Қайднома

Қидирув

Лукаку «Интер»ни қўмсаяпти, нега?

Лукаку «Интер»ни қўмсаяпти, нега?

  04.01.2022 15:00
  0
  279
Лукаку «Интер»ни қўмсаяпти, нега?

«Челси»нинг бельгиялик бақувват ҳужумчиси Ромелу Лукаку Италиядаги фаолиятини ҳамиша қувноқ кайфиятда эсга олади. Ҳар ҳолда, у «А» серияда тўпурарлик салоҳиятини намойиш этиб, нималарга қодир эканлигини тўла исботлади. Мана, Ромелу Sky Sport телерадиоканалига берган интервьюсида ҳам «Интер» ва жамоа мухлисларига доимо қалбан очиқлигини алоҳида тилга олди.

- «Интер» тиффозиларини ҳамон битта савол ўйлантиради: Лукаку жамоа билан шартномаси муддатини узайтиришдан нега бош тортди?

- «Интер» билан қойилмақом ишни амалга оширдик. Аслида скудетто қўлга киритилгач, жамоа менежерлари билан келажагим ҳақида гаплашдим. Оддий айтганда, шартнома муддатини узайтиришга мойил эдим. Зеро, Милан шаҳри оилам учун ҳар томонлама маъқул келганди. Қолаверса, 28 ёшда эдим ва Италияда яқинларим билан бахтиёр яшашда давом этишни хоҳладим. Аммо кўп нарсалар бир-бирига мувофиқ келмади ва кетиш энг мақбул чора сифатида кўринди. Албатта, бундай қарорга келишда роса қийналдим. Бинобарин, қолишим юзасидан ўзимга яқин айрим футболчилар билан ҳам гаплашдим. Хусусан, Бастоне ва Шкриньяр билан. «Челси» вакиллари расман алоқага чиқишларидан аввал Инзагига қўнғироқ қилдим. Айтишим керак, у мен билан жуда яхши муносабатда эди. Умуман, айтишим керак, Симоне ва унинг штабига гап йўқ, клубга ҳам эътироз билдиришим жоиз эмас. «Интер»да ҳақиқий мардлар ишлашади. Фақат жамоанинг мен билан ҳамкорликни давом эттиришга чинакамига уринмагани бироз безовта қилди. Яна бир гап: келишувга эришмаганимизда пулнинг мутлақо аҳамияти йўқ.

- Хўш, асосий гап нимада эди?

- Ҳаммасига жадаллик, ишонч ва чақирув масаласи сабабдир. Англиядаги 8 йиллик фаолиятим мобайнида АПЛда бирор марта ғалаба қозонмаганим, болаликдан «Челси»нинг ашаддий мухлиси бўлганимни ҳисобга олсак, ушбу чорловни рад этишим қийин эди.

- Айтингчи, қарорингизда Антонио Контенинг «Интер»дан кетгани таъсири ҳам борми?

- Асло. Мураббийнинг жамоадан кетаётганини Дубайда эшитдим - у ерда ҳордиқ чиқараётгандим. Ҳа, бу хабардан ҳафсалам пир бўлгани рост, лекин Инзаги бошқарувида ҳам янги ғалабалар сари дадил боришимизга шубҳаланмагандим. Дейлик, Симоне қўл остида «Лацио»да ўйнаган укам Жордан ҳамиша у ҳақда ижобий фикрлар билдирарди. Қисқаси, ҳамкорлик тугашига шартномани янгилаш масаласидаги муваффақиятсизлик сабаб, холос.

- Дарвоқе, «нерадзурралар» таркибидаги дастлабки мавсумдан кейиноқ жамоадан кетишингиз ҳеч гап эмасди...

- Ўшанда «Манчестер Сити»нинг ўта манфаатли таклифига рад жавоби бергандим. Ваҳоланки, «шаҳарликлар» «Челси»никига нисбатан анча кўп маош беришга тайёр эдилар. Нега кетмадим? Шунчаки, хоҳламадим, вақти эмасди, ҳар ҳолда. Ахир Манчестерда тубликка тушиб қолганимдан сўнг мени тортиб олиб, фаолиятимни қайта тиклаган «Интер»да атиги бир мавсум ўйнагандим. Тақдир экан, кейинроқ бу жамоа билан хайрлашишга мажбур бўлдим. Ҳакими кетди, Конте кетди, қолаверса, клуб ҳақида турли миш-мишлар тарқалди... Ишлар бошқачароқ тус олганида, эҳтимол, «Интер»да қолармидим.

- Умуман, «Интер» мухлисларини ҳозирги жамоага муносабатингиз ҳам қизиқтиради.

- «Интер»нинг бирор ўйинини қолдирмасликка ҳаракат қиляпман. Лекин ҳозирги ва ўтган йилги «Интер»ни ўзаро солиштиришни хоҳламайман. Қайси жамоа яхшироқ ўйнаса, ўша ғалаба қозонади. «Интер» таркибидаги йигитларни қадрлайман. Ахир бугунги Лукаку даражасига айнан улар туфайли чиқдим. Умуман, «Интер» ҳар доим энг яхшисига лойиқ, унинг мухлислари ҳам.

- Сизни «Ювентус» ўз сафида кўрмоқчи. Қизиқ, бу вариантга қандай қарайсиз?

- Ҳеч қачон, ҳеч қачон ва яна бир марта ҳеч қачон! Туринликлар ранжишмасин, лекин агар Италияга қайтсам ҳам, фақат «нерадзурралар» сафига бораман. Тўғри, «Ювентус» вақтида мени сотиб олишга уринганди, жамоа вакиллари билан гаплашганман, лекин бу - ўтмиш. Эсимда, Италияга юз буришдан олдин фақат «Интер»дан таклиф кутдим, Конте жамоа бошқарувини қўлга олгач эса, бу борада ҳеч қандай шубҳа қолмади. Хуллас, Италияда мен учун фақат битта жамоа мавжуд - «Интер».

- Ҳозир «Челси»даги ҳолатингиз қандай?

- Жисмоний жиҳат бўйича аввалгидан ҳам яхшироқман. Мураббий бошқача тактикада ўйнашимни талаб қилмоқда. Ҳа, бу ҳолат менга ёқмаяпти, лекин шунчаки, қўл кўтармоқчи эмасман. Аксинча, тиним билмай ишлашни маъқул кўраман. Шу аснода нималарга қодирлигимни исботлашим мумкин.

- Лаутаро Мартинесни қўмсамаяпсизми?

- Ажойиб футболчи. У билан кўп гаплашишим шарт эмасди, майдонда бир-биримизни идеал тарзда тўлдирардик. Биринчи кунданоқ у билан ажойиб ишларни бажара олишимизни тушунгандим. Балки «Челси»да яна бирга ўйнармиз? Йўқ, яхшиси, ўзим ортга қайтаман...

- Эриксен ҳақида нима дея оласиз?

- Қўйинг, эсга солманг... Крис­тианнинг майдонга қулаши чиндан ҳам, жуда қайғули эди. Италияда оиламдан кўра, жамоада кўпроқ вақт ўтказдим. «Интер» футболчилари - бир умрлик ака-укалар. Умид қиламанки, Кристиан ҳозир ўзини яхши ҳис қилмоқда ва одатий ҳаётини давом эттиради.

Томас Тухелнинг муносабати

Ромелу Лукакунинг «Интер» ҳақидаги илиқ гаплари аллақачон Лондонга ҳам етиб борди, албатта. Бунга аввалига мухлислар ижтимоий тармоқлар орқали муносабат билдиришди, кейин бош мураббий Томас Тухель ҳам алоҳида баёнот берди: «Яширмайман, Лукакунинг интервьюси менга ҳам ёқмади. Бундай гаплар жамоага ёрдам бермайди. Лукаку нега «Интер»ни қўмсаётганини очиқ-ошкора айтгани, бунинг ортида нима турганини англашимиз керак. Ҳайратдаман, чунки у «Челси»да бахтсиз эмас. Умуман, Ромелу даражасидаги муҳим футболчи ҳамиша диққат марказида бўлиши ва ҳар қандай сўзлари кучли реакция келтириб чиқаришини билиши керак, айниқса, клубнинг ҳозирги ғалабасиз даврида...».

М.ПЎЛАТОВ тайёрлади


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz