Қайднома

Қидирув

Осиё футболидан чиқиб...

Осиё футболидан чиқиб...

  22.01.2022 15:05
  0
  363
Осиё футболидан чиқиб...

Исроил миллий жамоаси вақтида Осиё футболи оиласида эди. Бироқ жамоа деярли барча рақиблардан «бойкот» олган, аскарлардан иборат таркиб билан ғалаба қозонган, тарихида 3та конфедерацияга аъзо бўлган. Ҳаттоки, ўз ҳудудидан 15 минг км. узоқликдаги Океания футбол уюшмасига ҳам кирган...

***

Осиё футболида Исроил термасига нисбатан араб мамлакатлари дарҳол бойкот эълон қилганди. Жамоа шу сабаб билан ўйинларсиз деярли жаҳон чемпионатига ҳам чиққан. Умуман олганда, Исроил мамлакати 1948 йилнинг май ойида мустақилликка эришади. Ўша йилнинг сентябрида эса мамлакат миллий жамоаси АҚШ термаси билан кўргазмали ўйин ўтказиш учун Нью-Йорк шаҳрига боради. Кейинчалик Исроил Осиё футбол конфедерацияси (ОФК)га қабул қилинади. Бироқ шу билан муаммолар бошланади.

ЖЧ-58 саралаш босқичида дастлаб Туркия термаси исроилликларга қарши ўйнашдан бош тортади. Турклар шунчаки, ОФК гуруҳида бўлишни хоҳламагандилар. Натижада Исроил термаси автоматик равишда иккинчи бос­қичга чиқади, бироқ яна «бойкот»га учрайди. Бу сафар Миср ва Индонезия жамоалари сиёсий қарашлар туфайли ўйинга тушишни хоҳламаганди. Шу тариқа Исроил термаси олдида жаҳон чемпионатига чиқиш учун битта ўйин қолади - Судан жамоасига қарши. Аммо бу рақиб ҳам Араб Лигаси мамлакатлари томонидан эълон қилинган «бойкот»га қўшилиб, исроилликлар билан баҳслашишдан бош тортади. Маълумот учун, Судан ҳукумати 2020 йилга келибгина Исроилга нисбатан «бойкот»ни тўхтатди.

***

Хуллас, Исроил термаси регламент бўйича ЖЧ-58 финал раундига саралаш ўйинларисиз чиққанди. Аммо ФИФА бунга қарши бориб, исроилликларга рақиб топиб беради - Уэльс термаси. Аммо улар УЕФА вакилига қарши ҳар икки ўйинда мағлубиятни тан олишади ва мундиалдан қуруқ қолишади. Эътиборли томони, кучли эътирозларга қарамай, Исроил футболи ОФК таркибида қолади, барибир. Кейин мамлакат бош жамоаси 60-йилларда Осиёнинг энг кучли дружинасига айланади. Оддий айтганда, ҳаттоки, футбол томоша қилмаган ҳарбийлар аввалига Осиё кубогида зафар қучишади, кейин Исроил термасини жаҳон чемпио­натига олиб чиқишади. 1964 йили ҳисоб бўйича учинчи Осиё кубоги турнири ўтказилади. Мусобақада атиги 4та иштирокчи бор эди: Гонконг, Жанубий Корея, Ҳиндистон ва Исроил. Гап шундаки, айнан Исроил мезбон сифатида танлангани туфайли 12та давлат турнирга нисбатан «бойкот» эълон қилади. Якунда мезбонлар 3та ўйинда ҳам ғалаба қозониб, чемпион бўлишади. Айтиш жоиз, ОК-64да гуруҳ тизими қўлланилган - иштирокчилар ўзаро бир мартадан куч синашишган. Ўша Исроил термасининг ўзига хослиги шуки, таркиб асосан маҳаллий клубларда ўйнайдиган ҳаваскорлардан шакллантирилганди. Терма жамоа­да яна ҳарбийлар ва оддий ишчилар катта роль бажаришган. Шунингдек, муҳожирлар ва қочоқлар хизматидан фойдаланилган. Тўғри, барча футболчилар айнан Исроилда туғилган эдилар. Мусобақада Исроил термасининг энг яхши тўпурари сифатида танилган Мордехай Шпиглернинг айтишича, таркибда профессионал футболни жонли равишда ҳам кўрмаган, фақат радиорепортажларни тинглаган йигитлар кўп бўлган: «Футбол анча оммалашган, лекин профессионал даражадан анча йироқда эди. Ҳеч ким футболга касб сифатида қарамаган. Шунингдек, биз пул учун ўйнамасдик. Дейлик, чемпионликка мукофот сифатида ресторанда текинга овқатланганмиз».

***

Исроил термасининг ўйини маҳаллий телевидениеда биринчи марта фақат 4 йилдан кейин намойиш этилади. 1964 йили стадионлар мухлислар билан тўлади. Жумладан, Жанубий Корея термасига қарши кечган ҳал қилувчи ўйин 50 минг киши гувоҳлигида ўтади. Исроилда ўша ғалаба бахтли лаҳзалар сифатида эсланади: «Чинакам карнавал. Биз ниҳоят, урушдан чалғиб, миллий мадҳиямизни тингладик». 1970 йили Исроил термаси илк марта катта турнир - Мексика мундиалига йўлланма олади. Ўша ЖЧ исроилликлар учун ҳозиргача ягона бўлиб қолмоқда. Жамоа Мексикада гуруҳ босқичидан чиқолмаган бўлсада, чакки таассурот қолдирмайди. Ҳар ҳолда, шведлар ва итальянлар билан баҳсларда дуранг натижани сақлаб қолади. Ваҳоланки, Италия термаси ўша турнирда 2-ўринни эгаллаганди. Яна 3 йилдан кейин «қиёмат куни» номини олган Исроил - араб уруши бошланади. Яъни Сурия ва Миср қўшинлари яҳудийлар ўлкасига киради. Бунинг оқибатида нефть инқирози юз бериб, Исроил ва араб мамлакатлари ўртасидаги можаро янги даражага кўтарилади. Охир-оқибат, Исроил футбол федерацияси ОФК таркибидан чиқиб кетади. Можаронинг чўққиси 1974 йилги Осиё ўйинларига тўғри келганди - КХДР ва Қувайт термалари исроилликларга қарши ўйнашдан бош тортади. Ўртадаги таранг муносабатлар ҳалигача сақланиб қолган, жумладан, футбол масаласида ҳам. Дейлик, 2015 йили Осиё кубоги тарихига оид видеолавҳалардан Исроил термасига дахлдор барча маълумотлар олиб ташланди. Оддий айтганда, 1960 йилги чемпионат ҳақида ҳикоя қилинган, кейин бирданига ОК-68га ўтилган. Қисқаси, Исроил чемпион бўлган 1964 йилги турнир ҳақида ҳеч гап йўқ.

***

Исроил футболи шундан сўнг ўтган асрнинг 90-йилларигача Океания конфедерацияси таркибида ўйнади. Ке­йин УЕФАга аъзо бўлди. Аслида Исроил термаси 80-йиллардаёқ Европадаги саралаш турнирларида қатнаша бошлаган, фақат УЕФАнинг тўлақонли аъзоси саналмасди. Шундан сўнг бир неча циклни Океания гуруҳига ўтказди, аммо мамлакатга конфедерациянинг тенг ҳуқуқли аъзоси ваколати берилмади, барибир. Оддий мисол, исроилликлар 1989 йили Австралия ва Янги Зеландия термалари билан ўйнаш учун нақ 15 минг километр масофа босиб ўтишган. Улар ўша баҳсларда устун келиб, иккинчи марта жаҳон чемпионати иштирокчисига айланиш имкониятини қўлга киритишди, аммо «плей-офф» босқичида Колумбия термасига ютқазиб қўйишди. Орадан яна 1 йил ўтгач, Исроил футболи УЕФАнинг тўлақонли аъзоси сифатида тан олинди, гарчи «кўҳна қитъа»да ҳам ҳамма бунга қарши чиққан бўлсада. Айтганча, Австралия айнан шу воқеа асосида заиф конфедерация - Океания таркибида ўйнашдан воз кечиб, ОФК оиласига кирди.

Исроил термаси Осиё чемпионатида жами 4 марта иштирок этган - 1956-1968 йиллар оралиғида. Эътиборли томони, жамоа уларнинг барчасида совриндорлар рўйхатига кирган:

ОК-56 - 2-ўрин

ОК-60 - 2-ўрин

ОК-64 - чемпион

ОК-68 - 3-ўрин

А.АБДУВАЛИХЎЖАЕВ тайёрлади


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz