Қайднома

Қидирув

АПЛ стандартларга собит, бироқ...

АПЛ стандартларга собит, бироқ...

  07.01.2022 04:54
  0
  220
АПЛ стандартларга собит, бироқ...

Англия клублари бу сафарги Boxing Day куни уй ўйинларига мўлжалланган асосий футболкадан воз кечиб, захира либосларида майдонга тушишга тайёр эди. Аммо АПЛ раҳбарияти уйсизларни қўллаб-қувватлашга қаратилган ушбу акцияга қарши чиқди. Нега?

Ҳа, охирги Boxing Day ўзгача бўлиши мумкин эди: АПЛнинг барча клублари 26-27 декабрь кунлари меҳмондаги ўйинлар учун мўлжалланган формалар ёки захира либослардан фойдаланишга розилик берганди. Shelter хайрия муассасаси клубларни байрам ўйинларида уй формасидан воз кечиб, бошпанасизларни қўллаб-қувватлаш, шу аснода жамоатчилик эътиборини тортишга чақирди. Ташкилот бунда барча клубларга махсус тақдимот юбориб, 26-27 декабрь кунларига белгиланган уй учрашувларида асосий формадан воз кечишни сўради, шунингдек, фойдаланилган футболкаларни ўйин­дан кейин хайрия аукционига топширишни ҳам. Бу ғояни жумладан, «Тоттенхэм» биринчилардан бўлиб қабул қилди, аммо АПЛ раҳбарияти стандарт мезонлар муҳимлигини айтиб, акцияга қарши чиқди.

No Home Kit акциясидан кўзланган мақсад, маълум маблағ йиғиш баробарида жамоатчиликка уйсизлар муаммолари ҳақида яна бир бора бонг уриш эди. Аслида ғояни амалга оширишга ҳеч нарса халақит бермасди. Дейлик, жамоалар либослари рангларида чалкашлик бўлмаслигини осонгина таъминлаш имкони бор эди. Кўплаб клублар ҳаракатни дарҳол қўллаб-қувватлади, аммо АПЛ ноябрь ойидаёқ ғоя стандартларга зид эканлигини билдирди: «Бу қои-даларга мувофиқ эмас. Зеро, мезбон жамоалар фақат асосий формада майдонга тушиши керак».

Ижтимоий тармоқларда кўпчилик АПЛнинг ушбу қарорини тушунмади. Эътирозлар ҳам етарли. Чунончи, англиялик футбол мутасаддилари яқиндагина қоидалардан истисно тариқасида четга чиқиб, Криштиану Роналдунинг «МЮ»да 7-рақамни олишига рухсат беришди. Ваҳоланки, қоидаларга кўра, футболчилар мавсум стартида белгиланган рақамни сақлаб қолишлари керак. «МЮ»нинг 7-рақами остида эса Эдинсон Кавани рўйхатга олинганди. «Тасаввур қилинг-а, бошпанасизларга озгина маблағ йиғиш ва уларнинг муаммоларини кўтаришга қаратилган акция рад этилди. Тўғри, клублар жиддийроқ турганида, раҳбарият ўз фикрини ўзгартирармиди?» - дея эътироз билдирди Гари Невилл «Твиттер»даги саҳифасида. Аммо АПЛ бу гал ўз позициясида қатъий турди: «Премьер-лигага ҳар мавсум хайрия ташкилотларидан жуда кўплаб сўровлар тушади, афсуски, уларнинг барчасини қўллаб-қувватлаш имкони йўқ. Ҳа, клублар мустақил равишда хайрия тадбирларини қўллаш ҳуқуқига эга. Фақат бунда АПЛ қоидаларидан четга чиқмаслик талаб этилади».

Айтиш ўринли, «Тоттенхэм» бу ҳаракатни имкони борича қўллаб-қувватлади, барибир. Яъни Антонио Конте шогирдлари «Кристал Пэлас»га қарши ўйин олдидан чигалёзди машғулотларини ўтказишга захира либосида тушишди. Футболкаларда - No Home Kit акцияси хэштеги. Клуб, шунингдек, мухлисларни ҳам 1та ўйинда уй формасидан воз кечишга чақирди. Бу борада стадионда алоҳида ёзув ҳам пайдо бўлди.

*** «Уотфорд» коронавирус таъсири ўлароқ, ўйнагани йўқ, шунга қарамай, клуб раҳбарияти мухлисларни акцияга қўшилишга ундади.

*** Англия футбол лигаси (Чемпионшип, Лига 1 ва Лига 2) бу масалада ортиқча муаммо кўрмади, шунинг учун қуйи дивизионларда акция амалга ошди.

Сўз

No Home Kit акциясига имкон қадар кўпроқ жамоалар қўшилишини истадик. Қолаверса, футболчилар ва мухлислар ҳам бошпанасиз одамларнинг муаммоларига бефарқ қарамасликларини хоҳладик. No Home Kit акциясининг ҳар бир иштирокчиси уй-жой билан боғлиқ муаммоларни ҳал этишда футбол жамоатчилигини бирлаштириш учун муҳимдир. Усама Бхутта (Shelter хайрия ташкилоти директори).


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz