Қайднома

Қидирув

Қийин танлов ўртага тушганида...

Қийин танлов ўртага тушганида...

  22.01.2022 17:07
  0
  309
Қийин танлов ўртага тушганида...

«Боруссия» Д. ҳужумчиси Эрлинг Холанд аслида Норвегия термаси эмас, Англия миллий жамоасида ўйнаш имкониятига эга эди, Килиан Мбаппе эса ҳозир Камерун байроғи остида АМК-2022да майдонга тушарди агар Франция футболи фойдасига қарор чиқармаганида. Ўқиган бўлсангиз, газетамизнинг аввалги сешанба сонида миллий жамоа танлаш бобида турли вариантларга рўбарў бўлган баъзи дарвозабон ва ҳимоячилар ҳақида ҳикоя қилгандик. Демак, шу мавзуни давом эттирамиз. Яъни навбат шундай қисматга учраган энг сара ярим ҳимоячи ва ҳужумчиларга келди (манба: soccer.ru сайти).

ЯРИМ ҲИМОЯЧИЛАР

Жоржиньо (Италия)

Вариант - Бразилия термаси

Жоржиньо - итальян «ориундо»си. «Челси» вакили Европа чемпионатида ғалаба нашидасини сурган асли бразилиялик 5 нафар футболчи қаторида. Булар - Сенна, Пепе, Жор­жиньо, Толои ва Эмерсон.

 

Сергей Милинкович-Савич (Сербия)

Вариант - Испания термаси

Серблар бош жамоаси марказида катта роль бажараётган Сергей Испаниянинг Льейда шаҳрида туғилган. Қолаверса, отаси шу шаҳар клубида ўйнаган. Демакки, Милинкович-Савичда «қизил фурия» таркибига кириш ҳуқуқи йўқ эмасди.

 

Иван Ракитич (Хорватия)

Вариант - Швейцария термаси

Хорватия миллий жамоаси сафида аллақачон 100та ўйин маррасидан ўтган Иван бошланғич футбол таълимини Швейцария (туғилган жойи)да олган. У кейинчалик мамлакат ўсмирлар ва ёшлар терма жамоалари либосида ҳам майдонга тушди, бироқ катталар доирасида ота юрти - Хорватия учун ўйнашни маъқул кўрди.

 

Пьер-Эмиль Хейбьерг (Дания)

Вариант - Франция термаси

Бугунги Дания терма жамоаси етакчиларидан бири бемалол французлар билан жаҳон чемпиони бўлиши мумкин эди. Ҳар ҳолда, унинг онаси бир томондан франциялик.

 

Деклан Райс (Англия)

Вариант - Ирландия термаси

Европа жамоаларининг деярли ҳар бир қора танли вакили, ҳаттоки, «кўҳна қитъа»да туғилгани ҳам ота-боболари макони - Африка мамлакати термасида ўйнаш имкониятидан фойдаланиши мумкин. Лекин бироз қизиқарлироқ ҳолатлар ҳам бор. Дейлик, Англия футболининг 100 «лимон»ли юлдузи Деклан Райс отаси туфайли Ирландия термасини танлаши ҳеч гап эмасди. У «яшиллар» сафида ўйнаган ҳам, фақат ўртоқлик мақомидаги учрашувда.

 

Жек Грилиш (Англия)

Вариант - Ирландия термаси

Англия футболининг яна бир қимматбаҳо юлдузи. Жек ҳам худди Деклан каби ирландлар юртига «қиё боқса» бўларди. Зеро, унинг отаси Ирландиядан. Айтганча, Грилиш ҳам бу юрт жамоасининг ўртоқлик баҳсида ўз салоҳиятини  синаб кўрган. Аммо расмий ўйинлар вақти келганида, «уч шерлар» байроғи остида ҳаракатланишни афзал билди.

 

ҲУЖУМЧИЛАР

Лионель Месси (Аргентина)

Вариант - Испания термаси

Ҳаммага маълум тарих - Леонинг бобокалонлари Италияда яшашган, итальянча фамилияси шундан. Бироқ бу спортда фуқаролик олиш учун етарли эмас. Испания вариантига келсак, «Олтин тўп»нинг кўп карра соҳиби 13 ёшидан шу мамлакатда яшаган ва бемалол «қизил фурия»ни ташлаши мумкин эди. Бироқ аргентиналик юлдузнинг оиласи бу борадаги таклифларни ҳар сафар қатъий оҳангда рад этган.

 

Пауло Дибала (Аргентина)

Вариантлар - Польша ва Италия термалари

Аргентина футболининг яна бир юлдузи. Паулонинг бувиси неаполлик. У шу жиҳатдан «скуадра адзурра»ни танлаш ҳуқуқига эга эди. Бобоси Болеслав Дибала эса иккинчи жаҳон урушидан олдин Польшада яшаган.

 

Лерой Сане (Германия)

Вариантлар - Франция ва Сенегал термалари

Ҳаммаси оддий - Леройнинг отаси Франция­да, бобоси эса Сенегалда туғилган. Қанот ҳужумчиси эса Германия термасини танлади ва бу қароридан афсусланма керак. Тўғри, Франция термаси варианти ҳам чакки эмасди.

 

Антуан Гризманн (Франция)

Вариантлар - Германия ва Португалия термалари

Антуан ота томондан немисларга бориб тақалади (буни фамилиясидан ҳам осонгина пайқаш мумкин), она томондан бобоси эса португалиялик машҳур собиқ футболчи - Амаро Лопеш.

 

Килиан Мбаппе (Франция)

Вариант - Камерун термаси

Килиан Мбаппенинг отаси Камерундан. Бироқ африкаликлар учун бу йигитни ўз жамоаларида кўриш шунчаки, орзу...

 

Эрлинг Холанд (Норвегия)

Вариант - Англия термаси

Эрлинг Англиянинг Лидс шаҳрида туғилган. Отаси ўша пайт Англияда ўйнаган. Бу эса суперголеадорга «уч шерлар» сафига қўшилиш имкониятини берган. Лекин кичик Холанд бундан фойдаланишни истамади.

Р.ИБРОҲИМОВ тайёрлади


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz