Қайднома

Қидирув

Мураббийлар: Шонли ўтмиш парчаси

Мураббийлар: Шонли ўтмиш парчаси

  16.01.2022 02:20
  0
  280
Мураббийлар: Шонли ўтмиш парчаси

Зайниддин Зидан «Реал» бош мураббийи сифатида чиндан ҳам, шонли даврни бошдан ўтказди. Франциялик мутахассисга ассистентлик қилган Давид Беттони алоҳида чиқишида «Қироллик клуби»нинг ўша юришига тўхталиб, тактик услуб, ЧЛдаги зафарли серия ва унга йўл очган эволюция хусусида батафсил маълумот берди.


1. Муқаддима

- 2016 йили Зидан билан Мадридда иш бошлаганимизда, жамоа 4-3-3 чизмаси бў­йича ўйнарди. Таркибда Каземиродек ижрочининг борлиги чизиқлар ўртасида уйғунликни таъминларди. Бразилиялик футболчи Модрич ва Кроосга кўпроқ эркинлик яратиши натижасида ҳужумкор трионинг салоҳияти янада ошарди. Бироқ Казенинг Пепе ва Рамос билан комбинациялар уюштириш мақсадида ортга қайтиши натижасида чизиқлар ўртасида бўшлиқ юзага келарди. Крооснинг қанотга яқинроқ силжиши Марселога олдинроқда ўйнаш имкониятини берди, бунинг ортидан Криштиану ҳам рақиб жарима майдони яқинида тўп сурадиган бўлди. Бензема чизиқлар оралиғида, Бэйл эса қанотда ўйнарди. Шу тариқа ҳар бир футболчининг техник маҳоратидан самара чиқариш учун шароит яратдик.


2. 2016 йили «Атлетико»га қарши кечган ЧЛ финали

- Дастлабки финалда 4-4-2 услубида ўйнаган «Атлетико»га дуч келгандик. Бу жамоа рақиб хатосини кутиб ўйнашини яхши билардик. Шунинг учун асосий эътиборни тўп назоратига қаратдик. Латералларни имкон қадар кенгроқ жойлаштирдик, ярим ҳимоячилар марказда учбурчак ташкил этишди. Бэйл ва Роналду қанотлардан жой олишди, Бензема эса марказдан. Бунда Каримдан чизиқлар аро доимий ҳаракатда бўлиш талаб этилди. Шу аснода майдон кенглигидан тўлиқ фойдаландик, тўпни қарама-қарши қанотга ошириш воситасида «Атлетико»ни тезкор ҳамлага ўтиш имкониятидан маҳрум қилдик. Каземиро яна уйғунликни таъминлади - латераллар юқорироқда ўйнашди, Криштиану эркин ҳужумчи ролини бажарди, Бэйл ҳам тез-тез марказга ўтиб турди, Кроос ва Модричга чизиқлар ўртасида ҳаракатланиш имкони яратилди. Уларни орқа чизиқда Пепе-Рамос - Каземиро учлиги тўлдирди. Ўйин жараёнида рақиб ҳужумчиси марказга яқинлашган пайт ярим ҳимоя-чимиз Каземиро томон ҳаракатланди. Натижада Кроос ва Модрич ҳудудларида сон жиҳатдан устунликка эришдик.


3. Бензема ва Роналдунинг ўзаро ҳаракатлари

- «Атлетико» майдоннинг ўзига тегишли ярмида ихчам 4-4-2 схемаси бўйича ҳаракатланди. Биз эса узун узатмалар воситасида Бенземани тўп билан таъминлашга интилдик. Чунки Карим ва Криштиа­ну ўртасидаги боғлам устун жиҳатимиз эди. Жуфтлик олдинроқда турган паллада Бэйл тўп билан олдинга ташланарди. Бунда Гарет дарвозани нишонга олар ёки тўпни жарима майдонига узатарди. Марсело ва Карвахаль қанотлардан рейд уюштириб, олдинги чизиқда устунликни таъминлашарди. Шунда Бэйл ва Кроосда қўшимча имкониятлар юзага келарди. Финал арафасидаги машғулотларда айнан шу каби 2-3та асосий усул устида жуда кўп ишлагандик.


4. 2017 йили «Ювентус»га қарши кечган ЧЛ финали

- «Ювентус» билан ўйинда ўйин услубини ўзгартирдик: Искони марказга кўчириб, ромб ташкил этдик. Чунки Криштиану ва Каримга янада кўпроқ эркинлик бериш мақсадида таркибга тўртинчи ярим ҳимоячини қўшгандик. Иско рисоладагидек техникага эга, тўп узатиш ва гол уришни ҳам уддалайди. Ўша мавсум олдинроққа ўтган Марсело ва Карвахаль ҳам кўплаб голларга ассистентлик қилишганди. Зидан финал учрашуви танаффусида футболчиларга имкони борича кенгроқ ёйилишни уқтирди. Натижада Бензема - Роналду жуфт­лиги жарима майдони яқинида ҳаракатланди, Иско эркин ижодкор мақомида, Модрич ва Кроос эса иккинчи тўлқин остидаги ҳужумчи ролида тўп суришди. Орқа чизиқда Каземиро - Рамос - Варан триоси. Бунинг эвазига 7 нафар ҳужумкор ўйинчига эга бўлгандик.


5. Исконинг роли

- Мазкур тизимда Исконинг позицияси жуда қўл келди ва ўйин сифати ва тўпни назорат қилиш фоизи ошди. Иско шунинг баробарида ҳимояда ҳам муҳим роль бажарди. Нафақат юксак техника, балки жисмоний жиҳатдан ҳам талаб даражасида бўлган футболчи тўп йўқотилган пайт зудлик билан ортга қайтиб, заиф нуқталарни тўлдирди. Оддий мисол: тўп рақиб назоратига ўтганида, Модрич ўнг қанот, Кроос эса чап қанотни эгаллади, Каземиро марказни ёпди. Бунда Иско бўш ҳудудга қайтиб, Роналду ва Бенземани ортга чекиниш заруратидан халос этди.


6. 2018 йили «Ливерпул»га қарши кечган ЧЛ финали

- «Ливерпуль» билан кечган ҳал қилувчи беллашувда яна ромб услубидан фойдаландик. Бунда унинг марказида Иско ҳаракатланди. Англиянинг классик жамоаларидан бири саналган рақибнинг жисмонан кучли эканлиги, яккама-якка курашларни ёқтиришини билардик. Тўпни имкон қадар кўпроқ назорат қилиш мақсадида уни қарама-қарши қанотларга узатишни режалаштирдик. «Ливерпуль» таркибида ўта ҳужумкор икки латерал - Арнольд ва Робертсон борлиги шундай усул қўллашимизни тақозо этарди. Шунингдек, рақибнинг ўнг қанот ҳимоясида муаммолар юзага келиши мумкинлиги ҳам маълум эди. У ерда тез-тез бўшлиқлар юзага келарди. Асосий вазифамиз тўпга эгалик қилиш, Исконинг чизиқлар ўртасида, 2 нафар ҳужумчининг эса олдинда тўп суришини таъминлаш эди. Латералларни олдинги чизиққа жалб этиш ва тўпни қанотдан қарама-қарши томонга узатиш орқали рақибни кўп ҳаракатланишга мажбур этишни режалаштирдик. Футболчилардан бу юмушларни юқори даражада бажариш талаб этиларди. Ҳимоя чизиғида ҳам айрим ўзгаришларни амалга оширдик. Хусусан, Карвахаль ва Марселодан ҳимоядан жуда олислаб кетмасликларини сўрадик. Ҳужум пайти ҳам улардан бири орқароқда қолиши шарт эди. Чунки рақиб сафида ўта вертикал ҳаракатланадиган Мане - Фирмино - Салоҳ триоси бор эди. Йигитларга асосий вазифалардан бири бу учликка тезкор қарши ҳужум уюштириш имконини бермаслик эканлиги уқтирилди. Шу сабабли латераллардан бирини орқа чизиқда қолдиришни лозим топдик. Яъни рақибнинг 3 нафар ҳужумчисига 4 нафар ҳимоячини қарши қўйдик.


7. Хотима

- Юқорида зикр этилган 3та финал - жамоамиздаги 4-3-3 схемаси ҳимоя ва ҳужум чизиқларига боғлиқ ўзгаришлар таъсирида 4-4-2 чизмасига айланган тактик эволюция самарасидир. Муваффақият 4та асосий жиҳат эвазига қўлга киритилди. Булар - ўйинчилардаги ғолиблик менталитети; «Мадрид»нинг ЧЛдаги қон таҳлили; мураббийлар штаби хизмати; Зайниддин Зидандаги етакчилик сифати.

С.РАҲМОНОВ тайёрлади


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz