Қайднома

Қидирув

Яна Жаъфар Ирисметовнинг «Спартак»даги саргузашти...

Яна Жаъфар Ирисметовнинг «Спартак»даги саргузашти...

  15.02.2022 12:00
  0
  627
Яна Жаъфар Ирисметовнинг «Спартак»даги саргузашти...

Ўзбек футболи мухлислари Жаъфар Ирисметовни Россия ва Қозо-ғистон чемпионатида ўйнаган ва тўпурарлик маҳоратини кўрсатган ҳужумчи деб билишади. Ҳақиқатан ҳам, фаолиятининг катта қисмини хорижда ўтказган футболчи ёмон натижаларга эришмаган. Россиянинг «Чемпионат» нашри Ирисметовнинг 2001 йилда қай тариқа «Спартак»ка ўтгани ҳақида ҳикоя қилди.

Ўзбек юлдузи 2001 йили «Спартак»да пайдо бўлган. Январь ойида Москва клуби тўпурар ҳужумчи Жаъфар Ирисметовни «Дўстлик»дан сотиб олганди. У 25 ёшгача Ўзбекистон чемпионати даражасида юздан ортиқ гол урганди. Умуман олганда, бу ёмон натижа ҳисобланмайди. Клуб ушбу трансфер орқали ҳужум чизиғини кучайтиришни хоҳлаганди. Бу, айниқса, Чемпионлар Лигаси иккинчи гуруҳ босқичи олдидан жуда муҳим эди. Ўшанда шундай босқич бўларди. Аммо трансфер ўзини оқламаган. Жаъфар ўйин жиҳатидан ҳам, руҳий жиҳатдан ҳам «Спартак»ка мос келмасди.

Форвард Ўзбекистонда ғайритабиий равишда кўп гол урарди. 2000 йилги мавсумда - 37 ўйинда 45та гол. Табиийки, бу маълумотлар Россия­га ҳам етиб борганди. «Спартак»нинг иккинчи мураббийи Вячеслав Грозний «Дўстлик» билан боғланиб, Жаъфарни кўрикка таклиф қилган. Ирисметов ўшанда унга Россиядан бошқа таклифлар ҳам бўлгани, аммо афсонавий клубга рад жавобини беролмаганини айтганди. Футболчи маш-ғулотларда қатнашиш учун Исроилга учиб борганди. Ҳаммаси одатдагидек: машғулотдаги икки томонлама ўйин (двухсторонка)да иштирок этиб, тўртта гол уради. Бу, ўз навбатида, бош мураббийда илиқ таассурот қолдиради.

Кейин Ҳамдўстлик кубоги бўлиб ўтди ва унда «Спартак» билан шартномаси бўлмаган Ирисметов бир қанча голлар урди. Қизиғи шундаки, Киев «Динамо»си ҳам ушбу вазиятдан унумли фойдаланишга ҳаракат қилиб, футболчига фойдали таклиф билан мурожаат қилганди. Ҳатто «Спартак»нинг таклифидан ҳам яхшироқ. Аммо «Дўстлик» раҳбарияти футболчини Москвага сотишга ваъда берганди.

Москва, Чемпионлар Лигаси, шаҳар марказидан ижарага олинган квартира. Ажойиб дебют учун яна нима керак? Ирисметов бу саволга ҳамон жавоб тополмаган. Ҳужумчи Романцевни шунчалик ҳайратда қолдирдики, уни биринчи расмий ўйинда, «Бавария»га қарши асосий таркибда майдонга туширди. Жаъфар, албатта, ёмон ўйин кўрсатмади, аммо «Спартак» мағлубиятга учради - 0:1. Орадан бир ҳафта ўтиб, немислар билан иккинчи ўйинда ҳам ўзбекистонлик яна бошланғич таркибдан жой олди. Бу сафар вазият янада ёмонлашди - Жаъфар жуда қулай имкониятни голга айлантира олмади. «Спартак» 0:3 ҳисобида мағлуб бўлди.

Кейинги баҳс Лондоннинг «Арсенал»ига қарши кечди. Романцев ўжарлик билан Ирисметовни таркибга киритишда давом этарди, аммо навбатдаги мағлубият ва самарасиз ҳаракатлардан кейин... Лондонликлар 1:0 ҳисобида ғалаба қозонишди.

Ирисметов Чемпионлар Лигасининг сўнгги турида «Лион»­га қарши ўйнаганидан кейин Россия чемпионатида 8та ўйин ўтказди. Ёзга келиб, у захирадан ҳам туширилмай қўйди. 12 ўйинда 0 гол. Шартнома имзоланаётган вақтда ўзбекистонлик ҳужумчидан бундай натижа кутилмаганди. Мураббийлар штаби матбуотни Ирисметовда руҳий муаммолар борлиги ва шунинг учун у Россияда гол уролмаяпти деб ишонтирарди. Бундан эса фақат Жаъфар зарар кўрарди: Романцев у билан гаплашишдан бош тортганини, мунтазам равишда техник директор Александр Шикуновнинг ёнига юборганини эслайди.

Ёзда «Спартак» ҳужумчини трансферга қўйди. Аввалига Беларусга ижарага берилди, кейин эса «Анжи»да пайдо бўлди. 10 йилдан сўнг Ирисметов миллий чемпионатларнинг тўпурарлар рўйхатида тўққизинчи ўринни эгаллади (фаолиятини давом эттирганлар орасида). 2012 йил бошида унинг ҳисобида 428 учрашувда 239та гол бор эди. Голларнинг аксарият қисми Қозоғистон ва Ўзбекистон чемпионатларига тўғри келади. 2013 йилда Жаъфар футболчилик фаолиятини якунлади. Ҳозирда у «Пахтакор» спорт директори сифатида ишлаб келмоқда.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz