Еврофутболда роса яйраган бразилиялик ҳужумкор ярим ҳимоячи Виллиан ҳозир ҳам «кўҳна қитъа» майдонларида жавлон уришда давом этиши мумкин эди. Бироқ унинг ўзи ватанига қайтишни лозим топди. Айни пайт «Коринтианс»да тўп сураётган вингер FourFourTwo нашрига берган интервьюсида айнан шу қарорига изоҳ берди. Вингер шунингдек, «Арсенал»даги фаолиятини ҳам эсга олди.
- Узоқ танаффусдан кейин Бразилия футболига қайтдингиз. Хўш, ҳозирги ишларингиз қандай?
- Тўғриси, ҳамон мослашиш жараёнидаман. Ҳар ҳолда, 14 ой эмас, 14 йилдан кейин қайтдим. Қисқаси, узоқ вақт хорижда ўйнаганим сезиляпти, барибир. Ҳа, маҳаллий футболга қоришиб кетишим бироз вақт талаб этади, шекилли. Нимани кўпроқ қўмсаяпман? Савдо марказлари бўйлаб оилавий сайрларни. Ахир Найтсбрижда, шундоққина Harrods (Лондоннинг энг машҳур универмаги, дунёдаги энг йирик ва замонавий савдо марказларидан бири) рўпарасида яшаганмиз. У ерда бар ва ресторанлар ҳам жуда кўп эди. Баъзан уйдан чиқиб, бир пинжон қаҳва ичиш учун Caffe Concerto ичига бош суқардим. Қисқаси, Лондонда тез-тез сайрга чиқардик. Бразилияда эса бундай қилиш анча қийин, аниқроғи, мутлақо мумкин эмас!
- Умуман, Бразилиядаги ҳозирги ва 2007 йилги ҳолат ўртасида фарқ каттами?
- Ҳа, кўп нарса ўзгарган. Мисол учун, «Коринтианс»ни олсак, биринчи даврда икки жойда шуғулланганмиз - бирида контейнердан кийиниш хонаси сифатида фойдаланганимиз эсимда. Энди эса «Коринтианс» Европанинг унча-мунча клублари ҳавас қиладиган фантастик машғулотлар базасига эга. Ҳа, «Коринтианс» ҳамиша катта клуб саналган, лекин яқин ўтмишда замонавий стадиони йўқ эди, қулай шарт-шароитлари ҳам. Шу каби деталлар ҳам футболчини жамоа либосида ўйнаш истагини кучайтириши турган гап.
- «Арсенал»нинг яна бир собиқ футболчиси Сильвиньо бошқарувидаги «Коринтианс»да ички муҳит қандай?
- Ҳаммаси ажойиб. Сильвиньо вақтида Бразилия термаси мураббийлар штабида ҳам ишлаган ва йўлларимиз тез-тез кесишарди. Ажойиб мураббий, соғлом ва енгилроқ муҳитни шакллантиришга қодир профессионал. Хуллас, кийиниш хонасида муаммо йўқ, йигитлар ўзаро яхши муносабатдалар. Барчасига айнан Силвиньо масъул.
- Давид Луиз ҳам Бразилияга қайтиб, «Фламенго» сафига қўшилди. Унга рақиб бўлиш ғалати эмасми?
- Давид - қадрдон дўстим. Биз 8 ёшлигимизда танишганмиз, битта футбол мактабида шуғулланганмиз. Кейинчалик мен «Коринтианс»га ўтдим, у эса Сан-Паулуга йўл олди. Умуман, Европада ҳам бир неча марта бир-биримизга қарши ўйнаб кўрганмиз. Шундай экан, Бразилияда яна тўқнаш келишимизда муаммо кўрмаяпман, гарчи «Челси» ва «Арсенал»да узоқ вақт бирга ўйнаган бўлсакда. Албатта, Давидга «Фламенго»да омад тилайман.
- Ўтган ёз олдингизда Европада қолиш варианти бор эди, бироқ ватанингизга қайтишни маъқул кўрдингиз...
- Ҳа, «Коринтианс» билан музокара жараёнига киришганимда, «Лион»дан аниқ таклиф тушди. Шунингдек, «Милан» қизиқди, яна агентим мени «Рома»да кўришни истаган Жозе Моуриньо билан гаплашди. Амалда эса «Коринтианс» билан келишув тезлашиб кетди. Қолаверса, ўзим Бразилияга қайтиш вақти етганини ҳис қилгандим. Энг муҳими, мухлислардан «Коринтианс»га қайтиш ҳақида кўплаб хабарлар олгандим. Бу Бразилия термасига яқинлашиш учун ҳам имкониятдир. Шуларни инобатга олиб, турмуш ўртоғим ва қизларим билан маслаҳатлашдим, уларнинг фикримни маъқуллашгани ҳам бир тўхтамга келишда катта ёрдам берди.
- Навбатдаги жаҳон чемпионати тобора яқинлашмоқда. Ҳозир ўзингизни хаёлан Қатар майдонларида кўряпсизми?
- Бош мақсад - бўлажак мундиалда қатнашиш, албатта. Ҳаммаси майдонда қандай ишлашимга боғлиқ. Агар ўйиним ўхшаса, табиийки, терма жамоага қайтиш имконияти ортади.
- «Арсенал»даги даврни фаолиятингиз учун энг ёмони сифатида тилга олгансиз. Лондонда нима нотўғри бўлди?
- Ҳаммаси. Бу ҳақда батафсил тўхталишни хоҳламайман. Афсуски, «канонирлар» сафида бахтни туйганим йўқ. Ўзи қаерда ўзингни қувноқ сезмасанг, минг уринма, ҳеч нарсага эришолмайсан. Аслида клубда ажойиб лойиҳа устида иш бошланган ва ҳаммаси амалга ошишига ишонгандик, лекин амалда акси бўлди ва кетишга қарор қилдим.
- Демак, «тўпчилар» сафига қўшилганингиздан афсусланасиз...
- Бошида роса ҳаяжонлангандим - янги клуб, янги жамоадошлар, янги муҳит... Албатта, «Арсенал»га энг яхши ўйинимни кўрсатиш иштиёқида боргандим. Аммо вақт ўтиши билан ҳаммаси режадагидек кетмаётганини англадим. Қайтараман, агар ўзингизни бахтиёр ҳис қилмасангиз, яхши натижа кўрсатолмайсиз, ҳаммаси нотўғри бўлиб чиқади.
- «Арсенал» билан шартномангизни муддатидан олдин бекор қилиб, товон пулидан воз кечганингиз боиси ҳам шуми?
- Ҳаётда шундай: баъзан пул ўз аҳамиятини буткул йўқотади ва сиз иш завқ бағишлайдиган жойни қидириб қоласиз. Умуман, пул учунгина қолиш табиатимга зид, мен учун муҳимроқ бошқа нарсалар кўп. Агар шартнома туфайлигина қолганимда, мендаги мотивация, завқ ва маънавий фаровонлик қаёққа кетарди?
- Микель Артета қўл остида ўйнаш ёққанмиди ўзи?
- Яхши тажриба. Артета ҳали ёш мураббий, шунга қарамай, ғоялари зўр, Гвардиоланикига ўхшаш. Ўйлайманки, Микель вақти келиб, кучли мураббийга айланади.
- «Арсенал» сафида «Челси»га қарши ўйнамагансиз...
- Ҳа, насиб этмади! Афсуски, ўшанда жисмоний муаммоларим бор эди ва ўйинни «Стэмфорд Бриж» захира ўриндиғида кузатдим. «Челси»га қарши ўйнамадимми, демак, шундай бўлиши керак экан...
М.ПЎЛАТОВ тайёрлади
Манба: interfutbol.uz
Киритилган сана: 17.12.2017 17:00
Киритилган сана: 23.11.2017 06:27
Киритилган сана: 29.10.2017 17:51
Киритилган сана: 26.11.2017 06:28
Киритилган сана: 20.12.2017 09:09
Киритилган сана: 29.12.2017 00:29
Киритилган сана: 16.05.2017 14:23
Киритилган сана: 23.07.2017 22:07
Киритилган сана: 24.11.2017 00:17
Киритилган сана: 21.09.2017 12:35
Киритилган сана: 16.01.2018 04:31
Киритилган сана: 07.01.2017 14:02
Киритилган сана: 05.11.2017 13:21
Киритилган сана: 09.10.2017 00:15
Киритилган сана: 08.05.2017 04:20