Қайднома

Қидирув

Ўзбекистон Суперлигасининг энг қимматбаҳо футболчилари: Ҳамробековдан Норчаевгача...

Ўзбекистон Суперлигасининг энг қимматбаҳо футболчилари: Ҳамробековдан Норчаевгача...

  03.01.2022 02:22
  0
  280
Ўзбекистон Суперлигасининг энг қимматбаҳо футболчилари: Ҳамробековдан Норчаевгача...

Жаҳон футболи юлдузларининг трансфер бозоридаги нархи уларнинг майдондаги кўрсатаётган ўйинига қараб, тез-тез ўзгариб туриши миллионлар ўйини ишқибозлари учун жуда бир оламшумул янгилик ҳисобланмайди. Қанчалик ғалати туюлмасин, ушбу тенденция бир машҳур ичимлик суви номи билан аталадиган Ўзбекистон Суперлигаси футболчилари учун ҳам амал қилади ва Transfermarkt портали уларнинг трансфер нархини рейтинг қилиб борилади. «Дарё» қуйида ана шу рейтингнинг кучли ўнлигидан жой олган футболчилар ҳақида ҳикоя қилади.


Азизбек Турғунбоев, «Пахтакор», 700 минг евро

2021 йилги мавсум бошида «Навбаҳор»дан «Пахтакор»га ўтган Азизбек Турғунбоев кутилганидек, жуда ёрқин ўйин кўрсата олмаган бўлса-да, ҳар холда пойтахт клубининг аввалги каби унчалик ҳам кучли бўлмаган таркиби ичида йўқолиб қолмади. Ортда қолган мавсумда у 25 та ўйинда иштирок этиб, 5 марта ўз номини таблога ёздириб қўйди. Дунёга машҳур Transfermarkt портали наманганлик ярим ҳимоячининг трансфер нархини 700 минг еврога баҳолаган. Турғунбоевнинг ёши (27) ва катта эҳтимол билан чет эл клубларига йўл олмаслиги инобатга олиниб айтилса, мазкур нархнинг кўтарилиши амри маҳол.


Ҳусайн Норчаев, «Насаф», 700 минг евро

Ўтган мавсумдан бошлаб, «Насаф»нинг асосий жамоасида мунтазам ўйнаб келаётган Норчаев бу йилги биринчиликда том маънода ўзининг нималарга қодирлигини тўлалигича намойиш қилди. 19 ёшида «Насаф»нинг асосий фигураларидан бирига айланган ҳужумчи ҳам Суперлигада, ҳам халқаро майдонда тўпурарлик қобилиятини кўрсатди. ОФК Кубогида 7 та гол билан мусобақанинг энг сермаҳсул ўйинчиси бўлди, Ўзбекистон чемпионатида эса 13 та гол билан Драган Черан (16) ва Темирхўжа Абдухолиқовдан (14) кейин 3-ўринни эгаллади. Бундан ташқари у Ўзбекистонда 2021 йилнинг энг яхши ёш ўйинчиси деб топилди.

Умуман олганда Норчаев Ўзбекистон чемпионатида ўз даражасини кўрсатиб бўлди. Шундай экан Ўзбекистон чемпионатидан «бош олиб кетиш» у учун ҳам, ўзбек футболи учун ҳам фойдадан ҳоли бўлмайди.



Шоҳруз Норхонов, «Сўғдиёна», 750 минг евро

2021 йилги мавсумда «Сўғдиёна» ўз тарихида илк марта Ўзбекистон чемпионатида кумуш медалларга эга чиқди. Улуғбек Бақоев жамоасининг бу натижага эришишида, шубҳасиз, Шоҳруз Норхоновнинг ҳиссаси катта бўлди. Унинг чемпионат баҳсларида киритган 10 та голи ҳам бунга исбот бўла олади. Голлардан ташқари ҳам Шоҳруз бир неча мавсумдан бери жиззахликлар сафида барқарор ўйин кўрсатиб келмоқда. Шунингдек, унинг айнан «Сўғдиёна» сафида қўним топганини алоҳида қайд этиш керак. Шоҳруз унгача бир неча йиллар қисқа муддатдан «Бунёдкор» ва «Обод» сафида ҳаракат қилган.

Норхонов ҳозирда 28 ёшда ва агар ушбу спорт формасини ушлаб тура олса, бемалол яна бир-икки мавсум Суперлига жамоаларида тўп сура олади.


Йован Жокич, «ОКМК» / «Навбаҳор», 750 минг евро

Ўзбекистон чемпионатида тўп сураётган кам сонли (нисбатан) талабга жавоб берадиган (маҳаллий футболчилардан камида «бир калла» устун бўлиши назарда тутилмоқда) легионерлардан бири Йован Жокич 2018 йилдан бери серқуёш Ўзбекистонда ўз насибасини териб юрибди. «ОКМК»дан ташқари, маълум муддат «Локомотив»да ҳам ҳаракат қилган сербиялик ярим ҳимоячи ўтган мавсумда «кончилар»нинг 3-ўринни эгаллашида муҳим ўрин тутди.

Шунингдек, у айни дамда 750 минг евро трансфер нархи билан Суперлиганинг энг қиммат легионери бўлиб турибди.

Таянч ярим ҳимоячи зонасида тўп сурадиган Йович ҳозирда 29 ёшда ва фаолиятидаги етуклик даврини ўтказмоқда. У янги мавсумни Самвел Бабаян қўл остида «Навбаҳор» сафида бошлайди.



Темурхўжа Абдухолиқов, «Локомотив», 750 минг евро

 «Бунёдкор» клубида катта футболга қадам қўйган Абдухолиқов фаолияти давомида қатор маҳаллий ва хориж клубларида ҳаракат қилишга улгурган. Бироқ уларнинг ҳаммасини ҳам муваффақиятли ўтган дейиш бироз мушкул. Ўз вақтида ёрқин ўйинлар кўрсатгани туфайли ўзбек футболининг келажаги деб ном берилган Абдухолиқов, афсуски, ўз салоҳият ва имкониятларини тўлалигича очиб бера олмаган. 30 ёшли ҳужумчи бир неча йиллардан бери Тошкентнинг «Локомотив» клуби шарафини ҳимоя қилиб келмоқда. Унинг ўтган мавсумдаги статистикаси қуйидагича бўлди: 23 ўйин, 14 та гол.

Сўнгги маълумотларга қараганда, 2022 йилги мавсумни Абдухолиқов катта эҳтимол билан «Насаф» ёки «Қизилқум» сафида бошлайди. У «темир йўлчилар» билан шартномани узайтирмади.



Нурилло Тўхтасинов, «Бунёдкор», 800 минг евро

Ёш таркиб ва мақтаниб бўлмас даражадаги молиявий аҳволи билан «Бунёдкор» 2021 йилги мавсумни 5-ўринда якунлади. Ёрқин юлдузи ва яққол етакчиси бўлмаган Шуҳрат Мақсудов жамоасида Нурилло Тўхтасинов мавсум давомида барқарор ўйин кўрсатиб келди. Ва кўп ҳолларда айнан унинг фаол ҳаракатлари эвазига «қалдирғочлар» муҳим бўлган очколарни қўлга киритди.

Фаолиятининг деярли катта қисмини «Бунёдкор»да ўтказган Тўхтасинов ҳозир 24 ёшда ва ўз жисмоний имкониятларидан келиб чиқиб, узоқ йиллар Ўзбекистон чемпионати клубларида тўп суриши мумкин.



Ҳожиакбар Алижонов, «Пахтакор», 800 минг евро

 «Пахтакор» академияси тарбияланувчиси ҳисобланган Ҳожиакбар 2016 йилдан бери асосий жамоага жалб этиб келинади. Алижонов «Пахтакор»нинг энг кучайган вақтида ҳам рақобатни енгиб, асосий таркиб футболчисига айланганди.

Алижонов тезкор ва мунтазам равишда ҳужумларга қўшилиши ва ўйинни ўзига олишдан чўчимаслиги билан ампуласидаги бошқа футболчилардан ажралиб туради. У ортда қолган мавсумда Суперлига доирасида 20 та ўйин ўтказиб, 3 та голли узатмага муаллифлик қилди.


Сардор Собирхўжаев, «Пахтакор», 800 минг евро

Сардор Собирхўжаев ўз вақтида Осиёни титратган, таркибида Аббос Махситалиев, Тимур Ҳакимов бўлган ўсмирлар терма жамоасининг ўртамиёна футболчиларидан бири эди. Аммо у ўша таркибдан ҳозир Суперлигада ўйнаётган кам сонлилардан ҳисобланади. Юқорида таъкидланганидек, «Пахтакор» кучайган Шота Арвеладзе даврида ҳам кучли рақобатда йўқолиб қолмаган Сардор, асосан, майдондаги «қора ишлар»ни бажаради.

У уч-тўрт ҳимоячини алдаб ўтмаслиги ёки ҳар ўйинда гол урмаслиги мумкин, бироқ зийрак мухлислар биладики, жамоанинг ўйинини айнан таянч зонасидагилар белгилаб беради. Яна шуни алоҳида таъкидлаш жоиз, унда интизом борасида ҳам камдан-кам ҳолларда муаммо кузатилади. Одатда унинг позициясида ўйнайдиган футболчиларда карточкалар сони кўпайиб кетиши бор гап, Собирхўжаев эса ўз ишини «тоза» бажаради.


Достон Ҳамдамов, «Пахтакор», 900 минг евро

Фаолияти давомида бир неча бор легионерга айланган ва ҳар сафар муваффақиятга эришмаган Достон Ҳамдамов 2021 йилнинг ёзида «Пахтакор»га қайтди ва мавсумнинг қолган қисмида «шерлар» сафида 12 та ўйин ўтказиб, 2 та голли узатмага муаллифлик қилди.

Достоннинг трансфер нархи рўйхатдаги футболчилардан фарқли равишда кўтарилиш ўрнига тушмоқда. У бундан бир йил аввал 1 миллион 200 минг еврога баҳоланганди. Бунга етарлича сабаблар бор, улардан бири сифатида Достоннинг ўйинида бир неча йилдан бери аввалги шижоатнинг йўқолганини айтса бўлади.



Одилжон Ҳамробеков, «Пахтакор», 1 миллион евро

Суперлиганинг энг қиммат ўйинчиси ҳисобланган Одилжон Ҳамробеков катта футболга 2013 йилда «Насаф» жамоаси орқали кириб келган ва тезда ўз ўрнини топиб олишга муваффақ бўлган. Шунингдек, у ўсмирлар ва ёшлар терма жамоасидаги ўйинлари орқали ҳам мухлис ва мутахассисларнинг эътиборини ўзига жалб этган. 2019 йилдан эса «Пахтакор» шарафини ҳимоя қилиб келмоқда — орада ярим мавсум БАА клубида ижара асосида тўп тепди.

Ҳозирда у яна «Пахтакор» сафида Собирхўжаев билан биргаликда рақиб ҳужумларини бузиш ва жамоанинг янги ҳужумини бошлаб бериш билан шуғулланмоқда. Унинг устун томонлари сифатида майдонни яхши кўра олиш ва курашлардан қочмаслигини айтиш мумкин.


Манба: daryo.uz, iff.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz