Қайднома

Қидирув

Нуқтаи назар: Диққат, жанжалкаш Балотелли «Адзурра»га қайтмоқда!

Нуқтаи назар: Диққат, жанжалкаш Балотелли «Адзурра»га қайтмоқда!

  20.02.2022 04:40
  0
  453
Нуқтаи назар: Диққат, жанжалкаш Балотелли «Адзурра»га қайтмоқда!

Марио Балотелли ҳар доим буюк истеъдод саналган, аммо телбавор ҳаракатлар уни футболдан тез-тез чалғитгани ҳам айни ҳақиқат. Ҳар ҳолда, СуперМарио машғулотлардаги аҳмоқона «трюк»лари, шовқинли зиёфатлар уюштиргани билан ҳам машҳур. Италиялик ҳужумчининг аҳмоқлик даражасини баҳолаш учун бир нечта факт етарли. Қарангки, Балотелли 31 ёшида Италия термасидан қайта чорлов олди. Нима, у ниҳоят, ўзини «йиғиштириб» олдими?

Факт № 1. «Интер» футболкасини улоқтириб, азалий рақиб - «Милан» формасини кийиб кўрди

Балотелли фаолиятининг бошланғич қисмида майдондаги ҳаракати билан «нерадзурралар» мухлислари ғазабини тез-тез қўзғатарди. Дейлик, ўйинлардан бири якунлангач, ғазабини босолмай, эгнидаги футболкани йиртиб, уни майдонга улоқтирди. Марионинг бу қилмиши трибуналарости бинода «Интер» фахрийси Марко Матерацци билан муштлашувга уланиб кетиши ҳеч гап эмасди. Боз устига, Балотелли телекўрсатувлардан бирида бошловчининг провокацион саволига учиб, «Милан» либосини кийиб кўришдан тийилмади. Табиийки, «Интер» фанатлари ҳужумчининг бу ҳаракатини тўғри қабул қилишмади.

Факт № 2. Кимсан Франческо Тоттини мувозанатдан чиқарди

«Рома»нинг афсонавий сардори ва ҳужумчиси ҳамиша профессионаллик рамзи бўлиб келган. Бироқ у ҳам бир сафар ғайриоддий ватандоши макрига «илинди». Айтишларича, Марио ўйин давомида Тоттига луқма ташлашдан чарчамаган: «Ўзи ўйнайсанми ёки болакайдек ҳаракатланаверасан?» Франческо охир-оқибат, бундай беадабликка чидолмай, рақибини сўкади ва оёғига куч билан тепади. Эҳтимол, «Рим шаҳзодаси» учун бутун фаолиятидаги энг шов-шувли «портлаш» шудир.

Факт № 3. Нимчани киёлмай, одамларни кулдирди

СуперМарио «Манчестер Сити»да шунчаки, бутунлай ақлдан озди гўё. У хусусан, машғулот нимчасига боғлиқ ҳолат туфайли кулгили лаҳзалар хит-парадига кирди. Ҳужумчи нимчани сира устига тортолмаган ва бу ишни фақат «Сити» мураббийларидан бирининг ёрдами билан уддалаганди.

Факт № 4. Ёш футболчини «ўқ»қа тутди ва...

Италиялик футболчи Манчестерда ёшлар жамоаси вакилини таёқча билан нишонга олди, Рио Фердинанд билан муштлашди ва ўз уйини ёндириб юборди. «Бебош» Марио дўстона зиёфат чоғи ваннахонада фейерверк ёқишни хоҳлаб қолди. Бироқ бу хоҳиши қимматга тушди: аввал пардалар, кейин бутун уйга ўт кетди. Яхшики, ҳеч ким жабрланмади. Шу «жинни»лиги олдида машғулотларда Мика Ричардс, Венсан Компани ва Жером Боатенг билан муштлашиб кетгани арзимас шўхликдек кўринади.

Асосий факт. Италия термасига қайтмоқда!

Италия миллий жамоаси Марио Балотелли хизматига охирги марта 2016-2018 йиллар оралиғида жиддий қизиққанди. Чунончи, ҳужумчи ўша пайт «Ницца»нинг 76та ўйинида майдонга тушиб, 43та гол урди ва яна 3тасига ассистентлик қилди. СуперМарио шундан сўнг «Марсел»да ҳам чакки кўринмади: 15та ўйинда 8та гол. Бироқ ҳужумчи негадир шартномаси муддатини узайтиришдан бош тортди. Хуллас, Франция футболидан зериккан Балотелли Италияга қайтиб, «Брешия» либосини кийди ва бу клубга ҳам етарлича фойда келтирди - 19та ўйинда 5та гол. Аммо асов табиати машғулотлар жараёнига жиддий ёндашишига йўл қўймади, барибир. Оддий айтганда, машғулотларни тез-тез ўтказиб юбориши шартноманинг муддатидан олдин бекор қилинишига олиб келди. Охир-оқибат, салоҳиятли ҳужумчи «В» серияга «қулади». «Монца» сафидаги самарали ўйини (14та учрашувда 6та гол ва 1та самарали узатма) билан эса ҳозирги клуби - «Адана Демирспор» клуби эътиборини тортди. Муҳими, Марио Туркияда жуда яхши ўйнамоқда. Ҳар ҳолда, Италия терма жамоаси бош мураббийи Роберто Манчини муаммоли ҳужумчига яна бир бор имконият беришга қарор қилгани бежиз эмас. Боз устига, итальянларни олдинда ЖЧ-2022 саралаши доирасидаги энг қалтис ўйинлар кутиб турибди. Евро-2020 чемпиони Қатарга бориш учун аввалига Шимолий Македония термасини енгиши, кейин Португалия - Туркия жуфтлиги ғолибини ҳам маҳв этиши керак.

Манчинининг ўзи кутилмаган қарорини оддий изоҳлади: «Йўқ, Мариони жалб этганим умидсизлик самараси эмас. Гап ҳамиша қо­йилмақом техник салоҳиятини намойиш этган ҳужумчи ҳақида кетмоқда. Асосийси - футболчининг жисмоний ҳолатини тўғри баҳолаш. Умуман, охирги пайтлар Мариони назардан қочиргандик, шунинг учун уни яқиндан кўриб, хулоса чиқаришимиз фойдали». Манчинининг ёрдамчиси Аттилио Ломбардо эса ҳужумчининг ҳолати ҳақида ижобий фикр билдирди: «Марио Туркияда анча озди. Бу коронавирусга чалингани билан боғлиқми ёки бошқа сабаби бор - билмайман. Ҳа, Мариони анчадан буён амалда кўрмадим, чунки Туркия чемпионатини кузатиш қийинроқ. Тўғриси, уни бундай яхши спорт формасида кўришни кутмагандим. Бу ёқимли «сюрприз» бўлди».

Ҳа, Балотелли Италия терма жамоасига қайтди ва Манчини учун «жокер» ролини бажариб бериши мумкин. Такрор айтиш керак, Европа чемпиони олдидаги вазифа ниҳоятда мушкул - Шимолий Македония термасига ён бермаслик ва кейин катта эҳтимолки, португаллар ҳамда Криштиану Роналдуни йўлдан четга суриш.

А.АҲМЕДОВ тайёрлади


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz