Қайднома

Қидирув

Ихтиёр Тошпўлатов: «Турон»га тажрибасизлик панд берди»

Ихтиёр Тошпўлатов: «Турон»га тажрибасизлик панд берди»

  17.01.2022 04:04
  0
  222
Ихтиёр Тошпўлатов: «Турон»га тажрибасизлик панд берди»

Бекободнинг «Металлург» клуби ўтган мавсумни жуда бўш ўтказди, оқибатда Суперлигада қолиш вазифасини сўнгги турларга келиб ҳал қилди. Бу йил айни хатолар такрорланмаслиги учун ҳам жамоа трансферлар ойнасида яхши ижрочиларга эътибор қаратмоқда, собиқ футболчиларини ортга қайтармоқда. Мавсум-2021нинг иккинчи даврасини «Турон»да ўтказган Ихтиёр Тошпўлатов шулар жумласидан. Махсус мухбиримиз ушбу футболчи билан суҳбатлашди.

- Ихтиёр, 2022 йил учун режалар қандай?

- Янги мавсумни «Металлург»да бошлашим аниқ. Худо хоҳласа, умидлар катта. Бекободликлар сафида кўпроқ майдонга тушиб, жамоага фойда келтирмоқчиман.

- «Металлург» таркибни кучайтирмоқда. Бу сизни ташвишлантирмаяптими? Ҳар ҳолда, рақобат кучаяди...

- Шу вақтгача қайси жамоада тўп суришимдан қатъий назар, рақобатдан асло чўчиган эмасман. Таркибга янги футболчилар чақирилаётганидан хурсандман. Мен ҳам ўз устимда кўпроқ ишлаб, асосий таркибга муносиб эканимни исботламоқчиман.

- Мавсум-2021нинг иккинчи қисмини ижара асосида «Турон»да ўтказдингиз. Ўша вақтда ўзингизни қандай ҳис қилдингиз?

- Тўғриси, жамоадан кетишим кутилмаган воқеа бўлди. Футболда ҳар бир мураббийнинг ўзига яраша қарашлари ва режалари бўлади. Балки, ўйин услубим Жасур Абдураимовга мос келмагандир. Шундай бўлса-да, ҳеч кимдан хафа бўлмадим. Чунки «Турон»да ўз даражамда ўйнашда давом этдим. Бу менга катта тажриба бўлди, дея оламан.

- Яйпанликларнинг Суперлигада қолмаганига муносабатингиз қандай?

- Назаримда, бизга омад етишмади. Чунки ҳар бир ўйинда ҳеч қайси рақибдан асло қолишмадик. Аксинча, мазмунли ўйнадик. Кўп ҳолатларда тажрибасизлик бизга панд берди. Яйпанда ажойиб жамоа шаклланганди. Мухлислар ҳам тинимсиз равишда бизни қўллаб-қувватлашди. Юқорида келтирилган сабаблар жамоанинг элитада қолишига халал берди. Умид қиламанки, «Турон» тез орада Суперлигага қайтади.

- Янги мавсум олдидан сизга бошқа жамоалардан таклиф тушдими?

- Бўлди, лекин уларнинг номини айтолмайман. Чунки бу ўша жамоаларга нисбатан ҳурматсизлик бўлади. Бекободликлар билан шартномам борлиги туфайли бирорта таклифни кўриб чиқмадим.

- Ҳозир «Металлург»да испаниялик мутахассис ишламоқда. У ҳақда нималарни айта оласиз?

- Ўтган мавсум охирида бу мураббий тайёрлаган жамоанинг бир нечта ўйинларини кўрдим. Ҳозирча билганим шуки, ушбу мутахассисга кўпроқ имконият берилса, натижа кўрсатади. Қолганини вақт ўтгани сари билиб олаверамиз.

- Сўнгги йилларда кўплаб футболчиларимиз легионер сифатида хорижга йўл олишмоқда. Сизда ҳам мана шундай имконият юзага келганми?

- Келажакда четдан таклифлар тушишига ишонаман. Ҳамма қатори мен ҳам фаолиятимни хориж клубларидан бирида давом эттиришни истайман. Қачондир шундай имконият юзага келса, ундан фойдаланган бўлардим.

- 2022 йилда олдингизга қандай вазифалар қўйгансиз?

- Мақсадларим улкан. Асосийси, янги мавсумнинг тезроқ бошланишини кутяпман. Бекободликлар ғалабаларига ўз ҳиссамни қўшишни истайман. Бизни олдинда жуда қийин мавсум кутмоқда. Чунки 2022 йилги Суперлига баҳслари муросасиз кечишини тахмин қилиш қийин эмас.

ИЗЗАТБЕК суҳбатлашди


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz