Қайднома

Қидирув

Яхши кўра-кўра футболдан воз кечмаяпмизми?

Яхши кўра-кўра футболдан воз кечмаяпмизми?

  16.02.2022 09:59
  0
  561
Яхши кўра-кўра футболдан воз кечмаяпмизми?

Катта авлод вакиллари ХХ асрнинг 60-70-йилларини футболдаги буюк кўтарилиш даври сифатида яхши эслашади. Пеле ва Гарринча, Бобби Чарльтон ва Франц Беккенбауэр, Лев Яшин ва Эдуард Стрельцов, Биродар Абдураимов ва Геннадий Красницкий каби етуклар ҳалигача ҳам тилимиз, ҳам дилимизда. Тўғри, ўша буюк кўтарилиш даври энди ортга қайтмайди. Лекин бу футбол аста-секин ўз жозибаси ва томошабоплиги, юксак даражадаги  ривожланиш маромини йўқотганини англатмайди. Зеро, футбол дунёси кейинчалик Диего Марадона, Зико ва Мишель Платини авлоди ўйинларидан завқланди. Бу авлоддан сўнг Роналдо, Зайниддин Зидан ва Луиш Фигу каби ўнлаб суперюлдузлар катта саҳнага кўтарилишди. Вақт қонуниятига бўйсинган бу авлод эса футбол тараққиёти эстафетасини Криштиану  Роналду, Лионель Месси ва Неймар каби замонамиз юлдузларига топширди. Хуллас, футбол ривожланса ривожландики, тараққиётдан тўхтамади асло. Ҳар сафар авлодлар алмашинуви арафасида мухлисларни «Энди нима бўлади?» қабилидаги савол қийнаганида, майдонларни янги даҳолар шодликларга буркашди.

Юқорида жаҳон футболидаги ривожланиш босқичларини қисқача таърифладик. Қизиқ, айни шу тараққиёт занжири орқали миллий футболимизга назар ташласак, қандай манзара кўринади? Бизда ҳам ривожланиш мароми ўз йўлида мустаҳкам давом этяптими? Бу саволга Бахтиёр Ҳамидуллаев ўз интервьюсида лўнда жавоб бериб қўйди: «Игорь Шквирин, Шуҳрат Мақсудов, Равшан Бозоров каби ҳужумчилар бизнинг авлодга нисбатан юқори савия­да тўп  суришарди. Уларга тенглашолмаган бўлсак-да, кейинги авлод бизга ҳавас қилди, фақат даражамизга етолмади! Бугун мақталаётган  авлод эса ўзидан олдинги футболчилар ишини такрорлолмаяпти!» Суҳбат жараёнида унинг Максим Шацкихни Элдор Шомуродовдан маҳоратлироқ, деб билиши сезилди. Диққат қилинг, жаҳон аренасидаги босқичма-босқич ривожланишни таъкидлаган ҳолда, миллий футболимиз тараққиёт нуқтасидан депсиниш ва инқироз ҳолатига тушаётганига эътибор қаратмоқдамиз! Ҳа, бизда  тескариси... Футболимизни қанча яхши кўрмайлик, унинг ривожини нечоғли истамайлик, ҳаммаси аксинча тус олмоқда! Нималар бўляпти ўзи? Халқимиз нима сабабдан стадионларга ошиқмаяпти? Нега футбол томошаси байрамга айланмаяпти? АПЛнинг сўнгги туридан ўрин олган «Эвертон» - «Лидс» учрашувида кузатилган тантанавор руҳ, байрамона кайфиятни кўриб, очиғи, юрагимиз яна увишди, футболимиз, ўйинларни кўришдан мосуво мухлис гуруҳи, бўм-бўш стадионлар кўз олдимизга келди! АПЛнинг ўртамиёна жамоалари учрашувида стадионда шодлик тўлқини оқди, пандемия унутилди! Хўш, бизда нима учун бундай эмас?

Муҳтарам мухлис, кетма-кет саволларни қалаштираётганимиз учун минг бор узр. Тушунамиз, бошқа соҳа вакиллари ҳам шу каби қиёс-солиштиришлардан сўнг ўйга толишади. Бироқ ҳозирги ҳолатда дейлик, Европа ва Ўзбекистон таълим тараққиётини солиштириш -қиёслаш мантиқсиз, назаримизда. Куни кеча ўқитувчилар маоши бўйича жаҳон рейтинги эълон қилинди ва у мамлакатимизда  таълим тараққиёти учун ҳали кўп меҳнат қилиш кераклигини билдириб турибди. Демоқчимизки, таълим ёки тиббиёт тараққиёти учун узоқ вақт, кўп маблағ зарур! Футбол эса бутунлай бошқа масала. Оддий ифодалаганда, таълим ва тиббиётдаги муаммолардан чарчаган халқ кайфиятини кўтарувчи, ўша масалалардан бироз муддат узоқлаштирувчи ва бунинг учун оламжаҳон маблағ ёки куч талаб қилмайдиган ўйин - футбол! 

Хўш, футболимиз мутасаддилари мухлисларни шу муҳим имконият, навобахш неъматдан нега айирмоқдалар? Қаранг, Суперлигада 14та жамоа иштирок этсаю, ўйинлар 7тагина шаҳарда ўтказилса... Бу қандай бедодлик? Тегишли мутасаддилар Тошкент шаҳрида яшовчи аҳоли ва пойтахтда мавжуд футболга «шайдолик»ни Лондон, Мадрид ва Москвадаги жамоалар сони, уларда ҳукм­рон футбол муҳитига қиёслашяпти, чоғи! Аввалги мақоламизда таъкидлаганимиздек, Тошкент - барчамиз учун азиз шаҳар, аммо футболга муносабат ва жамоалар сони масаласида пойтахтимизни Лондон, Мадрид ёки Москвага солиштириш мутлақо мантиқсизликдир! Ҳа, Тошкент вақтида футболсеварлар шаҳри саналган, унга бутун Ўзбекистондан мухлислар дарё мисол тўлиб-тошиб оқиб келишган. Бироқ тан олайлик, Тошкент бугун футболга бегона. Афсуски, буни соҳа мутасаддилари тан олишмаяпти ёки тан олишса ҳам қайсарлик билан ўз билганларидан қолишмаяпти! Бу хусусда аввалги мулоҳазаларимизда ёзгандик. Лекин мухлисларнинг арз-додлари мужассамлашган мулоҳазалар шунчаки, ҳавога учмоқда.

Мана, энди ўша 7та шаҳарда бўладиган ўйинлар асосан иш кунларига белгиланди. Футболни кўкрагидан итариш бундан ортиқ бўладими?! Беихтиёр тилдан оғриқли савол учади: «Ўзи футбол мухлислар учунми ёки мутасаддилар учун?» Учрашувларнинг иш кунларига белгилангани мухлисларга сира маъқул келмади ва улар буни ижтимоий тармоқларда баралла ёзишмоқда. ПФЛ раҳбарияти эса ўйинлар атиги 7та шаҳарда ўтказилиши сабабини қандай тушунтирган бўлса, бу сафар ҳам ўз позицияси мухлислар қарашлари ва истак-хоҳишларидан устун эканлигини яна бир бор изоҳлади, исботлади. Қойил! Қаранг, ПФЛ ҳар доим ҳақ ва адолатли, мухлислар армияси эса ноҳақ ва вазиятни тушунмайди! Изоҳни қаранг, изоҳни!  Европанинг кучли 5та лигаси Суперлига ўйинлари трансляциясига халақит берар эмиш! Балки Суперлига ўйинлари дам олиш кунларига қўйилса, бу ҳолат еврофутболни хуш кўргувчи соҳа мутасаддиларига халақит берар?! Кимдир Яйпан, Қарши ва Намангандаги муросасиз баҳслардан сўнг узоқ йўл босиш натижасида чарчаб, ҳолдан тойиб АПЛ ёки Ла Лиганинг қизиқарли учрашувларини кўролмасликдан чўчир?! Эҳтимол, шунинг учун Суперлига ўйинлари иш кунларига қўйилгандир?! Албатта, бу иддаолар кимларгадир ёқмаслиги кундек равшан! Биз атайлаб шундай ёздик, ўйинларнинг иш кунлари ўтказилиши сабабини уларга ёқмайдиган тарз­да изоҳладик. Бу билан ноўрин изоҳ-сабаблар мухлислар руҳиятига қандай ёмон таъсир қилишини билдирмоқчимиз, холос! Яна бир бор такрорлаймиз: футбол мухлислари силлиқ изоҳлар, мавжуд вазиятларни тушунтиришдан чарчашди! Уларга изоҳлар ва тушунтиришлар эмас, балки футбол керак! Ҳа, ҳа, улар футбол томошасини исташади! Аҳмаджон ака Алланазаров айтмоқчи, «Сўғдиёна» Зоминда ўйнаса ҳам  мухлислар стадионга бораверишади! Абдуҳамид ака таъкидлаганидек, майсаси сарғайган бўлса ҳам, «Нефтчи» Марғилондаги стадионда ўйнаса, мухлислар ёғилиб келишади!

Бундан 11 йил муқаддам «Нари тур, еврофутбол!» номли мақола ёзгандик. Сўнг­ги кунларда кўплаб мухлисларимиз ўша мақолани эслашди ва «Бизга меҳрибончиликнинг кераги йўқ! Еврофутболни ўзлари кўраверишсин! Шароити ҳаминқадар стадионларга бориб бўлса ҳамки, ўз қора кўзларимиз ўйинини кўришни хоҳлаймиз!» - дейишмоқда ўзаро мулоқотларда.

Унутмаслик керак, футбол мавзусида баҳс-мунозара борса, ҳар доим бир хулоса тез-тез қулоққа чалинади: мухлис ҳар доим ҳақ!

Муҳаммад ВАЛИ


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz