Қайднома

Қидирув

Ромарио: «Ўзимни ҳар доим энг яхши деб ҳисоблаганман»

Ромарио: «Ўзимни ҳар доим энг яхши деб ҳисоблаганман»

  23.02.2022 04:14
  0
  872
Ромарио: «Ўзимни ҳар доим энг яхши деб ҳисоблаганман»

Бразилиялик собиқ ҳужумчи Ромарио 56 ёшга тўлиши муносабати билан The Players~ Tribune нашрига берган интервьюсида ҳаётида содир бўлган асосий эпизодлар ва эришилган ютуқлари ҳақида гапириб берди. Қуйида ана шу суҳбатнинг қисқартирилган вариантини ҳавола қиламиз.

- Ромариони у фаолият юритган кўплаб клубларда «эркатой» дейишарди...

- Айрим клублар билан ярим тунгача ухлолмаслигим ҳақида келишувга эга эдим. Шундай бўлсада, ҳеч қачон машғулотларни ўтказиб юбормаганман. Ҳозир тушунтираман: Бразилиядаги фаолиятим давомида барча мен ўйнаган клуб президентларига шундай дердим: «Биласизми, эрталаб вақтли уйғонишим жуда қийин, шунинг учун машғулотларни тушда ўтказаман». Эй, Худо! Жуда кўп бемаъни гаплар бўларди. «Эҳ, Ромарио ухламайди...», «Йўқ, ухлайди, фақат кеч уйғонади...», «Ромарио машғулотда қатнашмайди...», «У шуғулланади, фақат эрталаб соат тўққизда эмас...». Президентлар буни билишарди. Уларнинг мураббийларга айт-ганлари эса менинг муаммойим эмас.

- Сизни спиртли ичимликка муккасидан кетган ҳам дейишарди...

- Ҳеч қачон алкоголь ичмаганман, ҳатто бир қултум ҳам. Кўнгил ёзиш учун маст бўлиш керак, деб ким айтди? Ҳеч қачон ўйин олдидан кўчада санғимасдим. Агар ўйин якшанбага белгиланган бўлса, жума куни сайрга чиқардим. Бундай ҳолат ўнтадан биттасида содир бўларди, ундан ортиқ эмас. Қолаверса, ҳеч қачон тамаки чекмаганман ва хайриятки, ҳеч қачон гиёҳванд моддаларни истеъмол қилмаганман.

- Пляж воқеасини гапириб берасизми?

- Ҳа, бу ҳақиқат. Биз «Флуминенсе» билан учрашишимиз керак эди, лекин мен ўйнамасликка қарор қилдим. Ростини айтсам, сабабини эслай олмайман. Ҳар ҳолда, йигитлар ўйиндан бир кун олдин базага йиғилишди, мен эса бутун кунни соҳилда ўтказдим. Кейин негадир майдонга тушиш истаги туғилди ва дарҳол «Маракана»га бордим. Жамоанинг у ерга борганига бир неча соат бўлган экан, барча чигалёзди машғулотлари билан банд эди. Мен эса оёғимни силкитиб, қумни туширганча кийим алмаштириш хонасига кирдим. Ва охир-оқибат майдонга тушдим. Марсело исмли бир йигит бор эди, у ўзининг дебютига тайёргарлик кўраётганди ва ҳатто бутун оиласини стадионга таклиф қилган экан. Лекин унинг ўрнига асосий таркибда мен майдонга тушдим. Бечора. Якунда иккита голим эвазига биз ғалаба қозондик. Менинг руҳий тайёргарлигим оддий эди: у ерга бор, либосингни кий ва гол ур! Бу ерда бошқа ҳеч қандай сир йўқ ва ҳеч қачон бўлмаган ҳам.

- Чиндан ҳам итлардан қўрқасизми?

- Оҳ, буни тасаввур ҳам қилолмайсиз! 13 ёшимда бир куни бувимнинг олдига кетаётгандим, йўлда менга иккита ит ҳужум қилди. Итларга ҳеч қачон зиён етказмаганман, аммо улардан ўлгудай қўрқаман, айниқса, кичкиналаридан. Немис овчаркаси ҳужумидан омон қолишим мумкин, лекин чихуахуаларни мендан узоқлаштиринг.

- Минглик маррасини забт этишингизни кутганмидингиз?

- 20 ёшимда мингта гол уришимни айтгандим. Бразилияда чоп этиладиган журналларнинг бирига берган интервьюимда маррани забт этганимда, ҳеч ким буни тасодиф деб атамагани ҳақида гапирганман.

- Майдондаги ҳаракатларингиз бошқа футболчиларникидан фарқ қилган, деб ҳисоблайсизми?

- Эҳтимол, шундайдир. Ўзимни ҳар доим энг яхшиси деб ҳисоблаганман: энг яхши тўпурар, демоқчиман. Зарба йўллай олмаслигимни билганимдагина пас берардим, лекин ноқулай бўлганда ҳам, барибир, тўпни дарвоза томон тепардим. Буни оддийгина изоҳлаш мумкин: ўзимни энг зўри деб биларканман, ҳужумни бошқа бировга бергандан кўра, ўзим якунлаганим маъқул... Шундагина жамоа учун яхшироқ бўлади. Худди баскетболда охирги сонияларда уч очко керак бўлгани сингари. Тўпни кимга узатиш керак? Албатта, Жорданга! Тасаввур қилинг, мен аллақачон тўртта голни ўз ҳисобимга ёздириб қўйганман. Ўша пайт кейинги имконият мен учун охиргисидек туюларди. Бутун фаолиятим шу зайл давом этди.

- Бутун ўйин давомида кўринмаслигингиз мумкин, лекин якунда исмингиз таблода албатта, ёзиларди...

- Ҳеч қачон тўлиқ 90 дақиқа ўйин ичида бўлишга ҳаракат қилмаганман. Маълум вақт сувдан тинчроқ, майсадан пастроқ бўлардим. Ҳимоячилар мени унутишлари мумкин, деб ўйлашарди... шу пайтда гол урардим. Ўликдек кўринган пайтим жуда хавфли эдим.

- Йохан Кройфф ҳақида нима дейсиз?

- У менинг футболдаги энг яхши дўстларимдан бирига айланди. Энг яхши мураббийим эди, шубҳасиз. «Барса»га ўтганимда ўзим ёқтирган 11-рақамли футболкани олишни хоҳлардим, Кройфф эса «10»ни берди. Унга: «Жаноб, бу мен учун катта шараф, лекин менга 11-рақам кўпроқ ёқади», дедим. Ҳамма «ўнлик»­ни олишни хоҳлайди, тўғрими? Умримда биринчи марта камтарлик кўрсатдим! Аммо Кройфф бунга қарши эди. Унга савол бердим: «Ўнлик»ни ҳозирнинг ўзида топширишга тайёрман! Бунинг нимаси ёқмаяпти?». Йохан ўзига хос тарзда жавоб қайтарди: «Менинг жамоамда энг яхшилар ҳар доим 10-рақам остида ҳаракат қилишади». Эҳ, жин урсин, нима ҳам дердим? Шундан сўнг ҳар доим 10-рақамда ўйнашга ҳаракат қиладиган бўлдим.

- ЖЧ-1994 атрофидаги воқеалардан сўзласангиз...

- Аслида, ўша мундиалга бормаслигим керак эди. Бу - ҳақиқат! Бразилия термаси саралашдан осонликча ўтиши кутилганди, мен эса доим мураббийлар билан баҳслашардим, зиддиятга борардим. Натижада, бош жамоага чақирилмаслигим аниқроқ кўринганди. Аммо Уругвай термасига қарши ҳал қилувчи якуний ўйинда ғалаба қозонишимиз ёки дуранг ўйнашимиз талаб этилганди. Мураббийлар агар муваффақиятсизликка учрасак, мамлакатдан қочишларини яхши тушунишган. Улар нима қилишди? Энг кучли ўйинчилар олдида тиз чўкишди. Мен босимни ҳис қилмадим. Шунчаки, ўйиндан роҳат олишни хоҳлардим. Шунингдек, федерациядаги аҳмоқларга кўрсатиб қўймоқчи бўлдим. Ишонмасангиз, хоҳлаган одамингиздан сўрашингиз мумкин: футболчи ҳаётида ҳеч қачон бундан яхшироқ ўйнаши мумкин эмас. Ўша учрашувда мен 10 балли тизимда 11 балл олгандим.

- Миллий жамоангизнинг ўша мундиалда ғолиб чиқишини олдиндан тахмин қилганмидингиз?

- Мен доим айтганман, биз жаҳон чемпионатида ғолиб чиқамиз, агар ғалаба қозона олмасак, бу менинг айбим бўлади, деганман. Жамоамиз қанчалик кучли эканини билардим ва ҳаётимдаги энг яхши турнирни ўтказишимга ишончим комил эди. Мана шунақа.

М.ПЎЛАТОВ тайёрлади


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz