Қайднома

Қидирув

РАКУРС: Қийин танлов ўртага тушганида...

РАКУРС: Қийин танлов ўртага тушганида...

  15.01.2022 03:30
  0
  240
РАКУРС: Қийин танлов ўртага тушганида...

«Манчестер Сити» дарвозабони Эдерсон ҳозир Бразилия термаси эмас, Португалия миллий жамоасида ўйнаши ҳеч гап эмасди, Альфонсо Дэвис эса Либерия ёки Гана байроғи остида майдонга тушиш имкониятига эга эди. Умуман, футбол оламида миллий жамоа танлаш бобида турли вариантларга рўбарў бўлган ажойиб ижрочилар сафи анча кенг. Бугун soccer.ru сайти маълумотлари асосида шундай мураккаб танловга юз тутган баъзи дарвозабонлар ва ҳимоячиларга тўхталамиз. Ярим ҳимоячилар ва ҳужумчилар ҳақида эса газетамизнинг кейинги сонларида ўқишингиз мумкин.

ДАРВОЗАБОНЛАР Эдерсон (Бразилия)

Вариант - Португалия термаси

Эдерсон 15 ёшидаёқ Португалияга йўл олган. У шундан 9 йил ўтиб, 24 ёшида Бразилия миллий жамоасида дебют қилди. Португаллар бу орада иқтидорли киперни маҳаллийлаштиришни ўйлашди. Зеро, уларда бу борада етарли тажриба бор (энг ёрқин мисоллар - Деку ва Пепе). Бироқ мамлакат футболи мутасаддилари бу имкониятни қўлдан чиқаришди.

 

Ян Облак (Словения)

Вариантлар - Сербия ҳамда Босния Герцеговина термалари

Ян Облакнинг онаси - Стоянка Майкич босниялик серблар оиласидан. Демакки, «Атлетико» дарвозабони Болқон ҳудудидаги бош­қа терма жамоани ҳам танлаши мумкин эди. Хусусан, Қатар-2022 мундиалига йўлланма олган Сербия термасига бу даражадаги дарвозабон ортиқчалик қилмасди. Ҳар ҳолда, Драган Стойкович жамоасида ажойиб ижрочилар етарли, фақат дарвозада юлдуз мақомидаги ўйинчи йўқ.

 

Эдуар Менди (Сенегал)

Вариантлар - Франция ҳамда Гвинея-Бисау термалари

«Челси»нинг ЧЛ-2020|2021да ғалаба қозонишига катта ҳисса қўшган Эдуар Менди байналминал оиладан: онаси сенегаллик, отаси Гвинея-бисаулик. Эдуар 2016 йили ҳаттоки, отаси ҳурмати Гвинея-Бисау термаси ихтиёрига борди, бироқ кейинчалик негадир Сенегал байроғи остида ўйнашни маъқул кўрди. Франция вариантига келсак, ҳаммаси оддий: Эдуар Нормандияда туғилган ва ҳуқуқий жиҳатдан шу мамлакат фуқаросидир.

 

ҲИМОЯЧИЛАР

Ашраф Ҳакими (Марокаш)

Вариант - Испания термаси

Мадридда туғилган Ашраф «Реал» мактабида таҳсил олди. У ҳозирги ўйини билан Испания терма жамоаси бошланғич таркибига бемалол даъвогарлик қиларди. Бироқ Ҳакими 5 йил олдин ваъда берганди - «Халқаро даражада аждодларим юрти - Марокаш учун ўйнайман».

 

Маркиньос (Бразилия)

Вариант - Португалия термаси

Маркиньос «ПСЖ» сафига қўшилганидан кейин Португалия терма жамоаси таклифини мамнуният билан қабул қилиши ҳақида гапирди. Буни эшитган бразилияликлар дарҳол керакли реакция билдириб, иқтидорли ҳимоя­чини уйга чорлашди. Акс ҳолда, Маркиньос бир неча йиллардан буён Португалия миллий жамоаси ҳимоясида таянч ролини бажараётган бразилиялик Пепе ортидан бориши ҳеч гап эмасди.

 

Калиду Кулибали (Сенегал)

Вариант - Франция термаси

«Наполи»да юлдуз даражасига кўтарилган Калиду Кулибали ҳам Ҳакими каби аждодлари юрти фойдасига қарор чиқарди. Ваҳоланки, у Франция шимоли-шарқида туғилган ва футболга шу мамлакатда қадам ташлаган.

 

Эмерик Ляпорт (Испания)

Вариант - Франция термаси

Нақ 3 йил давомида сайёрамизнинг энг қимматбаҳо ҳимоячиси мақомида юрган футболчи. Эмерик «Манчестер Сити» сафига қўшилганидан сўнг маълум вақт Франция миллий жамоасидан таклиф кутди, бироқ якунда халқаро аренада Испания номидан ўйнашга розилик берди. Аслида аженлик баск йигити олдинроқ бу вариантни бутунлай инкор этганди.

 

Люка ва Тео Эрнандес (Франция)

Вариант - Испания термаси

Ака-ука Эрнандеслар - Мадрид «Атлетико»си тарбияланувчилари. Испанияда Люкага ҳам, Теога ҳам миллий жамоанинг бўлажак аъзолари сифатида қарашди. Бироқ амалда ҳар иккиси Франция термасида ўйнашни маъқул кўрди.

 

Альфонсо Дэвис (Канада)

Вариантлар - Либерия ҳамда Гана термалари

«Бавария» сафида ЧЛда ғалаба нашидасини сурган канадалик биринчи футболчи. Асли либериялик Альфонсо Гана ҳудудидаги қочоқлар лагерида туғилган. Шундай экан, Дэвис «қора юлдузлар» ёки футболга Жорж Веани тортиқ этган либерияликлар либосини эгнига олиши мумкин эди. Лекин у хоккей ватанининг футбол жамоасини танлади. Ахир Альфонсо айнан Канадада улғайди, айнан шу юртда футбол таълимини олди.

 

Ферлан Менди (Франция)

Вариант - Сенегал термаси

Эдуар Мендининг қариндоши Ферлан ҳам Сенегал термасини танлаш имкониятига эга эди. Бироқ у Франция футболи шарафини ҳимоя қилиш қарорида тўхтади. Эҳтимолки, бунда катта совринларга эришиш имконияти баландлигини инобатга олгандир...

Р.ИБРОҲИМОВ тайёрлади


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz