ бўларди, ўша пайтда у қандай эди?

- Менга АПЛ доим ёққан - бу мухлислар ва футболчилар учун жозибали мусобақа. Келажакда нима бўлишини кўрамиз, лекин ҳозир Германияда бахтлиман ва шикоятга ўрин йўқ. Бруно билан Италияда яхши дўст эдик ва бирга кўп вақт ўтказдик. У ўзи хоҳлаганча ўйнамаган бўлса-да, қандай фантастик футболчи эканлиги аён эди, айниқса, унинг қарашлари ва ўйинни ҳис қилиш қобилияти... Лекин Фернандеш ўзи ёқтирган позицияда ўйнамади. «Спортинг»га ўтиш унга ёрдам берди, «Манчестер Юнайтед»­да эса улкан салоҳият эгаси эканлигини исботлади. Вақти-вақти билан ҳозир ҳам алоқада бўлиб турамиз.

- «Сампдория»дан «Рома»га ўтдингиз, аммо ҳаммаси режадагидек бўлмади. Нега?

- Бу катта пул эвазига (тахминан 40 миллион евро) катта қадам бўлди, шунинг учун менда босим кучли эди. Ўшанда атиги 21 ёшда эдим ва босим нима эканлигини билмасдим - буни олдин бошдан кечирмагандим. Афсуски, Римга келганимдан сўнг, дарҳол жароҳат олдим ва бир-икки ойга сафдан чиқдим, кейин эса ўзимни умидлар билан тўла ҳис қила бошладим. Мен ёш, тажрибасиз эдим ва имкон қадар тезроқ формага киришга шошилардим. Бошқа томондан, бу менга ёрдам берди: «Рома»га саёҳат ва жароҳатни қимматли сабоқ сифатида қабул қилдим - агар яна шунга ўхшаш вазиятга дуч келсам, энди бунга кўпроқ тайёр бўламан.

- Илк кумирингиз Дэвид Бекхэм бўлганини айтдингиз. Орқасида унинг исми ёзилган 12та футболкадан иборат коллекциянгиз борлиги ростми?

- Қанча футболкам борлигини аниқ эслолмайман, лекин ҳар таътилда биттадан олиб келардим. У «Реал Мадрид»да ўйнаётганида, чоп этган китобини ўқиганман, лекин «Манчестер Юнайтед»даёқ уни яхши кўриб қолгандим - ўша пайтда Бекхэм менинг севимли футболчим эди.

- Евродаги зарбангизга унинг 1996 йилги «Уимблдон» дарвозасига киритган машҳур голи илҳом бердими?

- Ҳа! Видеони кўрдим, лекин бу гол мени илҳомлантирган, деб айтолмайман.

М.ПЎЛАТОВ тайёрлади


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz