Қайднома

Қидирув

Коррупция дарвозасига гол уриб бўлмайдими?

Коррупция дарвозасига гол уриб бўлмайдими?

  13.01.2022 05:25
  0
  249
Коррупция дарвозасига гол уриб бўлмайдими?

Футбол журналистлари сўнгги пайтлар дадиллик бобида бошқа ҳамкасбларимизга нисбатан анча илгарилаб кетишди. Диёр Имомхўжаев, Сардор Рашидов, Ислом Исмоилов, Темурхўжа Абдухолиқов, Садриддин Абдуллаев, Санъат Шихов берган ошкора интервьюлар фикримизнинг яққол далилидир.
Футболимиздаги муаммоларни ёритишга астойдил бел боғлаган жасоратли ҳамкасбларимизга, айни чоғда уларнинг мураккаб ва изтиробли саволларига жавоб бериш учун ўзларида куч топганларга қойил! Тўғри, интервьюлар жараёнида ҳар доим ҳам объектив позицияда туриш қийин. Чунончи, ҳақиқат пардасини кўтариш ҳеч қачон осон кечмаган. Майли, баъзан субъектив мулоҳазалар ҳам янграйверсин  интервьюлар жараёнида. Муҳими  - футболимизда чинакам ошкоралик руҳи, ҳақиқатни айта олиш кайфияти, янгиланиш муҳити шаклланаётгани!

Таъкидлаш жоиз, аксарият интервьюларда асосан, футболимизга дахлдор коррупцион ҳолатлар муҳокама қилинмоқда. Оддий айтганда, футбол ичидаги инсонлар ҳозиргача тилга кўчмаган маълумотларни очиқ-ойдин айта бошладилар. Президент Шавкат Мирзиёевнинг «Янги Ўзбекистон стратегияси» номли китобида ҳам жамиятни емирувчи иллат бўлмиш коррупция муаммосига алоҳида тўхталиб ўтилган. Мана, китобдан бир парча: «Коррупция демократик институтлар ва қадриятлар, ижтимоий-сиёсий адолат, қонун устуворлигига путур етказиб, изчил барқарор ривожланишга, иқтисодий ўсиш, жамият ва давлатлар барқарорлиги, хавфсизлигига жиддий таҳдид туғдирмоқда. Коррупция аллақачон локал муаммодан бутун дунё ҳамжамияти ва барча мамлакатлар иқтисодиётига салбий таъсир кўрсатадиган, трансмиллий ҳодисага айланган. У уюшган ва трансчегаравий жиноятлар учун ҳам имконият яратиб бермоқда. Айниқса, ҳозирги глобаллашув замони, минтақалар ва давлатлараро интеграция жадаллашиб бораётган мураккаб бир шароитда, коррупция барча мамлакатларда ҳам қатор муаммоларни келтириб чиқариб, жамиятни ич-ичидан емириб, пароканда қилиб ташлаш хавфини туғдирмоқда. Шу маънода, ўтган асрда яшаб ўтган америкалик ёзувчи Теодор Драйзернинг «Сармоядор» асарида айтилганидек, «Коррупция авж олган давлат, гўё ичидан емирилган мўрт дарахтга ўхшаб қолади. Шак-шубҳа йўқки, у биринчи жиддий синовга дуч келишидаёқ ағдарилади» (422-бет). Бу фикрларнинг нақадар тўғри ва ўринли эканини бугун ҳаётнинг ўзи кўплаб мисолларда исботлаб турибди.

Футбол - Ўзбекистон ҳаётининг, биз яшаб турган жамиятнинг бир қисми. Коррупция футболимиз ҳаётига қандай зарба бераётганини жамоатчилик яхши билади. Зарбаларнинг салбий таъсири коррупциядан холи бўлган расмий халқаро учрашувлар чоғи яққол билинмоқда. Гарчи миллий жамоамиз таркибида ҳар доим донгдор ва истеъдодли футболчилар тўп суришган, уларни  довруқли мураббийлар бошқарган  бўлишса-да, мундиал йўлланмаси ҳамон мухлисларимиз учун изтироб ва армондир. Ижобий натижага эришилмаётгани турли важ-сабаблар билан изоҳланса-да, якуний хулоса футболдаги коррупцияга бориб тақалаверади, барибир. Ҳа, коррупция футболимизни ич-ичидан емираётгани расмий халқаро учрашувларда ўз исботини топмоқда. Интервьюларда ҳам айнан коррупция футболимиз инқирози сабабчиси эканлиги таъкидланмоқда. Лекин лаънатларга муносиб ўша коррупцион ҳолатларни ҳали-ҳануз бирор мард ҳуқуқшунос ёки изқувар исботлай олмаяпти. Балки шунинг учундир Диёр Имомхўжаев sports.uz  сайтига берган интервьюсида «Суперлигада келишилган ўйинлар ҳамон учраб турибдими?» қабилида берилган саволга қўлида далил йўқлиги учун аниқ жавоб қайтаролмади. У ҳаттоки, келишилган ўйинлар бўлаётгани хусусида гапиришга ҳақли эмаслигини таъкидлаб, бу каби ёндашувини фактлар йўқлиги билан асослади. Диёр Имомхўжаевни тушуниш мумкин. Чунки у бугун бир вақтлар келишилган ўйинлар масаласини дадил кўтариб чиққан журналист эмас, балки ПФЛ мутасаддиси сифатида сўзламоқда. Этика нуқтаи назаридан ҳам масъул мутасаддининг исботсиз мулоҳаза айтиши ноўрин, албатта.

Аммо ҳеч ким исботлай олмаётган келишилган ўйинлар муаммоси мавжудлигини футболчилар айтишмоқда, ҳаттоки, бунга мисоллар ҳам келтиришмоқда. Шундай вазиятда Суперлигада келишилган ўйинлар бор ёки йўқлиги ҳақида эҳтиёткор муносабат билдириш ғалати эмасми?! Эҳтиёткорлик ўз-ўзидан пайдо бўлиб қоладиган ҳолат эмас. Эҳтиёткор бўлиш учун одам мураккаб вазиятларга тушиши ва ўша ҳолатдан ортга чекиниши эвазига халос бўлиши лозим. Эҳтиёткорлик - ҳамон футболимизда коррупцион элементлар кучлилигидан ва бунга қарши очиқ-ойдин курашувчилар босимга учрашларидан далолат. Эҳтиёткорлик - коррупциянинг муқаррар ғалабаси сари олиб борувчи йўл!

ЎФА ва ПФЛда футболимиз, хусусан, Суперлига ва Про лигадаги келишилган ўйинларга қарши қандай тизимли ишлар олиб борилаётганидан бехабармиз. Бу масала ҳар доим ҳам очиқланмайди. Балки шунинг учундир очиқлик масаласида кўпроқ журналистлар  ва фаолиятини якунлаётган футболчилар намуна кўрсатишмоқда. Қизиғи, интервьюлар жараёнида тилга олинган  келишилган ўйинларга нисбатан бирор расмий муносабат ҳам билдирилмаяпти. Интервью бераётган футболчи қийналиб, изтироб билан тилга олаётган келишилган ўйинларга «Ўтган ишга саловот» қабилида жиддий эътибор қаратилмаяпти. Фикримизча, мана шундай эътиборсизлик яна ва яна коррупция оловини ловуллатади. Келишилган ўйинларнинг ташаббускорлари интервью берган футболчилар ортидан қарсак  чалишади: «Ўзингча ҳақиқатни айтиб нимага эришдинг?» Футболимиздаги ошкораликка нисбатан бу каби лоқайд муносабат давом этаверса, инқироз сабабчиси - коррупцияга барҳам бериб бўлмайди. Инкор этмаймиз, футболимиздаги коррупцион ҳолатларга мутлақо барҳам бериш - мушкул вазифа. Мамлакатимиз раҳбарининг юқорида номи келтирилган китобида айни шу масалага доир бир маълумот учрайди: «Милоддан аввалги IV асрда Ҳиндистон Маурия империяси амалдори Чанакия давлат бош­қаруви ҳақидаги «Артхашастра» рисоласида давлатдан ўғирлик қилишга имкон берувчи қирқ усулни кўрсатган. Унинг фикрича, балиқ ўзи сузаётган сувни ичишини аниқлаб олиш мумкин бўлмаганидек, мансабдор шахслар ўзларига топширилган мулкни ўғирлайдими-йўқми, аниқлаш осон эмас» (418-бет).

Хуллас, футболимиздаги коррупцион элементларни фош қилиш ҳам осон эмаслиги кундай равшан. Лекин қўл қовуштириб ўтириш - инқирозни томошабин сифатида кузатишдек гап. Наҳотки, коррупция дарвозасига гол уриб бўлмайди?! Коррупция устидан йирик ҳисобда ғалаба қозониш, эҳтимол, хом хаёлдир, лекин уни лоақал кичик ҳисобда енгиш мумкиндир?!

Муҳаммад ВАЛИ, "ИнтерФУТБОЛ" газетаси


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz