Қайднома

Қидирув

Марко Асенсио: «Мадрид»дан кетиш ниятим йўқ»

Марко Асенсио: «Мадрид»дан кетиш ниятим йўқ»

  18.02.2022 06:16
  0
  611
Марко Асенсио: «Мадрид»дан кетиш ниятим йўқ»

Охирги вақтларда ҳужумчи Марко Асенсионинг жорий мавсум якунида «Реал» билан хайрлашиши ҳақидаги хабарлар кўпайганидан кўпайди. Лекин футболчининг ўзи «Вильярреал» билан ўйин (0:0) арафасида Cadena Ser канали мухбири билан суҳбатда алоҳида таъкидлади: «Сантьяго Бернабеу»дан кетишни ўйлаётганим йўқ». Марко шунинг баробарида айни ҳолатига тўхталди, яна Килиан Мбаппе, Гарет Бэйл ва Эден Азар ҳақида фикр билдирди.

- «Гранада»га қарши ўйин­да ғалаба голига муаллифлик қилдингиз. Демак, кайфият яхши...

- Ҳа, шундай. Ўйиндан сўнг ўша голни қайта-қайта кўрдим. Жуда чиройли ва муҳим гол. Умид қиламанки, таъқибчи - «Севилья»дан шу тарзда узоқлашишда давом этамиз.

- Демак, Андалусия жамоасига Ла Лигадаги асосий рақиб сифатида қараяпсизлар, шундайми?

- Ҳозирги ҳолатда бош рақиб - «Севилья». Ҳар ҳолда, турнир жадвалида бизга энг яқини шу клуб. Лекин хотиржамликка берилиш ярамайди, барқарор ўйин асносида таъ­қибчилардан қанча кўп ўзиб кетсак, шунча яхши.

- Карим Бенземанинг жорий мавсумдаги маҳсулдорлигини нима билан изоҳлайсиз?

- Жамоа учун ўта муҳим ижрочи. Айниқса, бу мавсум янада мукаммаллашди. Карим айни пайт барчамизга чинакам илҳом бағишламоқда. Муваффақияти сирига келсак, ҳаммаси тажрибадан. Ҳар ҳолда, Бензема оғир дамларни бошдан кечирди, муҳими, ҳар қандай ҳолатда бой тажрибаси эвазига ўзлигини йўқотмади.

- ОАВда тез-тез «Мад­рид»дан кетишингиз тахмин қилинмоқда. Бунга муносабатингиз қандай?

- Йўқ, жамоа билан хайрлашиш ҳақида ўйламаяпман. Ҳа, жароҳат туфайли анча қийналдим, спорт формасини тиклашим вақт талаб қилди. Асосийси, етарли салоҳиятга эгалигимни биламан. Мураббий билан бир неча марта жиддий гаплашдим ва бу суҳбатлар ҳам қўшимча ишонч бағишлади. Анчелотти мендан нималар кутаётганини жуда яхши тушунаман.

- «Реал»га Килиан Мбаппе келиши мумкин...

- Менга клубдош сифатидами? Табиатан энг яхши футболчилар билан бирга ўйнашни ёқтираман. Қисқаси, агар Килиан келса, ажойиб муносабат ўртанишимизга ишончим комил.

- ЖЧ-2022 стартига тобора кам вақт қолмоқда. Демак, Испания термаси таркибидан жой олиш учун ҳаракатни кучайтиришингиз керак.

- Албатта, ҳар доим мамлакатим бош жамоасига интиламан. Бунинг йўли та­йин: аввало, клуб футболида энг зўрлар қаторига қайтишим керак. Шунда Луис Энрике ўз-ўзидан менга қўнғироқ қилишни хоҳлаб қолади, албатта.

- Серхио Рамоссиз ўйнаш қандай экан? У тез орада сизларга қарши майдонга тушиши мумкин. 

- Рамос «Гранада» билан ўйиндан сўнг менга SMS-хабар юборди. Яъни муҳим гол билан табриклади. Бунга жавобан бўлажак ўйинда у билан майдонда учрашишдан умидворлигимни ёздим.

- Хўш, «ПСЖ» - «Реал» дуэлида қайси томон фаворит?

- Бундай қарама-қаршиликларда фаворит бўлмайди. Тушунарлики, ажойиб жамоага қарши чиқамиз, лекин «Реал Мадрид»миз, шундай экан, яхши ўйин кўрсатиб, чорак финалга чиқишимизга шубҳам йўқ. Кўп нарсага қодир эканлигимизни биламиз ва табиийки, фақат ғалабани кўзлаймиз.

- Келажагингизни қандай кўряпсиз?

- Аввало, «Реал»да ўйнаб, роҳатланишда давом этишни хоҳлайман. Айни пайт бошқасини миямга сиғдиролмайман. Кўп ўйна, яхши ўйна, мухлисларни қувонтир, тамом!

- «Барселона» ва «Атлетико»нинг кучсизлангани яхшими ёки...?

- Тўхтанг, «Барса» ҳозир яхши натижаларга эришяпти, таркибини ҳам кучайтириб олди. Умуман, ҳар икки клубга паст назар билан қарамаслик керак. Жорий мавсум илк марта ҳам «Атлетико», ҳам «Барселона»дан катта фарқ билан олдинга чиқиб олдик. Лекин Ла Лиганинг мураккаб томони шуки, исталган рақиб сизни очкодан маҳрум этиши мумкин.

- Сизнингча, Анчелотти ротацияга ҳаддан ортиқ эътибор қаратмаяптими?

- Тақвим шуни тақозо этади ва бунга тайёрмиз. Қолаверса, таркибимизда муносиб футболчилар кўп. Кимнинг қанча ўйнашини эса мураббий ҳал қилади. Дейлик, охирги ўйинларда таркибни тетиклаштириш мақсадида туширилган футболчилар жамоага катта ёрдам беришди.

- Эден Азар ва Гарет Бэйл «Реал»да ортиқчами чиндан ҳам?

- Эден яхши ҳолатда, аммо кўп омиллар бор. Масалан, жароҳатлар. Менимча, у жорий мавсумнинг ўзида жамоага катта ёрдам бера олади. Гарет Бэйлга келсак, у майдонда борини кўрсатиши учун бутунлай соғлом бўлиши керак. Умуман, Бэйл «Мадрид»га кўп нарса беришга улгурди. Менимча, ҳозир ҳам яхши формада ва наф келтиришга тайёр. Унга амалиёт бериш ёки бермаслик эса мураббийнинг қарашларига боғлиқ. Йигитлар билан муносабати яхши. Албатта, ҳар кимнинг ўзига хос феъл-атвори бор, лекин Гаретнинг кўринишига қараб, хулоса чиқармаслик лозим.

М.МЎЛАТОВ тайёрлади


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz