Қайднома

Қидирув

Элдор Шомуродов: «Сабр эвазига муваффақият қозондим»

Элдор Шомуродов: «Сабр эвазига муваффақият қозондим»

  17.02.2022 08:58
  0
  692
Элдор Шомуродов: «Сабр эвазига муваффақият қозондим»

Мўъжазгина Жарқўрғонда туғилиб, бугунги кунда Жозе Моуриньо бош мураббийлигидаги «Рома» клубида тўп сураётган, ҳозирнинг ўзида Ўзбекистоннинг ҳақиқий фахрига айланиб улгурган Элдор Шомуродов яқинда УЕФА расмий сайтига интервью берди.

- Аксарият мураббийлар Шомуродовнинг менталитети энг кучли жиҳати эканлигини таъкидлашади. Ўз олдингизга қўйган мақсадларга эришиш йўлида астойдил меҳнат қиласиз. Европа даражасига чиқишни доимо орзу қилганмисиз?

— Бир пайтлари «Машъал»нинг асосий жамоаси ўйинларида майдон четида футболчиларга тўп узатиб турардик. Ўшанда тезроқ улғайиб, ушбу клуб таркибида ўйнашни орзу қилардим. Профессионал футболга қадам қўйгач, янада ўсиш кераклиги, бошқа жамоага ўтиш маъқул эканлигини тушуниб етдим. Уйда Европа футболини томоша қилардик, оила аъзоларим айнан «кўҳна қитъа» сари интилишим лозимлигини айтишарди. Мақсад сари интилиб, ниятимга етдим.

— Болаликдаги кумирларингиз ким эди?

— Дидье Дрогба ва Фернандо Торресни яхши кўрардим.

— «Челси» мухлисимисиз?

— Аввал шундай эди. Ҳозир «Рома» фанатиман.

— Ўзбекистонда деярли қаҳрамонга айлангансиз. Шунингдек, терма жамоа сардорисиз. Ёш бўлишингизга қарамай, бундай эътирофга эришиш сиз учун нимани англатади?

— Бу жуда муҳим, сўз билан таърифлаш қийин. Сардорлик боғичи менга топширилишини кутмагандим. Ҳозир бизда авлодлар алмашинуви рўй беряпти. Ёш футболчилар келишяпти, уларга ўрнак бўлишим керак.

— Ватан сиз учун қанчалик аҳамиятга эга? Уйга тез-тез бориб турасизми?

— Ватанимни севаман. Миллий жамоага таклиф қилишса, дарҳол етиб бораман. Таътил пайтида уйга жўнайман. Бошқа пайт бундай имконият бўлавермайди. Албатта, Ўзбекистонни, ота-онамни соғинаман.

— Илёс Зейтуллаевдан кейин «А» серия-да ўйнаган иккинчи ўзбекистонлик футболчи ҳисобланасиз. Бу билан фахрланасизми?

— Албатта, фахрланаман. Бу ёқимли. Бизда юқори савияли футболчилар кўп. Уларнинг ҳам Италияда ўйнашларини истардим. Европада ўзбекистонлик футболчилар кўп бўлишини хоҳлайман. Бу ерда футбол бутунлай бошқача, тезлик ўзгача. Ҳамюртларим бу ерда ўсишга эришишлари муқаррар. Европада ҳамюртларим қанчалик кўпайса, термамиз шунчалик кучаярди.

— Италияга келишдан аввал «Ростов»да ўйнагансиз. Фаолиятингизнинг ушбу бос-қичи ҳақида гапириб берсангиз.

— Россиядаги дастлабки мавсум у қадар яхши бўлмади. Кейин эса мослашиб, Европага яқин бўлган бутунлай бошқача футбол намойиш эта бошладим. Валерий Карпин мени астойдил қўллаб-қувватлади, ишонч бағишлади ва ишларим юриша бошлади.

— Кейинчалик «Женоа» эътиборини торт­дингиз. Янги мамлакатга келиш қандай бўлди?

— «Ростов»даги иккинчи мавсумда жуда яхши ўйнадим. Кейин эса ярим йил ёмон ўтди. Бунга сабаблар бор эди. Аммо менда Европага кўчиш иштиёқи йўқолмади. Шу боис, осон бўлмаган. Гол уролмасанг, Европага ўтиш қийин. Аммо «Женоа» менга ишонди. Бунинг учун клубга раҳмат айтаман. Улар мени «Ростов»дан сотиб олишди. Европада ўйнаш истагим борлиги учун ушбу таклифга розилик бердим. Мен учун Европадаги фаолиятимни топ-клубда эмас, кичик жамоада бошлаш муҳим эди. Шу ор­қали менда асосий таркибга кириш имконияти юзага келарди. Биринчи йил оғир ўтди. Россия ва Ўзбекистонда менталитет ўхшаш, Европада эса бутунлай бошқача. Шу боис, дастлабки 2-3 ой осон кечмади, кейин аста-секинўргана бошладим. Ҳозир Италияда одамларни яхши тушунаман.

— Италия футболи Россия ва Ўзбекистон футболидан нимаси билан фарқланади?

— Биринчи навбатда, бу ерда тезлик анча юқори. Кўпроқ жисмоний кучга асосланган футбол намойиш этилади. Ўйинчилар маҳорати, албатта, катта.

— Қандай хислатлар эвазига муваффақиятга эришдингиз?

— Аввало, сабр эвазига, деб ўйлайман. Дастлаб қийин бўлган. Бу менинг даражам эмас, деб ортга қайтишим мумкин эди. Аммо сабр қилдим, ҳозир ҳаммаси жойида.

— «Рома» каби клуб сиз билан шартнома имзолашни истаётганини билганингизда, нималарни ҳис қилгандингиз?

— Менталитетни ўзгартириш кераклигини билардим. Ҳар бир ўйинга фақат ғалаба ниятида тушиш керак. Бу клуб ўз олдига юқори мақсадлар қўйи-шидан хабардор эдим. Бу ерда рақобат юқори. Ҳар бир учрашувда асосий таркибда тушишга муносиб эканингни исботлашинг керак.

— Жозе Моуриньо - севимли футболчингиз Дидье Дрогбанинг севимли мураббийи. Португалиялик мутахассис билан ишлаш қандай бўлмоқда?

— Унинг юқори вазифалар қўйиб, барчасини бажаришга интилиши илк кунларданоқ маълум бўлди. Ўйин ва интизом жиҳатидан жуда талабчан мураббий. Ҳар бир ўйинда ғалаба қозонишни ва футболчилар ҳам шунга интилишларини истайди.

— Моуриньо Дрогбани ўз даврининг энг яхши ҳужумчисига айлантирганди. Сизга ҳам ёрдам беряптими?

— Ҳозир асосан тактика устида ишлаяпмиз. Майдонда қандай ҳаракат қилишимиз кераклигини кўрсатмоқда, биздан ҳар бир баҳсда юз фоиз куч билан ўйнашимизни, албатта, гол уришни ҳам талаб қилмоқда.

— Жорий мавсум ўз олдингизга қандай мақсадлар қўйгансиз?

— Биринчи навбатда, Чемпионлар Лигаси йўлланмасини қўлга киритиш ва Конференциялар Лигасида ғолиб чиқиш. Шахсий мақсадларим эса ҳамиша жамоа билан боғлиқ. «Рома»нинг ғалаба қозониши ва соврин ютишида ёрдам беришни истайман.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz