Қайднома

Қидирув

Клублар: Чексиз, чегарасиз чашма

Клублар: Чексиз, чегарасиз чашма

  24.02.2022 08:28
  0
  548
Клублар:  Чексиз, чегарасиз чашма

ЧЛ-2018/2019 ярим финал жавоб учрашуви. 90+6-дақиқада Лукас Моура мавсумнинг энг қайноқ ўйинига нуқта босганди. Ортда қолган чамаси 3 йил давомида ОАВ вакиллари «Аякс» бош мураббийи Эрик тен Хагни тинмай гранд клубларга «юборишди»: «Тен Хаг «Бавария»ни бошқаради», «Тен Хаг «МЮ» раҳбариятига ўз стратегиясини тақдим этди», «Барселона» тен Хаг билан музокарага киришди»... Амалда мураббий ҳамон Нидерландияда. Бекорга эмас, албатта. Мана, у «Аякс» чашмасининг янги оқи-мини кашф этишга улгурди. Қаранг, Эрикнинг жамоаси жорий мавсум ЧЛ гуруҳ босқичида барча рақибларини енгди. Амстердам дружинасининг ички чемпионатдаги ишлари ҳам зўр: даст­лабки 22та турда 69та гол уриб, бор-йўғи 5та қўйиб юборди!

 

Трансфер сиёсати бўйича ўзгариш

2018/2019 йиллар мавсумининг аксарият қаҳрамонлари жамоадан кетишди - кимлардир ўша вақтдаёқ, айримлар сал кейинроқ. Маттейс де Лигт, Френки де Йонг, Ҳаким Зиеш, Каспер Дольберг ва Донни ван де Бек трансферларидан клуб ғазнасига 270,5 млн. евро тушди. Яқинда «Шахтёр» (Донецк) Давид Нерес учун 12 млн. евро тўлади. Фахрий Лассе Шёне 2019 йили 1,5 «лимон» эвазига «Женоа»га йўл олди, Йоэл Велтман «Брайтон»ни танлади, Клас Ян-Хунтелар «Шальке»да ўйнаш асносида нафақага чиқди. Дейли Блинд, Николас Тальяфико, Душан Тадич, Нуссайр Мазрауи ва Андре Онана каби «эски»лар эса ҳамон сафда. «Аякс» мавсум-2019/2020да ЧЛ «плей-офф» босқичидан четда қолганди. Ўшанда гуруҳ босқичи сўнгги турида «Валенсия»га 0:1 ҳисобида имкониятни бой берган жамоа ЕЛ 1/16 финалида «Хетафе» тўсиғидан ўтолмади. Лекин Эредивизионда муддатидан аввал чемпионликка эришди. Кейинги мавсум тен Хаг шогирдлари ЕЛ чорак финалигача дадил қадам босишди, ички чемпионатда 100тадан ортиқ гол уриб, навбатдаги зафарни нишонлашди.

Умуман, сўнгги йиллар «Аякс» трансферлар стратегиясида сезиларли ўзгаришлар юз берди. Амстердам клуби авваллари фақат ноёб иқтидорларга эътибор қаратиб, уларни экспортга тайёрларди. Энди эса айрим позициялар учун етук футболчиларни харид қилиш ҳам йўлга қўйилди. Дейлик, клуб тарихидаги 15та энг қимматбаҳо трансфернинг 13таси охирги 5 йилга тўғри келмоқда. Ёрқин мисол сифатида «Вест Хэм»дан 22,5 млн. еврога харид қилинган Себастьян Аллерни кўрсатиш мумкин. «Айнтрахт»даги сермаҳсул фаолиятдан кейин 2 йил Англияда талаб даражасида тўп суролмаган ҳужумчи «Аякс» либосини кийгач, қайта «очилди». Унинг ЧЛ гуруҳ босқичида 10та гол ургани барчасига кўзгу. Яна бир эътиборли трансфер ўтган ёзда амалга оширилди - Стивен Бергёйс «Фейеноорд»­дан арзимас 5,5 млн. еврога харид қилинди. Ўта муваффақиятли юриш. Айтиш ўринли, Стивен «Аякс»га «Фейеноорд»дан тўғридан-тўғри йўл олган атиги 4-футболчидир. Ҳа, роттердамлик мухлислар собиқ сардордан роса ранжишди, унинг футболкаларини ёқиб юборишди. 30 ёшли футболчи эса Амстердамда хотиржам: 30та ўйинда «Гол+пас» тизими бўйича 20 балл маррасига етди.

 

Ёшларга тўғри ёндашув

«Аякс» шунинг баробарида ёш иқтидорларга ҳам бефарқ эмас, барибир. Масалан, клуб 2 йилча олдин 20 ёшли Антони учун 15,75 млн. евродан воз кечди. Энди бразилиялик вингернинг трансфери 35 «лимон»га баҳоланмоқда. У асосий таркиб ўйинчиси, ҳаттоки, Бразилия терма жамоасидан чорлов олмоқда. Яқинда «Бавария» Антони борасида аниқ таклифни илгари сурди. Асосий таркибни савияли ижрочилар билан таъминлашда клуб академияси ҳам катта ўрин тутади. Баъзан ёш битирувчилар тўғридан-тўғри кучли лигаларга йўл олишади ҳатто. Таажжубки, мураббий бунга ортиқча эътироз билдирмайди. Масалан, Серж Дест атиги бир мавсумдан кейин «Барселона» сафига қўшилди. Асосий факт: жорий мавсумги «Аякс» - энг шиддатлиси. Қаранг, клуб ЧЛ гуруҳ босқичида «Боруссия» Д., «Спортинг» ва «Бешиктош»га бирорта очко бермади. Эредивизионда эса пешқадам бўлиб турибди.

 

Тен Хаг фалсафаси

Эрик тен Хагнинг иш хонасида 3та портрет бор: Ринус Михельс, Йохан Кройфф ва Луи ван Гал суратлари. Айнан шу мутахассислар Нидерландия футболида кескин инқилобни амалга оширишган, «Аякс»ни ўзига хос услуби билан бош­қалардан яққол ажралиб турадиган клубга айлантиришган. Тен Хаг шу устозлар фалсафасига асосланган ҳолда, шонли анъанани давом эттирмоқда. «Гвардиола немис футболини ўзгартириб юборди. Унинг «Бавария»даги машғулотларини кузатиш асносида кўп нарса ўргандим. Пеп ўз фалсафасини баъзан бутун жамоа, гоҳида муайян бир шогирди ёрдамида ўйинга татбиқ этади. Бунда энг майда икир-чикирларни ҳам назардан қочирмайди», - дейди тен Хаг «Бавария»даги даври ҳақида. Бугунги «Аякс» услубида ҳам Гвардиола таъсири сезилиб туради. Блинд, Тальяфико ва Мазрауи ҳужумга ёрдам бериш жараёнида кўпинча сохта фулбек ролида гавдаланишади. Чизиқлар аро бўшлиқларни топиш, ҳимоячилар узатмалари, марказий зона ўйинчиларига хос универсаллик, юқори прессинг - «Аякс»­да 3 йил олдин кўзга ташланган мазкур жиҳатлар ҳозир ҳам намоён. 

 

Бугунги бош ижрочилар

Эрик тен Хаг ихтиёрида 2 нафар юксак савияли марказий ҳимоячи бор - Лисандро Мартинес ва Юрриен Тимбер. Уларнинг асосий устунликлари - тўп билан муомала. Қанотларда эса Мазрауи, Тальяфико ва Блинд катта роль бажаришади. Мураббий ярим ҳимоя марказида асосан Эдсон Альварес, Райан Гравенберх, Дави Классен ва Бергёйсдан фойдаланади. Уларни қанотларда «узатмалар машинаси» - Тадич ва Антони қўллаб қувватлашади. Ҳужум учида - Аллер. «Аякс»нинг яна бир устунлиги - савияли захира. Перр Схюрс, Девин Ренс, Муҳаммад Қуддус, Муҳаммад Дарами ва Брайан Бробби каби навқирон йигитлар исталган паллада майдонга тушиб, катта топшириқларни уддалай олишларини исботлаб улгуришган. Қисқаси, Нидерландия футболи «Аякс» тимсолида яна бош кўтармоқда. Амстердамликлар эртага ЧЛ 1/8 финали дастлабки учрашувида Португалияда «Бенфика» меҳмони бўладилар. Эҳтимол, бу Эрик тен Хаг ва унинг ёвқур жамоасининг навбатдаги парвози учун ажойиб имкониятдир...

ЧЛ-2021/2022 гуруҳ босқичида хG (кутилган голлар кўрсаткичи) бўйича энг яхши натижа кўрсатган жамоалар

«Аякс» - 16,3

«Манчестер Сити» - 15,1

«Бавария» - 13,9

«Челси» - 12,9

«Интер» - 12,4

«ПСЖ» - 11,8

«Реал» - 11,7

«Ливерпуль» - 11,6

«РБ Лейпциг» - 11,2

«Ювентус» - 10,9

Содиқ РАҲМОНОВ тайёрлади


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz