Ўзбек футболи фахрийси Ахбор ака Имомхўжаев 19 февраль куни қутлуғ 86 ёшга тўлди. Махсус мухбиримиз Ҳусан Темиров футболимиз журналистикаси отахонини таваллуд айёми билан қутлаш баҳона бафуржа суҳбат асносида у кишининг фаолият йўлига бирров назар солди.
- Ахбор ака, шундай қувончли лаҳзаларда кўнглингиздан нималар ўтяпти?
- Ортга назар ташлар эканман, мазмунли ва унутилмас умр йўлини босиб ўтганимга амин бўламан. Бутун ҳаётим давомида мени қўллаб келган устозлар, яқинларим, дўстларим жуда кўп. Шак-шубҳасиз, бахтли инсонман. Умр йўлдошим, раҳматли Фаридахон билан роппа-роса ярим аср бирга умр кечирдик, 5 фарзандни тарбияладик. 2009 йили рафиқам омонатини топширганида, дунё кўзимга қоронғу бўлиб кўринганди. Муҳими, фарзандларим ва набираларим мени сира ёлғизлатиб қўйишмади. Мана, бугун 15 набира ва 21 эварининг бахтли бобосиман ва бунинг учун аввало, Яратганга шукрона айтаман.
- Ўзбек футболида шарҳловчилик мактабини яратдингиз. Бу сизга нима берди?
- Аввало, халққа танилдим. Шу касб ортидан 10 минглаб мухлислар орттирдим, юрт кездим. Ҳозир мамлакатимизнинг энг чекка ҳудудларидаги қишлоқ ва маҳаллаларда ҳам дўстларим, биродарларим бор. Биласизми, қайси вилоятга хизмат сафари билан борсам, камдан-кам ҳолатда меҳмонхонага жойлашардим. Яъни дўстларим ўз хонадонларига олиб кетишарди. Агар уйларига бориш имкони топилмаса, ҳаттоки, мендан бироз ранжишарди. Шундай ҳурмат ва эътиборнинг ўзи бахт эмасми? Умрим давомида кўплаб дўст ва яқинларимни йўқотдим. Ўзаро суҳбатларимиз - ширин хотира. Фурсатдан фойдаланиб, улар хотираси олдида бош эгаман.
- Икки даврни кўрдингиз - собиқ иттифоқ ва мустақиллик йиллари. Армонли дунёнинг кемтиги нима?
- Очиғи, ҳозирги авлод шарҳловчиларига ҳавасим келади. Роҳатланиб ишлаш учун барчаси муҳайё. Биз эса барчасини нолдан бошлаганмиз. Ҳеч қандай база йўқ эди. Ҳозирги замонавий технологиялар, хусусан, интернет қаерда дейсиз...? Ўйин шарҳига тайёрланиш жараёнида қанча-қанча газеталарни варақлаб чиқардик: «Советский спорт», «Футбол - хоккей», «Ўзбекистон физкультурачиси»... Керакли маълумотлар базасини тўплаш учун яна бир қатор нашрларни йиғиб борардик. Шу тариқа 1та ўйин шарҳига камида 2-3 кун ҳозирлик кўрардик. Энди интернет бор, қидирув тугмасини боссангиз, бас. Мустақилликка эришмаганимизда, миллий чемпионатимиз ҳам йўлга қўйилмасди. Спортчиларимиз суверен давлат номидан Олимпиада ва Осиё ўйинлари, жаҳон ва қитъа чемпионатларида иштирок этолмасдилар. Асосийси, истиқлол бизга ўзлигимизни англаш, миллий мафкурамизни юксалтириш, аждодларимиз маданий меросини ўрганиш, уларни қадрлаш имконини берди.
- Ўзбек футболи истиқлол йиллари ўз шаклу-шамойилига эга бўлди. Бироқ мундиал ҳамон орзулигича қолмоқда...
- 30 йилки, футболимиз жаҳонга чиқишини кутиб яшаяпман. Албатта, терма жамоамизни ЖЧда кўриш орзуси йўқолгани йўқ. Аммо ортда қолган давр шуни кўрсатдики, бунга ҳали тўлиқ тайёр эмасмиз. Тан олиш керак, сўнгги йилларда футбол тизими ўзгарди. ЎФА ва ПФЛ соҳани даромад манбаига айлантириш йўлидан бормоқда. Мана, футболни турли иллатлардан тозалаш, уни шахсий томорқасига айлантириб олган «қон сўрувчи зулуклар»дан воз кечиш, болалар секторини ривожлантириш, одилона ҳакамликни таъминлаш ҳаракати кучли. Умид қиламизки, ҳозирги ислоҳотлар эртами-кеч ўз самарасини беради ва миллий жамоамизни мундиалда кўрамиз, барибир.
- Айтингчи, Ўзбекистон миллий чемпионатини ташкил этишда равон йўл танлаганмиди?
- Албатта, дастлабки йиллар жуда оғир бўлган ва шунга яраша, кўплаб хато-камчиликлар ҳам кузатилган. Зеро, мутахассислар ва кадрлар етишмовчилиги ҳам бор эди. Илк мавсумда 2та клубни чемпион сифатида тан олингани, формат ва иштирокчилар сонининг тез-тез ўзгаргани шу хатолардан бир томчи. Муҳими, бугун юртимизда мутахассисларнинг бутун бир авлоди шаклланди. Футбол менежменти ва маркетинги ривожланди, мустаҳкам инфратузилма яратилди. Яна академиялар фаолият бошлади. Айтиш мумкинки, футболимиз энди-энди ўз рельсига тушди. Буёғига ҳаммаси яхши бўлади, насиб қилса.
- Ўзбек футболидаги ҳакамлик мактабига муносабатингиз?
- Соҳадаги фаолиятимни айнан ҳакам сифатида бошлаганман, бир неча йил давомида республика ва собиқ иттифоқ миқёсидаги учрашувларни бошқарганман. Шуни ишонч билан айтаман, ортда қолган йиллар Ўзбекистонда кучли ҳакамлик мактаби шаклланди. Қаранг, футболчиларимиз ҳали катта мундиалга чиқа олишмади, ҳакамларимиз эса бу ишни аллақачон уддалашди. Ҳаттоки, ўзбек ўғлони Равшан Эрматов ЖЧда энг кўп ўйин бошқарган рефери бўлиб турибди.
- Сизни «Ўзимизнинг Ахбор ака», деб эъзозлашади. «Дода» бўлсангизда, ҳамон мухлислар наздида ўша чаққон ва эпчил, талабчан, зукко Ахбор акасиз.
- Таърифлар учун ташаккур. Бутун умр спортга ошно тутиндим, жисмоний тарбия билан мунтазам шуғулланишни кундалик одатга айлантирдим. Ҳеч қачон чекмадим, зарарли иллатлардан узоқ юришга интилдим. Тўғри, ҳашаматли яшамадим. Дейлик, рўзғор ва фарзандлар тарбиясидан орттириб, автомобиль ҳам харид қилолмадим, данғиллама иморат сололмадим. Аввалига отамдан қолган ҳовли, кейинчалик давлат берган 3 хонали квартира яшадим. Ҳозир ўша квартира нархига мос 3 сотихлик ҳовлидамиз. Асосийси, босиб ўтган умр йўлимдан ҳеч қачон афсусланмаганман. Виждоним олдида покман, кечаси бемалол ухлайман, ҳар қандай инсон кўзига тик қарай оламан, ҳеч кимдан тили қисиқ жойим йўқ. Бу ҳам катта бахт аслида. Ўзига шукр.
- Мухлислар овозингизни роса соғинишган...
- Барчалари омон бўлишсин. Футбол - уларники, халқники. Шундай экан, ҳар бир футболчи майдонга тушар экан, аввало, шуни юракдан ҳис қилиши керак. Қадрдонларим ва мухлисларимга энг самимий тилакларимни йўллайман. Орзу қилиш ва унга интилиб яшашдан асло чарчашмасин. Умид қиламанки, ЖЧ-2022 Ўзбекистон термаси иштирокисиз ўтадиган охирги мундиал бўлиб қолади.
- Мухлислар номидан мазмунли суҳбат учун катта раҳмат. Халқимиз, фарзандлар ва набиралар ардоғида фароғатда бўлинг.
Манба: interfutbol.uz
Киритилган сана: 17.12.2017 17:00
Киритилган сана: 23.11.2017 06:27
Киритилган сана: 29.10.2017 17:51
Киритилган сана: 26.11.2017 06:28
Киритилган сана: 20.12.2017 09:09
Киритилган сана: 29.12.2017 00:29
Киритилган сана: 16.05.2017 14:23
Киритилган сана: 23.07.2017 22:07
Киритилган сана: 24.11.2017 00:17
Киритилган сана: 21.09.2017 12:35
Киритилган сана: 16.01.2018 04:31
Киритилган сана: 07.01.2017 14:02
Киритилган сана: 05.11.2017 13:21
Киритилган сана: 09.10.2017 00:15
Киритилган сана: 08.05.2017 04:20