«Насаф»нинг умидли кипери Абдувоҳид Неъматов «Дарвозабон - ярим жамоа» қабилидаги таърифга муносиб футболчи. Ҳар ҳолда, у дарвозабоннинг ишончли ҳаракатлари бутун жамоага таъсир этишини теран англайдиган йигитлардан. Абдувоҳид яна анча хушчақчақ ва самимий. Қуйидаги интервью бу фикрга далил.
- Абдувоҳид, дарвозабоннинг 17 ёшда жамоанинг асосий таркибидан жой олиши кам кузатиладиган ҳолат. Сизга эса шундай бахт насиб этди, яна «Насаф»дек жамоада.
- Инсон ўз соҳасида астойдил интилса, қийинчиликлар олдида эсанкирамай, ишонч билан олға қадам ташласа, натижа келаверади.
- Жасур Ҳасанов, Азиз Ға-ниев, Шароф Муҳиддинов каби футболчиларни тарбиялаган Жиззах шаҳрида туғилгансиз, аммо «Насаф»нинг махсус мактабида таҳсил олгансиз.
- Отам Фурқат ака Хўжаматов гарчи оддий касб эгаси (уста) бўлсада, футболни яхши тушунади. У киши ҳар доим бир гапни такрорларди: «Ўғлим, «Насаф» ўйинларини томоша қилсам роҳатланаман, сени шу жамоада кўрсам эди...». Кейинчалик бу орзу бош мақсадимга айланди. Онам Феруза опа ҳам отамни қўллаб-қувватлади.
- «Насаф» футбол мактабидаги илк қадамларингизни қандай эслайсиз?
- Бу ерда мураббийлар - Фарҳод Йўлдошев ва Ифтихор Ўринов қўл остида шуғуллана бошладим. Шукрки, қилинган меҳнат зое кетмаяпти. 2019 йили АГМК билан ўйинда дебютни нишонладим. Ўшанда 4:0 ҳисобида ғалаба қозонгандик. Шу тариқа мавсум охиригача яна 16та учрашувда майдонга тушдим.
- 2020 йилги мавсум эса сиз учун кўтарилиш-танилиш даври бўлди.
- Ҳа, чемпионатнинг ўзида 19та ўйин ўтказиб, 12тасида дарвоза дахлсизлигини сақлаб қолдим. Кубок ўйинларида ҳам чакки ўйнамадим. Якунда кумуш медаль соҳибига айландик. Айниқса, «Қўқон-1912»га қарши кечган ўйин эсда қолди. Зеро, учрашув бошида пенальти тепиш устаси Мурод Холмуҳаммедов билан «дуэл»да устун келдим. Муҳими, якунда қимматли 3 очкони қўлга киритдик. Айни шу ғалаба бизни кумуш медаль сари етаклади. Кейинчалик Хуршид Ғиёсов ва Асад Собиржонов тепган пенальтиларни ҳам тўсдим.
- Мавсум-2021 янада самарали бўлиши мумкин эди. Бироқ «Металлург» билан кубок ўйинидаги жиддий жароҳат ортидан анча вақт четда қолдингиз.
- Дарҳақиқат, жароҳат туфайли 6 ойга сафдан чиқдим ва чемпионат доирасидаги атиги 6та ўйинда иштирок этдим. ОФК кубогида эса 3 мартагина майдонга тушдим. «Насаф» раҳбарияти ва бош мураббийимизга раҳмат. Москвада тўлиқ даволаниб қайтдим. Мана, яна сафдаман. Умид қиламанки, бу йил ҳаммаси яхши бўлади.
- 2020 йили Ўзбекистон миллий жамоасига ҳам чақирилдингиз.
- Бош жамоамизга Вадим Карленович жалб этганди. Тожикистон термаси билан ўйинда дебют қилдим. Биринчи ўйинда ҳаяжон сезилди, албатта, муҳими, бу фаолиятимдаги энг ёрқин саҳафалардан биридир.
- Дарвозабон 90 дақиқа давомида ҳушёр туриши керак. Яна довюраклик талаб этилади. Сизнингча, қайси хислат муҳимроқ?
- Дейлик, пенальти тепилаётган ҳолатда рақибнинг тўпни қайси томонга йўналтиришини илғаш учун зийраклик зарур. Довюраклик бўлмаса, тўп йўлига ташланолмайсиз. Бундан ташқари, позиция танлаш ҳам муҳим.
- Қайси дарвозабонларга ҳавас билан қарайсиз?
- Умид ака Эргашев терма жамоага кетганида, унга ҳавас билан қараб қолардим. У машғулотларда ҳам ўзгача ҳаракатланади. Шунингдек, Игнатий Нестеров бор. Ўзи мамлакатимизда унга ҳавас қилмаган кипер бўлмаса керак. Еврофутболдан эса «Манчестер Сити» дарвозабони Эдерсонни айтишим мумкин. Гвардиола бежиз айтмаган: «Агар Эдерсонни ҳимояга қўйсам, бемалол ўйнаб кетади».
- «Насаф» ўтган йили чемпионат охирида «Локомотив»га имкониятни бой бериб, совринлардан қуруқ қолди. Агар дарвозада сиз турганингизда, бошқача бўлармиди? ОФК кубоги финалида-чи?
- «Темирйўлчилар» билан ўйин қийин кечиши тайин эди. Чунки жамоамизда Олмалиқдаги учрашувдан сўнг чарчоқ яққол сезилди. Иккинчидан, майдонда 10 киши бўлиб қолдик. ОФК кубоги финалига келсак, рақиб голларини йўққа чиқариш ниҳоятда қийин эди. Чунки ижро яхши бўлганди.
- Ўзбекистон кубоги-2021 финалидаги ғалаба лаҳзаларини қандай эслайсиз?
- О, 10 киши бўлиб, «Пахтакор»дан устун келиш... Ҳакам ҳуштаги чалинганидан кейин Умид Эргашев майдонда ўтириб олиб, қувончдан йиғлаяпти. Олдига югуриб бориб, «Ака, биз уддаладик» деганим ёдимда. Шундан сўнг бирга суратга тушиб, уйга жўнатдим. Ғалабани Умид ака уйида зўр нишонладик.
- «Насаф»нинг чиройли ўйинини аввало, нима билан боғлаш керак?
- Албатта, бунда Рўзиқул Бердиевнинг хизмати катта. Устозимиз бежиз нақ 5 марта Ўзбекистоннинг энг яхши мураббийи сифатида тан олинмади. Рўзиқул ака ўз ишини ҳамиша идеал даражада бажаради. «Насаф»да аҳил оила муҳити шакллангани замирида аввало, Бердиевнинг ишга тўғри ёндашуви ётибди. Очиғи, «Насаф»даги муҳит бошқа бирор жамоада бўлмаса керак. Ҳар ҳолда, айни пайт ўзимни бошқа клубда тасаввур ҳам қилолмайман. Зеро, мени шу жамоа тарбиялади, нон-туз берди, мухлисларга танитди. Укам Абдулазиз ҳам «Насаф» мактабида таҳсил оляпти. Эрта-индин жамоа ҳужумида Абдулазиз Неъматов майдонга тушса, сира ажабланманг.
- Хўш, шартнома масаласи қандай?
- Келишув бўйича 2024 йилгача «Насаф» ихтиёридаман. Кейинчалик нима бўлади? Ҳозир воқеалардан илгарилаб кетиш ярамайди. Ҳаммасини вақт кўрсатади.
- Мавзуни бироз ўзгартирамиз: одатда бўш вақтда нималар билан шуғулланасиз?
- Асосан китоб ўқийман. Яна Улуғбек Раҳматуллаевнинг ота-она ҳақидаги қўшиқларини мириқиб тинглашим мумкин.
- Таомлардан қайсиларини хуш кўрасиз?
- Дастурхонга нима тортилса, борига шукр қиламан. Қисқаси, таом танламайман. Тўғри, онажоним тайёрлаган манти бошқача, барибир.
- 20 март куни 19 ёшга тўласиз. Яқин келажак учун орзуларингиз...
- Аввало, 2022 йилги мавсумда «Насаф» билан катта ютуқларга эришишни истайман. Олдимизда Ўзбекистон суперкубоги учун ўйин турибди, кейин Суперлига, ОЧЛ саралаши, кубок баҳслари... Имкон қадар барчасида муваффақиятли қатнашиб, мухлисларга қувонч улашишимиз керак. Ҳозир 27 февралга белгиланган суперкубок ўйинини сабрсизлик билан кутяпмиз. «Пахтакор» кубок финалидаги мағлубият учун реванш олишни исташи турган гап. Лекин биз ҳам бўш келмаймиз, албатта. 15 март куни БААда «Бани Яс»га қарши кечадиган ОЧЛ саралаш ўйинининг қиймати нақадар баландлиги мухлисларга ҳам аён.
- Бундай масъулиятли довондан мардона ўтишингларга тилакдошмиз.
- «Насаф» - яхлит куч. Албатта, БААда буни амалда исботлаб, Ўзбекистонга шодлик улашмоқчимиз.
Ҳусан ТЕМИРОВ суҳбатлашди
Манба: interfutbol.uz
Киритилган сана: 17.12.2017 17:00
Киритилган сана: 23.11.2017 06:27
Киритилган сана: 29.10.2017 17:51
Киритилган сана: 26.11.2017 06:28
Киритилган сана: 20.12.2017 09:09
Киритилган сана: 29.12.2017 00:29
Киритилган сана: 16.05.2017 14:23
Киритилган сана: 23.07.2017 22:07
Киритилган сана: 24.11.2017 00:17
Киритилган сана: 21.09.2017 12:35
Киритилган сана: 16.01.2018 04:31
Киритилган сана: 07.01.2017 14:02
Киритилган сана: 05.11.2017 13:21
Киритилган сана: 09.10.2017 00:15
Киритилган сана: 08.05.2017 04:20