Қайднома

Қидирув

Карло Анчелотти: «Бензема - дунё бўйича тенгсиз ҳужумчи»

Карло Анчелотти: «Бензема - дунё бўйича тенгсиз ҳужумчи»

  05.01.2022 04:40
  0
  308
Карло Анчелотти: «Бензема - дунё бўйича тенгсиз ҳужумчи»

Карло Анчелотти Мадриддаги фаолиятининг иккинчи босқичидан чинакамига лаззатланмоқда. Ҳар ҳолда, «Реал» Ла Лига турнир жадвалида яққол пешқадам, жамоа ЧЛ-2021|2022да ҳам чакки таассурот қолдирмаяпти. Тўғри, «Қироллик клуби» олдида «ПСЖ»га қарши кечадиган биринчи «плей-офф» ўйинлари турибди. Дон Карло клуб телевидениесига берган интервьюсида ортда қолган ва бўлажак учрашувлар ҳақида гапирди.

- Дон Карло, «Реал» мутлақо ўзгарди. Айтингчи, жамоага айнан нима олиб кирдингиз?

- Кўп йиллик тажриба ва ишонч уйғотиш қобилияти билан келдим. «Мадрид»да юқори савияли футболчилар бор, мураббий уларга шунчаки, ишонч бағишлаши керак. Шунингдек, ёшлар ва фахрийлар ўртасидаги мувозанатни топиш ҳам муҳим. Ўйлайманки, бунга эришдик. Лекин алоҳида айтаман, Мадридда жамоа аллақачон шакл­ланган эди.

- Жамоадан қайси сов­ринларни кутсак бўлади?

- Қандайдир ваъда бериш унча тўғри эмас. Фақат «Ре­ал»нинг охиригача курашишини айтишим мумкин. Ҳозир барча мусобақаларда яхши иштирок этяпмиз. Мавсумнинг биринчи ярмида атиги 2 марта мағлубиятга учрадик: Ла Лигада «Эспаньол» ва ЧЛда «Шериф»дан. Ўша баҳсларда бизга Модрич ва Кроос етишмади. Иккиси сафга қайтгач, жамоа ўйини яна тиниқлашди.

- Бугунги «Реал»ни Анчелоттининг Барези, ван Бастен ва Гуллитга эга бўлган собиқ клуби - «Милан» билан солиштириш мумкинми?

- Ҳозирги жамоа ҳар бир футболчининг ички имкониятидан келиб чиққан ҳолда тузилган. Йигитлар қайси жиҳатда кўпроқ наф келтиришларини аниқлаш айнан мураббийнинг ишидир. Мадридда шундай мувозанатни тикладик: баъзи футболчилар тажрибалироқ, айримлари фидойи­роқ, кимдир тезроқ... Қисқаси, жамоа ўйини ҳар бир ижрочининг техник, жисмоний ва тактик салоҳияти аралашмаси асосида қурилмоқда.

- Лука Модрич феномени ҳақида нима дейсиз?

- Унда ҳаммаси мужассам: иштиёқ, генетика, тажриба ва ҳоказо. Лука шунингдек, ўзига нисбатан ҳам талабчан, ҳам ўта эҳтиёткор. Яъни  машғулотлардан тортиб, овқатланиш тартибигача - барчасига эътиборли. Шунинг эвазига ҳамон юқори даражада ўйнамоқда. Хуллас, ҳақиқий профессионал.

- Кроос ва Бензема ҳам Модрич йўлидан боришяпти...

- Ҳар куни уларнинг қандай ишлаётганларини кўриб турибман. Ўйлайманки, ҳар уч футболчи 40 ёшигача юқори савияда кураш олиб боришга қодир. Тўғри, Бенземага нисбатан қийинроқ, чунки у ярим ҳимоячиларга нисбатан кўпроқ югуриши керак.

- «Реал» бугунги кунда чиндан ҳам, жаҳондаги энг кучли марказий чизиққа эгами?

- Ҳа. Эҳтимол, бошқа клубларда икки жарима майдони оралиғида янада яхши ҳаракатланадиган классик ярим ҳимоячилар бордир, аммо Модрич, Кроос ва Каземиро тажриба ҳисобига ақл бовар қилмас даражада ўйнашади. Хуллас, ушбу трио майдонда бўлса, кўнгил мутлақо хотиржам...

- Бензема айни пайт дунё рейтингида қандай позицияга эга?

- Менимча, у энг кучли марказий ҳужумчи. Қаранг, Карим худди Роналду ва Холанд каби мунтазам гол урмоқда. Бензема - ўйинда фарқ­ни яққол кўрсата оладиган футболчи. Буни «Атлетик» билан ўйинда ҳам кўрдик.

- Жамоанинг янги вакили Камавинга қандай баҳога лойиқ?

- Камавинга, Вальверде каби ёш йигитлар Модрич, Кроос ва Каземиро билан рақобатлашишмоқда. Шундай экан, келажакда ўз жойларини топиш имкониятини қадрлашлари керак. Камавинга - ақл бовар қилмайдиган истеъдод. Аммо ўз позициясида ўйнаш учун ҳали ўрганиши, тажриба орттириши зарур. Ҳозирча Модрич, Кроос ва Каземиро иштирокидаги ҳар бир машғулот 19 ёшли Камавинга учун мастер-сабоқдир.

- Винисиусда янада ўсиш имконияти қандай?

- Жуда катта. Винисиуснинг тезлигига гап йўқ. Ҳеч қачон бундай қобилиятли йигитни кўрмаганман. Тўғри, у ҳам ҳали баъзи жиҳатлар устида анча тер тўкиши керак. Масалан, тўпсиз ўйнаш, эркин ҳудуд яратиш ва зарба йўллаш масаласида.

- Умуман, ёшларга жамоа келажаги сифатида қараш мумкинми?

- «Мадрид»даги асосий мақсадим - ғалаба. Шунинг баробарида ёшлар тараққиёти ҳам катта вазифадир. Ҳозир «Кас­тилья» билан жуда яқин ҳамкорликда ишлаяпмиз, бир қатор йигитлар асосий таркибда дебют қилишга улгуришди. Шубҳасиз, улар - клуб келажаги. Ёшларни аста-секин жамоага қўшиш ва рақобатга кўниктириш муҳим. Буни Бильбаодаги ўйинда Петер Федерико мисолида ҳам кўрдик.

- ЧЛ қуръаси ҳақида...

- Афсус, яққол хато рўй берди. Аммо бу шунчаки, хато. Бошқа ҳеч нарса эмас. Энди «ПСЖ»га қарши ўйинлар ҳақида ўйлашимиз керак. Мақсад - жамоа спорт формасини ушлаб туриш ва йўлда давом этиш. Февраль ойигача жамоа жароҳатлар ва коронаривусдан буткул фориғ бўлишини истайман.

- ЧЛдаги вазифа...

- Фақат «Реал»нинг охиригача курашишига ваъда беришим мумкин. Турнирда яққол фаворит йўқ. «Ливерпуль» ҳам, «ПСЖ» ва «Бавария» ҳам худди «Реал» каби фаворитлар қаторида. Ўйлайманки, Испания жамоалари Европанинг барча турнирларида охиригача курашади. Бунга Ла Лигада ажойиб футбол борлиги асосдир.

- Ла Лиганинг биринчи ярми «Реал» ҳисобида, давоми-чи?

- Ҳа, бизда устунлик бор, аммо ғалабани нишонлашга ҳали эрта. «Атлетико» ва «Барса»нинг анча ортда қолгани рост. Лекин «Севилья»ни эсдан чиқармаслик лозим. Ла Лига мураккаб турнир, ҳеч қачон енгил ўйин бўлмайди.

- Анчелотти «Реал»нинг пандемиядан омон қолганидан ҳайронми ёки йўқ?

- Йўқ, ҳайрон эмасман. Чунки клуб тизимини ҳам, унинг президентини ҳам яхши биламан. Тўғри, жамият ва иқтисод учун шундай оғир даврда «Реал»нинг юқорида қолиб, стадион қурилишига маблағ ажратиши ҳайратланарли, албатта.

- Холанд ва Мбаппе каби энг яхши ҳужумчилар янги «Бернабеу»да ўйнашлари шартми?

- Жамоа келажагини бугунгилар ва келадиган янги ёшлар белгилаб беришлари тайин. Таркибга айнан кимлар қўшилишларини билмайман, аммо бугунги мураббий шу ерда қолишидан умидворман. Чунки «Реал»нинг узоқ вақт юқори савияда кураш олиб боришига шубҳам йўқ.

- Имкон берилса, Санта Клаусдан нима сўрар эдингиз?

- Алоҳида нимадир сўрамайман, фақат пандемия батамом тугашини истайман. Шунда ҳаммамиз омонликда бўламиз.

МУҲАММАДХОН тайёрлади


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz