Қайднома

Қидирув

Роналду бешинчи ёки олтинчи бўлишга кўнмайди!

Роналду бешинчи ёки олтинчи бўлишга кўнмайди!

  21.01.2022 11:00
  0
  285
Роналду бешинчи ёки олтинчи бўлишга кўнмайди!

Криштиану Роналду одатда катта интервью беришни унча хушламайди. Лекин португалиялик юлдуз бу сафар бирданига Британия ОАВ ва ESPN Brazil нашри журналистларини қабул қилди ва улар билан турли мавзулар юзасидан чақчақлашга вақт ажратди.

«Сульшер - ҳайратланарли, Рангникка эса вақт керак»

Криштиану суҳбатни Оле-Гуннар Сульшер ўрнини эгаллаган Ральф Рангник олдидаги вазифалар кўламини баҳолашдан бошлади: «Ранг­ник ишга киришганидан буён, яъни атиги 5 ҳафта ичида кўп ўзгаришларга қўл урди. Тушунарлики, унга ўз ғояларини йигитларга тўлиқ етказиши учун маълум вақт керак. Умуман, Ральфнинг муносиб ишлашига шубҳам йўқ. Айни пайт жуда зўр футбол намойиш этмаётганимизни биламиз, муҳими, вазиятни яхшилаш учун олдимизда ўйинлар етарли. Ўзи футболчилар руҳияти, ўйин услуби, маданияти ва чизмасини бирданига ўзгартириш осон эмас. Ўйлайманки, Ранг­ник якунда муваффақиятга эришади.

Сульшер? Мураббийнинг кетиши ҳамиша қайғули. Бошида Оле-Гуннар билан бирга ўйнадим, қарангки, у устозимга ҳам айланди. Ажойиб йигит. Сульшернинг кетганидан ҳаммамиз хафамиз, аммо бу футбол ҳаётининг бир қисми. Ишлар ўхшамаса, клуб ниманидир ўзгартиришга мажбур бўлади. Асосийси, Сульшернинг ўзи истеъфони тўғри тушунди. Ҳар ҳолда, шу билан ҳаёт тўхтаб қолмайди. Қайтараман, янги мураббий ғояларини тушуниш маълум вақт олишини билардик. Аввалига Оле-Гуннар ўрнини Кэррик эгаллади, энди яна янги мураббий. Ўзгаришлар меъёридан ортиб кетса, жамоа қийналади, барибир. Лекин шахсан мен ҳали ҳам мавсумни муносиб ўтказишимизга ишонаман».

 

«МЮ» менталитетини ўзгартириши керак»

Криштианунинг фикрича, «Юнайтед» футболчилари АПЛда кучли тўртликка кириш учун руҳиятни мутлақо ўзгартиришлари шарт. Акс ҳолда, чўққига чиқиб бўлмайди: «Менимча, энг асосийси - менталитет. Жамоа лоақал кучли учликни кўзлаши шарт, бошқасига сира кўнмайман. Қандайдир яхши нарса яратиш учун баъзан ниманидир бузишга тўғри келади. Шундай экан, нега менталитетни ўзгартирмаслигимиз керак? Янги йил, янги ҳаёт... Умид қиламанки, «МЮ» ҳали мухлислар орзу қилган даражага чиқади, жамоа бунга лойиқ ҳам. Йигитлар ўзгаришга қодирлар. Барчасини қандай амалга оширишни яхши биламан, лекин агар айтсам, ахлоқсизлик ҳисобланади. Фақат ҳозиргидан анча яхшироқ ўйнай олишимизни айтиш билан чекланаман. Шарт шуки, ҳозирги ҳолатни тезроқ ўзгартиришимиз керак. Йўқ, олтинчи, еттинчи ёки бешинчи бўлишга асло рози эмасман. Бу ерга ғалаба қозониш, рақобатлашиш учун қайтдим ахир. Ўйлайманки, рақобат яратмоқдамиз, лекин ҳали энг яхши даражага кўтарилганимизча йўқ. Демоқчиманки, кўп жиҳатлар бўйича ўсиш талаб этилади. Ҳаммамиз жамоани яхшилаш учун шу ердамиз. Демак, бажариш қолди, холос. Янги йил билан янги саҳифани варақлай бошладик. Ҳали кўп ғалабаларни расмийлаштирамиз. Шунчаки, бунга ишонишимиз керак, акс ҳолда, даҳшат...».

 

«Ҳақиқий жанг - бу ақлий кураш»

Роналду аллақачон 36 ёшни уриб қўйди, лекин ҳали футболдан кетиш ҳақида ўйлаётгани йўқ. У ниманинг эвазига юқори спорт фомасини сақлаб қоляпти? Ҳаммаси оддий: «Генетик томондан ўзимни 30 ёшли йигитдек ҳис қиляпман. Чунки мудом танам ва онгимга катта эътибор қаратаман. Яқинда тушундим, 33 ёшдан кейин тана ҳар қандай муаммони ҳал қила олади, аммо ҳақиқий жанг - бу ақлий кураш. Энг асосийси - турли тўсиқлардан ўтиш, бор эътиборни фақат аниқ мақсадга қаратиш. Энг қийини эса, юқори даражада қолишдир. Охирги йилларда айнан шу жиҳатлар бўйича кўп ишлаяпман. Айниқса, ақл устида. Биламан, танам менга бўйсунади, чунки уни ҳамиша ардоқлайман, сигналларига қулоқ тутаман. Ҳаётда яхши-ёмон лаҳзалар етарли, инсон йиқилганидан кейин қайта туриш учун кучли бўлиши керак. Мутлақо бахтлиман, футболда қолиш ва бу қаерга олиб боришини кўриш ишқида ёнаман. 40, 41, 42 ёшгача ўйнай оламанми? Аввало, шуни тушунмоқчиман. Лекин асосийси, айни ҳолатдан завқ олишдир».

 

«Жамоа манфаати биринчи ўринда»

Албатта, Роналду жамоага ҳам ёрдам беришни хоҳлайди: «Бунга руҳий жиҳатдан тўғри ёндашиш керак. Доимо ўзимга қараб, пичирлайман: «Криштиану, даражангни ошириш ва жамоанг­га ёрдам бериш учун яна нима қила оласан?» Жавоби - қайсидир жиҳатларда янада яхшироқ бўлишим мумкин. Бутун 90 дақиқада тезликни таъминлаш имкони бор. Дейлик, бирор нарса юз берса, масалан, жамоадошлар чарчашса ёки қийналишса, уларга ёрдам бериш асносида. Ўйин давомида айрим кичик деталларга ақл билан айёрроқ ёндашиш талаб этилади. Ўйинлар, футболчилар, стадионлар турфа хил ва ҳамма турли чизмалар бўйича ўйнайди. Ўйин қовушмаган паллада қийинчиликларга тайёр туриш керак, аниқроғи, бундай ҳолатда яхлит жамоа сифатида жипслашиш муҳим. Унутмайлик, жамоамизнинг номи - «Манчестер Юнайтед». Шунинг ўзи мураккаб дамлар ҳамжиҳат бўлишимизни тақозо этади».

 

«Ёшлар тажрибали ўйинчиларни тинглашлари керак»

Роналдунинг фикрича, ҳозир ёш футболчиларга тан­қидни кўтариш хислати етишмаяпти: «Фахрий ва етук футболчилар ёшларга ҳар доим ёрдам бера олишади. Тўғри, нозик жиҳатлар ҳам бор. Масалан, қандайдир маслаҳат берасиз, аммо қулоқ тутишмаса, қийин. Ёшлар билан кун бўйи гаплашишингиз мумкин, аммо сизни эшитишни хоҳлашмаса, ниманидир ўзгартиролмайсиз. Эсимда, 18-20 ёш бўлганимда, фахрий футболчилар маслаҳатларидан тўғри хулоса чиқарардим: «Криштиану, ўзинг ҳам яна кучайишинг кераклигини яхши биласан. Лекин булар сендан кўпроқ нарса билишади, булар сенга нисбатан анча тажрибалироқ». Хуллас, фахрийлар аллақачон турли синовлардан ўтишган. Ёмон томони, ҳозирги ёшлар бошқалар танқидини қабул қилишмайди. Буни муайян футболчига нисбатан эмас, умумий айтяпман. Ўзимда фарзандларим бор ва нима ҳақда гапираётганимни биламан. Баъзан бироз қаттиққўлроқ бўлсангиз, болалар айтганингизнинг аксини қилишади. Шунинг учун суҳбатлашишда мувозанатни топишингиз муҳим. Тўғри, ҳаммаси аввало, одамнинг ўзига боғлиқ. Яна бир муҳим гап - сиз ўзингиз билан мутлақо фахрланишингиз керак. Ойнага қаранг ва ўзингизга хитоб қилинг: «Эшит, ҳозирги ҳолат учун барчасини бердим». Ўйлайманки, ҳар биримиз шундай ёндашувни ўрганишимиз керак. Асосий нарса - шахсият. Ёшларга ёрдам бериш учун шу ердамиз. Агар кимдир ёрдамим, қўллаб-қувватлашим, маслаҳатимга эҳтиёж сезса, албатта, тайёрман. Бордию, ёрдамим керак бўлмаса, унда билганингча шуғуллан, ўз жойингни мустақил топ. Марҳамат, бунга қаршилик йўқ».

Роналду суҳбат жараёнида икки кумири борлигини айтиш баробарида соврин ютиш борасида улардан аллақачон ўзиб кетганини таъкидлади: «Аслида кимгадир тақлид қилишни ёқтирмайман. Лекин икки кумирим - Роналдо Назарио ва Роналдиньо футболда тарих яратишди, катта мерос қолдиришди. Мен эса шахсий соврин ютиш бобида ҳар иккисидан ўзиб кетдим. Тўғри, уларда жаҳон чемпиони мақоми бор. Қайси бири биринчи эканлигини айтиш эса муҳим эмас. Улар - афсона ва футболдаги гўзал тарих муаллифлари».

М.ПЎЛАТОВ тайёрлади


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz