Эсингизда бўлса, 2021 йилнинг сентябрь ойида «Сурхон» раҳбарияти ва футболчилар ўртасида келишмовчилик юзага келганди. Охир-оқибат, ЎФА тегишли органлар можаро юзасидан қарор чиқаришига қадар унинг иштирокчиларини футболдан дисквалификация қилди. Жумладан, «Сурхон»да етакчи ўйинчилардан бири саналган Асрор Ғофуров ҳам четга чиқишга мажбур бўлди. Ҳимоячи кейинчалик амалиётсиз қолмаслик мақсадида Бангладешнинг «Саиф Спортинг» клуби таклифини қабул қилиб, қисқа муддатли шартнома тузди. Яқинда махсус мухбиримиз Асрор билан айнан шу мавзу юзасидан суҳбатлашди.
- Асрор, қизиқ, «Саиф Спортинг»да ўйнаш варианти қай тариқа юзага келди?
- Аввало, эътибор учун ташаккур. Аслида Ўзбекистон Суперлигаси финишига 2 ой қолган вақтда ҳам турли мамлакатлар клубларидан таклифлар олгандим. Аниқроқ айтсам, Бангладеш, Таиланд ва Сингапур клубларидан аниқ чорловлар бўлди. Аммо «Сурхон» билан амалда шартномам бор эди ва клубни ярим йўлда ташлаб кетолмасдим. Кейин барчага маълум нохуш воқеалар юз берди. Жумладан, «Сурхон» офисида икки жамоадошимни калтаклаганим ҳақидаги хабарлар достон бўлди. Охир-оқибат, ЎФА томонидан бошқалар қатори менга нисбатан ҳам тақиқ қўйилди. Ўшанда дисквалификация қанча муддат амалда бўлишини ҳеч ким билмасди. Қисқаси, футболдан четда қолганимдан сўнг агентим хориждан жамоа излай бошлади ва олдинроқ алоқага чиққанлар билан музокара жараёнига киришди. Ахир уйда 4-5 ой футболсиз ўтиролмасдим. Оддий айтганда, спорт формасини йўқотиб қўйиш хавфи тинчлик бермади. Шу орада «Саиф Спортинг» таклифи жиддий кўринди ва музокара жараёнини онгли равишда тезлаштирдик.
- Энди айтингчи, Бангладеш чемпионати сиз учун ортга ташланган қадам эмасми?
- Аслида шундай. Лекин ўша вақт бошқа чорам йўқ эди. Яъни спорт формасини сақлаб қолиш жуда муҳим ҳисобланарди. Дейлик, тақиқ туфайли орада бир ой футболсиз қолиб кетдим. «Саиф Спортинг» сафига қўшилгач эса, дарҳол машғулотларга киришдим, атиги бир ҳафтадан сўнг кубок беллашувлари бошланди. Энг асосийси, шу аснода ўйин амалиётига эга бўлдим.
- Хўш, Бангладешда легионерларга қанча маош беришади?
- Кам эмас. Асосийси, Бангладеш чемпионатида 4-5та жамоа ғолиблик учун жиддий рақобатлашади. Айнан шу клублар моддий томонлама бақувват ва ўз таркибига савияли легионерлар чақиришга одатланган. Тушунарлики, хорижлик футболчилардан майдонда кенг кўламда иш бажариш талаб этилади. Мисол учун, «Пахтакор»да бир муддат ўйнаган Исмоил Гонсалвеш айни пайт «Шейк Рассел» клубида тўп сурмоқда. Умуман, чемпионатда муносиб ижрочилар йўқ эмас.
- Клуб томонидан яратилган шароитлар қандай?
- Ҳаммаси жойида. Шахсан менга илк кунданоқ зарур шароитларни муҳайё қилиб беришди. Фақат майдонга тушиб, жамоага фойда келтирсам, бас. Хуллас, маиший томондан қандайдир камчилик ёки муаммо йўқ.
- Бангладеш чемпионати савияси ҳақида нима дея оласиз?
- Олдинга силжиш учун ўзгаришларга қўл урилаётгани сезилиб турибди, аммо камчиликлар ҳам етарли. Дейлик, стадионлар ҳолати унча яхши эмас. Муҳими, охирги вақтларда кўплаб жамоалар инфратузилмага эътибор қарата бошлади. Албатта, ўз олдига катта мақсадларни қўйган клубларда шароитлар чакки эмас. Ҳар ҳолда, тараққиёт йўлида изланиш бор. Оддий айтганда, Бангладеш футболи бир жойда тўхтаб қолаётгани йўқ.
- Бангладеш чемпионати фаолиятингизда янги саҳифа, барибир. Шу маънода айтсак, қийинчиликлар кузатилгандир...
- Катта муаммолар учрагани йўқ. Мамлакатда кўпчилик инглиз тилида мулоқот қилади. Илгари ҳам легионер сифатида ўйнаганман ва янги муҳитга кўникишда жиддий қийинчиликка юз тутмадим. Фақат таомлар масаласида муаммо бор. Бу ерда барча таомлар жуда аччиқ, ҳаммасига қалампир қўшилар экан. Яхшики, турк ошхонаси бор, асосан ўша ерда овқатланаман.
- Ёқимсиз бўлсада, сўрашга мажбурмиз: «Сурхон»да юз берган ўша воқеада асли нима бўлганди?
- Ҳа, ўша воқеаларда айбим борлигини тан олганман. Лекин... Бу ўта ёқимсиз ҳолат. Мени Жавоҳир Эсонқулов ва Акрам Хўжаев видеони ҳамма жойга тарқатиб, айбсизларни ҳам айбор қилишгани бироз ранжитди. Барчаси Яратганга аён, ҳаммасига ўзи жазо беради. Бу ҳақда бошқа гапиришни, вазиятни чигаллаштиришни истамайман.
- ЎФАнинг дисквалификация ҳақидаги қарорини эшитгач, руҳан эзилгандирсиз.
- Албатта. Негаки, кўпчилик менга жиноятчидек қарай бошлади. Гуёки, катта айб қилиб қўйганману, одамлар мендан нафратлана бошлагандек туюлганди. Муҳими, ўзим учун ҳақ эдим.
- Аслида ҳаётда қандай инсонсиз?
- Табиатан босиқман. Лекин ноҳақликдан кўз юмолмайман. Ҳаётдаги шиорим - аввало, яхши инсон бўлиш керак.
ИЗЗАТБЕК суҳбатлашди
Манба: interfutbol.uz
Киритилган сана: 17.12.2017 17:00
Киритилган сана: 23.11.2017 06:27
Киритилган сана: 29.10.2017 17:51
Киритилган сана: 26.11.2017 06:28
Киритилган сана: 20.12.2017 09:09
Киритилган сана: 29.12.2017 00:29
Киритилган сана: 16.05.2017 14:23
Киритилган сана: 23.07.2017 22:07
Киритилган сана: 24.11.2017 00:17
Киритилган сана: 21.09.2017 12:35
Киритилган сана: 16.01.2018 04:31
Киритилган сана: 07.01.2017 14:02
Киритилган сана: 05.11.2017 13:21
Киритилган сана: 09.10.2017 00:15
Киритилган сана: 08.05.2017 04:20