Қайднома

Қидирув

Премьера - «Неймар: идеал тартибсизлик»

Премьера - «Неймар: идеал тартибсизлик»

  17.02.2022 06:36
  0
  524
Премьера - «Неймар: идеал тартибсизлик»

Netflix ижодкорлари томонидан яратилган ҳужжатли картинанинг номи Неймар табиатига хос зиддиятни тўлиқ ифодалайди. Майдонда ажиб финтлар кўрсатиш баробарида фантастик голлар урадиган бразилиялик ҳужумчи қўққисдан эҳтиросга берилиб, «қизил» олиши ҳам ҳеч гап эмас. Бир ёқда ўз маблағи ҳисобидан болалар учун спорт мажмуалари бунёд этса, бош­қа томонда пандемия авжига чиққан паллада базм-жамшид уюштиради. Шунинг таъсирида Неймарни кўкларга кўтарадиганлар ҳам, аямай танқид қиладиганлар ҳам етарли.

***

Янги картинада Лионель Месси, Килиан Мбаппе, Дэвид Бекхэм, Тьяго Сильва, Луис Суарес ва бошқа юлдузлар ҳам суратга тушишган. Фильм ижодкорлари Неймарнинг инсон ва футболчи сифатида камол топгани, «ПСЖ» ҳужумчиси мақомидаги фаолиятида отаси катта ўрин тутишини алоҳида таъкидлашган. Катта Неймар вақтида Бразилия чемпионатида тўп сурган, лекин юксак натижалар қайд этолмай, 32 ёшида фаолиятини якунлаган. Ўзи футбол оламида машҳурлик ва бойликка эришолмаган бўлсада, ўғлининг иқтидорини тўғри чамалаган ота - унинг ишончли маслаҳатгўйи. Катта Неймар бўлажак ҳужумчининг менежери ва агенти сифатида уни «Сантос»га олиб боради. 2006 йили эса ота-ўғил «Реал» кўригида бўлишади. 14 ёшли иқтидор мадридликларни лол қолдиради, бироқ келишув амалга ошмайди. Чунки болакайнинг ўзи Бразилиядан кетишни истамайди, «Сантос» эса уни қўйиб юборишни. Айни ўша паллада Неймарлар оиласи дастлабки миллион долларга эга бўлади. Яъни катта Неймар NR Sports компаниясини тузиб, бўлажак юлдуз имижи ва фаолиятини ўз тасарруфига олади. Ҳозир шу компанияда 215 нафар ходим ишламоқда. Реклама шартномаларидан тортиб, турли клублар таклифлари NR Sports томонидан кўриб чиқилади. Неймарнинг ҳаёти эса аллақачон бизнесга айланди. У энди машҳур модель сифатида телеэкранларда кўриниш бермоқда. Дезодорант, шампунь, бензин, шоколад, турли-туман маҳсулотлар Неймар ёрдамида овоза қилинади. Бразилиялик футболчи 2010 йили йилига чамаси 500 минг доллар миқдорида маош оларди. Лекин ота-бола ўшандаёқ бизнес ишлари ортидан 11 млн. доллар топишган. Фильмда катта Неймар компания тасарруфини яқин келажакда фарзандига бермоқчи эканлигини айтган, лекин унинг ўзида ҳозирча бу ишларга қизиқиш йўқ.

***

Неймар «Барса»да йиғлаган ва уни Месси юпатган. Ней Парижга кўчиб ўтгач, уйида яқин дўстларига «Барселона»даги дебют мавсуми ҳақида гапириб берган. Бразилиялик ҳужумчи нотаниш чемпионатга мослашишда роса қийналган, чунки бошида «Сантос»даги ўйинини кўрсатолмаганди. Дейлик, «Атлетик»ка қарши баҳсдан кейин кийиниш хонасида йиғлаб ўтирганида, уни Месси юпатган экан: «Лео ўшанда ҳеч нарсадан қўрқмаслик кераклигини уқтирганди. Унинг «Сенга ёрдам беришга тайёрман, ҳали ҳаммаси яхши бўлади», дея берган далдаси кайфиятимни анча кўтарди. Кейинчалик ишларим чиндан ҳам юришиб кетди».

***

Картинада Неймарнинг телефонидаги видеолавҳа ҳам намойиш этилган. Унда бразилияликнинг ЧЛ-2014|2015 финалидан кейин Суарес ва Месси билан рақс тушгани тасвирланган. Таъкидланишича, катта Неймар аслида ўғлининг «ПСЖ» сафидан жой олишига қарши чиққан экан. Ҳар ҳолда, фильмда барчасини Неймарнинг ўзи мустақил равишда ҳал қилгани ошкора баён этилган. Катта Неймар: «Ўғлим қулай шароитдан воз кечишни лозим топганди. Оддий айтганда, кетиш режаси аллақачон миясини қамраб олган, у таваккал иш тутишга аҳд қилганди».Аввалига Суарес бразилияликни ўзига яқин олиб, «ПСЖ»га ўтиш нотўғри эканлигини тушунтиришга уриниб кўрган, Месси эса нима учун бундай қарорга келганини сира тушунолмаган.

***

Россия-2018 мундиалида Бельгия термасидан қабул қилинган мағлубият бразилиялик ҳужумчи учун фаолиятидаги энг оғриқли зарбалардан бири бўлганди. Неймар ўша омадсизликдан кейин маълум муддат ҳеч ким билан гаплашмаган, ҳаттоки, интернет кенгликларига чиқишни ҳам тўхтатганди. Неймарга «йиғлоқи» ва «нозик­ой» қабилидаги салбий таърифлар сира ёқмаслиги турган гап. «Нима учун? Наҳотки, арзимас турткига ҳам йиқилаверган бўлсам? ЖЧ-2018даги 1та учрашувда менга нисбатан 9 марта қўполлик ишлатишганини яхши эслайман», -  дейди Неймар бу масалада.

***

Неймарнинг 10 ёшли ўғли бор: у локдаун бошлангач, Бразилияга, фарзанди ёнига ошиққан, кейин юксак савияда ўйин кўрсатганди. Фильмда ҳужумчининг Дэви Лукка исмли ўғли ҳақида ҳам маълумотлар бор. У Бразилияда онаси Каролина Дантас билан истиқомат қилади. Ҳужумчи Каролинани мактабдаёқ севиб қолган. У 2011 йили ўғил фарзанд кўрганида, футболчи атиги 19 ёшда эди. Бироқ орадан бир неча ой ўтгач, жуфтлик ажрашиб кетади. Шунга қарамай, футболчи собиқ турмуш ўртоғи ва фарзанди билан яхши муносабатни сақлаб қолган, улардан тез-тез хабар олиб туради. Неймар бир гал Дэвининг туғилган кунида унга қутиси турли китоблар билан тўлдирилган электроскутер совға қилган. Ёш ота шу йўл билан фарзандида ўқишга қизиқиш уйғотишни ўйлаган. Гап шундаки, Дэви мактабга қатнашни хуш кўрмас экан. 2020 йилнинг баҳорида Францияда локдаун эълон қилинди, ички чемпионат тўхтатилди, ЧЛ ўйинлари қолдирилди. Бу имкониятдан фойдаланган Неймар Бразилияда ўғли билан яшай бошлади. Шунингдек, машғулотларни ҳам унутмади. Қарангки, яқинлари даврасидаги машғулотлар ўта самарали ўтди. Ҳар ҳолда, ҳужумчи танаффусдан кейин «ПСЖ» билан ЧЛ финалга чиқди. Гарчи парижликлар ҳал қилувчи баҳсда «Бава­рия»га 0:1 ҳисобида ютқазган бўлсаларда, кўплаб мутахассислар Неймар ўйинига юқори баҳо беришди.

***

Хулоса: сериал шундай таассурот қолдирадики, режиссёрлик вазифасини гўё катта Неймар адо этгандек. Унда футболчи аямай танқид қилинган, можароларга бой маишатбозликлар ва суд жараёнлари ҳам тилга олинган. Лекин отаси ва унинг феъл-атвори хусусида бир оғиз гап йўқ. Ваҳоланки, Испания матбуоти маълумотларига қараганда, катта Неймар ўғлининг «Барса» ва «ПСЖ»га ўтиши ортидан бир неча ўн млн. евро миқдорида устама пули олган ва уларни ичкиликбозлик, айш-ишратга сарфлаган. Нима бўлганда ҳам, картина Неймарни комикслар қаҳрамони - DC Бэтмен билан таққослаш имконини беради. Ҳар иккисини тартибсизликларсиз тасаввур қилиш мушкул. Бетартиб турмуш тарзи - ҳар иккиси учун одатий ҳол. Лекин шунинг баробарида футболчи тимсолида иккинчи персонаж ҳам барҳаёт - Жокер. Фильмнинг бош ғояси: мантиқсизлик ва тартибсизлик. Ҳа, бу жиҳатлар ҳаёт безаги эмас, аммо Неймар учун муҳим. Футболчи осойишта кун тартибида ўз ўрнини йўқотиб қўяди...


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz