Қаршининг «Насаф» клуби раҳбариятида ўзгаришлар рўй берди. Бош ҳомий - «Шўртан газ кимё мажмуаси» МЧЖ бошқаруви тавсиясига мувофиқ, Алишер Юсупов «Насаф» ПФК бош директори этиб тайинланди. Шу муносабат билан махсус мухбиримиз янги раҳбардан интервью олди.
- Алишер Исмоилович, Сизни янги масъулиятли лавозимга тайинланганингиз билан табриклаймиз.
- Раҳмат.
- Зиммангиздаги вазифа юксак ва халқ назарида эканлигини қалбдан ҳис этаётган бўлсангиз керак?
- Тўғри айтдингиз. Раҳбарият менга ишонч билдирганининг ўзи ҳам шараф бўлиши билан бирга масъулиятдир. Буни идрок этмасликнинг ўзи нотўғри, албатта. 1985 йилнинг 6 март куни Қарши шаҳрида таваллуд топиб, болаликдан «Насаф»га мухлис бўлганлигимнинг ўзи қалбимга ўзгача қувонч бағишлаяпти.
- Демак, ёшлигингиздан футболга шайдосиз?
- Ҳа, албатта. Қарши шаҳридаги 23-мактабда таҳсил олган кезларим миллионлар ўйинига бўлган қизиқиш кучайса-кучайдики, асло сўнмади. Таниқли футболчи Константин Смирнов, Собир Ҳайдаров томонидан ташкил этилган ёш «чарм тўп»га шайдолар гуруҳида қатнашиб, ўз иқтидоримни ҳимоя, марказий ярим ҳимояда синаб кўрдим. Бўш вақт топдимми, Қарши шаҳридаги «Меҳнат» стадиони томон ошиқардим. «Насаф»нинг ўзига хос шиддатли ўйинлари, номдор футболчилар - Сергей Лебедов, Нўъмон Ҳасанов, Рўзиқул Бердиев, Зафар Холмуродов, Валентин Поддубний, Даврон Файзиев, Шуҳрат Раҳмонқулов, Нурали Султонов, Асрор Алиқулов сингари ўз даврининг моҳир ўйинчилари маҳоратини завқ-шавқ билан томоша қилганман. Отам Исмоил ака Аҳмедов, онам Раҳима ая Юсупова, опам Азиза ва акам Азамат (охирати обод бўлсин) футболга бўлган қизиқишимни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашди. Дастлаб Қарши иқтисодиёт касб-ҳунар коллежида, сўнг Тошкент давлат иқтисодиёт университетида таҳсил олдим. Мазкур олий даргоҳнинг магистратура йўналишини тамомлаб, менежмент бошқаруви мутахассислигига эга бўлдим. «Тил билган эл билади», деганларидек, рус, инглиз тилларини ҳам ўргандим. 2013 йилда «Шўртан газ кимё мажмуаси» МЧЖда иш бошлаб, саккиз йил давомида шу жамоада сидқидилдан меҳнат қилдим. Мажмуанинг тижорат депортаменти муҳандислигидан «Насаф» ПФК жамоаси сафига қўшилганимдан ғоят бахтиёрман.
- «Шўртан газ кимё мажмуаси» МЧЖдаги фаолиятингизда ҳам спортга, шу жумладан, футболга бефарқ бўлмагансиз...
- Худди шундай. Гарчи талабалик давримда тиззамдан жароҳат олиб, футболни давом эттирмаган бўлсамда, кейинги фаолиятим ҳакамлик билан бевосита боғлиқ. Мажмуа миқёсида бўлиб ўтадиган ўйинларни бошқардим. Бу борадаги интилишимни кўриб, футбол мутасаддилари меъёрий талабларни бажарган ҳолда ҳакамликка ўтишни тавсия қилишди. Бироқ уларга «Чумчуқ сўйса ҳам қассоб сўйсин», деб жавоб бердим. Чунки ҳакам шунчаки бўлмаслиги ҳар томонлама бошқалардан ажралиб туриши лозим. Ўшандагина у обрў-эътибор топади, ўз касбининг эгаси бўлади.
- «Насаф» ПФК директорлиги лавозимида иш бошладингиз. Сиз бунга ўзингизни қанчалик тайёр деб биласиз?
- Аввало шарафли, шу билан бирга масъулиятли лавозимда иш бошлаганимдан хурсандман. Баъзилар ўйлаши мумкин, катта маошдаги ишга келди, деб. Мажмуада ҳам ишимиз, ойлик маошим кам эмасди. Ҳеч нарсадан камчилигим йўқ. Бу ерга раҳбариятнинг тавсияси билан, футболимиз тараққиётига ҳисса қўшиш учун келдим. Чунки футболга меҳрим, муҳаббатим чексиз. Буни ҳалол меҳнатим, фидойилигим билан кўрсатишим керак. Баъзилар ўйлаганидек, «ўзим» дейдиганлар тоифасидан эмасман. Ҳаётда ота-онамдан ҳамда устозларимдан ана шундай таълим олганман.
- «Насаф» ПФК инфратузилмасини кўздан кечириб чиқдингиз. Қайси томонлари маъқул-у, амалга оширилиши лозим бўлган ишлар нималардан иборат?
- Маълумки, «Насаф» ПФК инфратузилмаси ажойиб имкониятларга эга. 21 минг мухлисга эга бўлган марказий стадион, унда барча шарт-шароитлар бор. Бир сўз билан айтганда, клуб қошидаги махсус футбол мактаби, «Йўлдош» шаҳарчадаги «Ёшлар» жамоаси учун бунёд этилган қароргоҳ, клубга қарашли базадаги шароитлар эътиборга молиқ. Бундан ташқари, «Геолог» соғломлаштириш маркази, бу ердаги «Севинч» аёллар футбол жамоаси ва «Насаф» футзалчилари ҳам бизнинг ихтиёримизда. Футбол - энг аввало, мухлислар учун. Шундан келиб чиққан ҳолда, ишқибозларнинг ўйинга кириб-чиқишлари учун электрон турникетлар ўрнатилади. Оилавий, аёллар сектори ташкил этилади. Болалар учун аттракционлар қўйилади. Медиа марказ иши тубдан яхшиланади. Телетрансляция учун қўшимча видеоускуна, камералар харид қилинади. Мухлисларнинг танаффус вақтида енгил тамадди қилишлари учун таомлар, салқин ичимликлар билан савдо қилиш йўлга қўйилади. Ютуқли лотерея ўйинлари уюштирилади. «Насаф» футболчилари истиқомат қиладиган базада шарт-шароит тубдан яхшиланади. Янги ҳамкорлар излаш орқали футболимиз равнақи йўлида тизим яратилади. Бош ҳомийимиз - «Шўртан газ кимё мажмуаси» МЧЖнинг амалий ёрдами билан 2022 йил мавсумни ҳар қачонгидан кўра юқори натижалар билан якунлаш учун астойдил ишга киришганмиз. Олдимизда юксак марралар турибди. Осиё чемпионати U-23нинг мамлакатимизда ўтказилиши, гуруҳ босқичига Қарши шаҳрининг мезбонлик қилиши ҳам зиммамизга катта масъулият юклайди. Бу бўйича ОФКнинг махсус ишчи гуруҳи хулосасига биноан тайёргарлик олиб боряпмиз.
Ҳусан ТЕМИРОВ суҳбатлашди
Манба: interfutbol.uz
Киритилган сана: 17.12.2017 17:00
Киритилган сана: 23.11.2017 06:27
Киритилган сана: 29.10.2017 17:51
Киритилган сана: 26.11.2017 06:28
Киритилган сана: 20.12.2017 09:09
Киритилган сана: 29.12.2017 00:29
Киритилган сана: 16.05.2017 14:23
Киритилган сана: 23.07.2017 22:07
Киритилган сана: 24.11.2017 00:17
Киритилган сана: 21.09.2017 12:35
Киритилган сана: 16.01.2018 04:31
Киритилган сана: 07.01.2017 14:02
Киритилган сана: 05.11.2017 13:21
Киритилган сана: 09.10.2017 00:15
Киритилган сана: 08.05.2017 04:20