Қайднома

Қидирув

Шахс: ФУТБОЛЧИ ВАЛЕРИ КАРПИНДАГИ ДАДИЛЛИК...

Шахс: ФУТБОЛЧИ ВАЛЕРИ КАРПИНДАГИ ДАДИЛЛИК...

  10.01.2022 05:50
  0
  513
Шахс: ФУТБОЛЧИ ВАЛЕРИ КАРПИНДАГИ ДАДИЛЛИК...

Ўзига хос табиат соҳиби бўлган Валерий Карпиннинг футболчилик фаолияти феъл-атвори каби ўзига хос тарзда кечганди. Бир пайтлар у Романцевдан «Чўтир юз» лақабини олган, «Барселона»га ўтиш имкониятига бўлган, аммо баъзан машғулотда сигарета тутатишдан ҳам тап тортмаганди. Энди шу ўз билганидан қолмайдиган дадил йигит Россия терма жамоасига устозлик қилмоқда.

Валерий Карпиннинг термаси айрим жиҳатлари билан унинг футболчилик даврини эслатади. Яъни, имконсиз вазиятларда ҳам натижага интилади. Жамоанинг ЖЧ-2022 саралашидаги ўйинлари бунга яққол мисол бўла олади. Футболчилик даврида Валерий шунақа эди. Унинг «Спартак»даги дебюти ҳам мураккаб кечди, Испанияга йўл олиши ҳам осон бўлмади, у ерда 3 ой ичида тил ўрганди, Мостовой уни «Сельта»тага ўтишдан қайтарди, «Барса» варианти барбод бўлгач, «Реал Сосьедад»га ўтди ва «Реал Мадрид» билан чемпионлик учун курашди. Шунингдек, Россия терма жамоасида бир нечта афсонавий голларни амалга оширди, албатта.

1990 йилда Валера «Олимпийский» манежида илк марта «Спартак» либосида ЦСКАга қарши азалий дербида майдонга тушганди. Уни 72-дақиқада захирадан туширишганда, ҳисоб 3:3 эди. Ўшанда Карпин майдонга ҳаворанг рейтуз билан тушиб, мухлислар кулгисига сабаб бўлганди. Тез орада «Спартак» мухлислари юзидаги табассумдан асар ҳам қолмади: марказда дриблингга киришган Валера тўпни йўқотди ва ЦСКАга қарши ҳужумга ўтиш имконини берди. Рақиб унинг хатосини кечирмади - 3:4.

Кейин нима бўлганини ёши улуғ мухлислар яхши биладилар: 82-дақиқада Карпиннинг узатмаси рақибнинг автоголига айланди, орадан 3 дақиқа ўтгач, Родионов унинг ассисти эвазига ғалаба голини урди - 5:4! «Ҳа, шу пайтгача жамоамизда бунақа футболчи бўлмаганди. Илк бора майдонга тушиб, аввал «қовун» туширди, кейин 2та гол билан айбини ювди», - деганди Романцев ўйиндан кейин. Аслида мураббий 3:1 ҳисобида олдинда бораётган жамоа ўйинини янада жонлантириш мақсадида ёш, лекин дадил Карпинни жангга ташлаганди.

Кейинчалик Валерий Испанияда мағлубиятни ўта бепарволик билан қабул қилишларидан ҳайрон бўлганди: «Жамоа енгилганда, туни бўйи ухламай чиқардим. Бошқалар эса буни хотиржам қабул қилишарди: «Аслида ёмон ўйнамадик. Ҳа, юта олмадик. Ҳечқиси йўқ, кейинги сафар ютамиз».

Ўзининг «Реал Сосьедад» билан тузган илк шартномасига Карп Новогорскда, автомобилининг капоти устида имзо чекканди. Шартнома матнини Корнеев русчага ўгириб турганди. Эҳтимол, кўпчиликнинг хабари йўқдир, аммо «Сельта» - Валерийнинг Испаниядаги 3-клуби. Унгача Карп «Реал Сосьедад» ва «Валенсия»да ўйнаган. «Спартак» вице-президенти мендан Испанияда тўп суриш истаги хусусида сўради. Ўшанда у «Сосьедад» вакиллари билан учрашган экан. Лекин уларнинг таклифи мени қониқтирмаганди». Кейинчалик испанияликлар Валера билан шахсан кўришиш ва розилигини олиш мақсадида Москвага келишган экан. «Биз Новогорск йиғинида эдик. Шартномада нималар ёзилганини билиш учун Игорь Корнеевдан ёрдам сўрадим. Ўйиндан кейин автомашинам капоти устида шартномага имзо чекдим», - дейди Карп.

Шартнома имзоланган бўлсада, ҳаммаси барбод бўлиши ҳам мумкин эди. Бу ҳақда Валерий Испанияга кетганига 2 йил бўлганида хабар топганди: «Спартак»нинг бирор-бир вакили алоқага чиқмаганлиги сабабли барча ҳужжатларни расмийлаштиришнинг иложи бўлмади. Биз жамоа вакилларини излай бошладик ва Олег Иванович билан «Спартак» вице-президентини топдик. Улар Марбельяда дам олишаётган экан. 1000 чақиримлик масофани босиб ўтиб, ўша ерда келишиб олдик».

ЖЧ-94 арафасида ярим ҳимоячи ўта асабий ҳолатда эди: «Бу жамоа ҳеч нарсага эриша олмайди. Бразилия тугул, ҳатто Камерунни ҳам енголмайди. Мен ЖЧда тўп суришни истайман, у кейинги фаолиятим учун жуда муҳим. Мен шарманда бўлишни эмас, муносиб бўлишни истайман». Россия Камерунни таслим этди, Карп 2та учрашувда майдонга тушди ва Испанияга йўл олди. «Мураббий кўрсатмаларини тушунишнинг иложи йўқ. Исм-шарифингни эшитганда, чала-чулпа тушунасан, доскага нималар чизилгани ва «фишкалар» қаерга қўйилганини кўриб, ўйнайверасан. Лекин мураббий жамоадошларингга, сенга нима деганини тушуна олмайсан», - деганди Валера «Сосьедад»даги илк кунларида. Кейин Карп 3 ойда испан тилини ўрганиб олди. Репетиторнинг айтишича, Карпдан аввал ҳам, кейин ҳам у шунчалик зеҳнли шогирдни кўрмаган экан.

Вақти келиб, Карп бир мавсумга «Сосьедад»дан «Валенсия»га ўтишга қарор қилди. Тез орада футболчи бу ишидан мамнун эмаслигини, агар фаолиятида қандайдир ўзгариш қилиши шарт бўлса, бу босқичдан воз кечишга тайёрлигини тан олганди. «Сельта» варианти пайдо бўлганида, у Мостовойга қўнғироқ қилди. «Мен унга бор ҳақиқатни, муаммолар бир талай, инфратузилма дабдала эканлигини рўй-рост айтгандим. Бироқ Валера ҳаммасини ҳал қилиб бўлганди. «Валенсия»да амалиётдан кўра муаммолар кўп эканлигига амин бўлгач, у мураббий таклифига розилик билдирганди. «Сельта»да Карп ўзини худди қадрдон жамоасидагидек ҳис эта бошлади. Илк учрашувдан бошлаб ўйинимиз юришиб кетди. Бош мураббий Хавьер Ирурета билан ҳам тезда тил топишиб олди. Дуэтимизнинг самарали ҳаракатларидан лол қолганлар бунинг сабабини сўрашар, биз эса бир хил услубда ўйнаётганимиз, буни улар тушуна олмасликларини айтардик», - деб ёзганди Мостовой ўз асарида. - Кейинчалик «Сельта»дагилар биз туфайли ҳакамлар уларга нисбатан ёмон муносабатда бўлиб қолганларидан нолийдиган бўлиб қолишди. Боиси, жамоада фақат биз ҳакамларни очиқ-ойдин тан-қид қилардик. Чунки улар арзимас баҳоналар билан мен ва Карпни сариқ, ҳатто қизил карточкалар билан жазолашарди». 

Тўғри, фаолиятидаги энг ажабланарли четлатишни Карпин «Сельта»да эмас, «Сосьедад»да олганди. Ўшанда жамоа «Депортиво» билан куч синашиб, 0:2ни дурангга айлантирганди. Валера сариқ олгани боис, мураббий уни ўйин тугашига 3 дақиқа қолганида алмаштиришга қарор қилганди. Табиийки, Карп майда қадамлар билан майдонни тарк эта бошлади, йўл-йўлакай «Депортиво» мухлислари билан қарсак чалиб хайрлашди. Оқибатда, ён чизиққа етиб келишга улгурмай туриб, иккинчи «сариқ» билан жазоланди.

2002 йилда Карпинда «Барселона»га ўтиш имконияти туғилганди. Бироқ трансфер сирли тарзда барбод бўлди: «Луи ван Гал мени «Барса»га чорлаганми? Ҳа, Вигодан самолётда учиб борганман. Мадридда агентим билан учрашиб, қўнғироқ қилдик. Улар келишув амалга оширилмаслигини айтишди. Мен эркин агент мақомида эдим. Демак, ҳеч ким пул ишлай олмасди».Карпинни бу омадсизлик ортиқча хафа қилмади - зудлик билан «Сосьедад»га қайтиб, «Реал» билан чемпионлик учун курашди. Якунда мавсумни 2-ўринда якунлади.

Валерий Карпин - ўзига хос тарихий кўрсаткич соҳиби. У 1992 йилда Россия терма жамоаси тарихидаги дастлабки гол муаллифи бўлганди. Ўшанда жамоа ўртоқлик учрашувида Мексикани 2:0 ҳисобида таслим этган, Карпин (аниқроғи, «КарпИн») эса пенальтидан ҳисобни очганди. Евро-2000 турнирининг саралаш босқичи Карпин фаолиятидаги энг ёрқин саҳифа бўлиб қолди. Францияга қарши сафар учрашувини Олег Романцев шундай хотирлайди: «Стад де Франс» майдонига тушаётганда, Валерка бизни маҳаллий мухлислар калака қилаётганларини кўриб қолган ва ғазаб билан «Ҳали кўрамиз ҳолингизни, петрушкалар», деганди. У ваъдасини бажарди - ўйин тугаши арафасида у Бартез дарвозаси томон интилди ва Цимбаларнинг ажойиб узатмаси эвазига ғалаба голини урди».

Энди дадил Карп мураббий сифатида терма жамоани Қатар мундиали сари етакламоқда.

Содиқ СОБИР тайёрлади


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz