Қайднома

Қидирув

Ана, холос! Бекхэм ўз отасига куёвжўра

Ана, холос! Бекхэм ўз отасига куёвжўра

  16.01.2022 06:36
  0
  232
Ана, холос!  Бекхэм ўз отасига куёвжўра

2021 йил ҳам Дэвид Бекхэм учун унутилмас воқеа тақдим этди - Анг­лия футболи афсонаси декабрь ойи ўрталарида ўз отасига куёвжўра бўлди. Ҳа, катта Бекхэм яна уйланди. 73 ёшида! Ҳозирда Дэвид ва Теднинг ўзаро муносабатлари жуда яхши. Аммо 20 йилча олдин ҳаммаси бош­қача эди.

2002 йили Дэвид Бекхэмнинг ота-онаси Сандра ва Тед ажрашишди. Ваҳоланки, улар 32 йил бирга яшашганди. Ўшанда Дэвид кутилмаган парокандаликда отасини кескин айблаганди. Бу масалада опа-сингиллари ҳам уни қўллаб-қувватлашди. Бекс жумладан, автобиографик асарида ота-онасининг ўзаро муносабатларига ҳам алоҳида тўхталган: «Отам онамни яхши кўрарди, лекин унга ҳеч қачон меҳр кўрсатмаган. Ўзи отам меҳрини мен ҳам кўрмаганман, опа-сингилларим ҳам. У ўта қаттиққўл ва қўпол инсон...». Тед Бекхэмнинг ўзи ҳам оиланинг бузилиши фарзандлари учун кучли зарба бўлганини тан олганди.

Дэвид Бекхэм шундан ке­йин маълум муддат ҳаттоки, отаси билан алоқани бутунлай узди. Жумладан, икки ҳолат ота ва ўғил муносабатларини издан чиқарди:

1. Дэвиднинг «Реал»га ўтиши. Тед Бекхэмнинг айтишича, у ўғлининг «Реал» сафига қўшилаётганини ТВ янгиликларидан эшитган.

2. Дэвиднинг автобиография­си. Кичик Бекхэм унда отасини ошкора танқид остига олган.

2007 йилга келиб, Дэвид ва Тед яна ярашишди. Ўшанда катта Бекхэм инсультга учраганди. Эътиборли томони, Дэвид нохушликни эшитган заҳоти Майамидан дарҳол Манчестерга қайтди. У яна 3 йилдан кейин отасини мақташга ўтди: «Отамнинг хасталиги ўзаро муносабатларимизни бутунлай ўзгартирди. Унга нисбатан сабр­ли ва меҳрибон бўлиб қолдим табиий равишда. Эндиликда нафақат отамнинг нуқтаи назари, балки ўзини ҳам борича қабул қиляпман. Муҳими, 3 йилдан буён тез-тез учрашиб, илиқроқ оҳангда суҳбатлашяпмиз».

Дэвид ва Виктория Бекхэм 2019 йили Рождествони нишонлаш маросимига Тедни ҳам таклиф этишди. 2020 йилнинг март ойида эса Тед ва Хиллари Мередит унаштирилганларини эълон қилишди. Мередит касби бўйича - ҳуқуқшунос. Унинг Лондонда шахсий агентлиги ҳам бор. Британия таблоидлари маълумотларига кўра, Мередит хоним миллионерлар қаторида. Хуллас, Тед Бекхэм ва Хиллари 15 декабрь куни тўй маромисини ўтказишди. Тантанали тадбир Лондон марказидаги Мидл-Темпле ҳудудида ташкиллаштирилди. Тўйда Дэвид Бекхэмдан ташқари, Теднинг қизлари ва 8 набираси, шунингдек, Мередитнинг яқинлари иштирок этишди. Қизиғи, Дэвид куёвжўра ролида кўриниш берган бўлса, Хиллари хонимнинг қизи келинчак дугонаси бўлди.

Дэвид Бекхэм маросимдан кейин ижтимоий тармоқда бу борада алоҳида пост қолдирди: «Отам ва Хиллари тўйини ажойиб кунда бирга нишонладик. Бутун оила билан. Бу ёқимли. Отам ҳамиша ёнимда бўлган. Мен ҳам унинг яхши кунида ёнида турганимдан фахрланаман. Сени яхши кўраман, отажон».

А.АБДУВАЛИХЎЖАЕВ тайёрлади


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz