Қайднома

Қидирув

Эътироф: АПЛнинг кутилмаган юлдузи

Эътироф: АПЛнинг кутилмаган юлдузи

  01.03.2022 08:00
  0
  437
Эътироф: АПЛнинг кутилмаган юлдузи

Курт Зуманинг хурмача қилиқлари туфайли «Вест Хэм»да довруқ қозониш қийиндек туюлмоқда. Йўқ, жамоа ҳамон футболни яхши ўйнамоқда, Чемпионлар Лигаси йўлланмасига эга чиқиш ҳаракатида. Замонавий «болғачилар» етакчиларидан бири - 25 ёшли вингер Жеррод Боуэн. У ажойиб формага кирди: сўнгги 11 ўйинда 12та самарали ҳаракат (8 гол, 4 ассист). Умумий ҳисобда, Жеррод АПЛ-2021|2022да «гол+пас» тизими бўйича 16 балл тўплади - ундан олдинда фақат Муҳаммад Салоҳ (25) бор. Қуйидаги материалда АПЛнинг янги юлдузи билан таништирди.

«Бу мавсум «Вест Хэм»да Боуэндан муҳимроқ бошқа ҳеч ким йўқ, - деди Sky эксперти Майка Ричардс фахрланиб. - Унинг ривожланишини бир кўринг. Жеррод ўйиндан-ўйинга яхшиланиб бормоқда. У жамоасига шунчалик кўп очко олиб беряптики, гўё якка ўзи клубни Чемпионлар Лигасига олиб чиқадигандек».

Фақат футбол

Жерроднинг ҳаёти - мисоли сериал. У камтарона Леминстер шаҳарчасида туғилган. 12 ёшида илк бор маҳаллий «Херефорд» клуби академиясига кириб, қисқа муддатда мураббийларда ёрқин таассурот қолдирди. Иқтидорли бола ҳақида «Кардифф»дагилар хабар топишгач, Жерродни кўрикка таклиф этишди. Боуэн Уэльсда бахтини синаб кўриш учун бажонидил сафарга чиқди.

Лекин уриниш ўхшамади: Боуэнни ортга қайтариб юборишди. «Отамга «Кардифф»дан қўнғироқ қилиб, менинг синовдан ўтолмаганимни айтишди. Бу жуда ёмон эди. Роса йиғлагандим. Мактабда аълочи бўлмаганим учун футбол эвазига вазиятдан чиқишга умид боғлагандим. Ота-онам келажакда ким бўлишим мумкинлигини билишмасди», - дея эслайди қаҳрамонимиз.

Боуэнда «Херефорд»да ривожланишдан ўзга чора қолмади - бу жамоада Жерродни жуда қадрлашарди. 2014 йилда 18 ёшли футболчининг номи яна тилларга кўчди: у ёшлар жамоасида кўплаб голлар уриб, асосий жамоага фаол мослаша бошлади. Боуэн муваффақияти сири оддий: у футболдан бошқа нима билан шуғулланишни билмасди, шу боис машғулотларни кўпайтиришга тўғри келди.

Ўша йилнинг ёзида Боуэн «Халл»га ўтди. Леонид Слуцкий келишидан аввал клубни ишлари унчалик юришмаётганди. Россиялик мураббий қўл остида Боуэн бошланғич таркибнинг доимий аъзосига айланиб, голеадорлик хислатларини намойиш этди - 2020 йилда эса АПЛга кириб борди. Уни «Вест Хэм» ўз сафига қўшиб олди.

АПЛдаги дастлабки мавсум адаптацияга сарфланди, аммо кейинчалик ишлари юришиб кетди: мана иккинчи йилдирки, Жеррод мунтазам равишда асосий таркибга киритилмоқда, самарали ҳаракатлари 10тадан кам бўлмаяпти. «Бу қанақа йигит бўлди? Боуэн ҳимоямизни пароканда қилиб юборяпти», - деганди Патрис Эвра англиялик футболчининг ўйинидан ҳайратда эканини яширмай.

Ҳаммаси эртакнамо тарзда давом этаётганди, токи... 2021 йилнинг мартида Боуэн ир­қ­чилик билан боғлиқ можарога аралашиб қолди: футболчи эски «твит»ларида қора танлиларга нисбатан ҳақоратомуз сўзларни ёзгани ойдинлашди. Фанатлар ғазаб таъсирида Жерродга босим уюштиришди. У эса барча қайдларни ўчирди, аммо кеч бўлганди. «Вест Хэм» эса футболчининг ёнини олиб, уни жазолашни истамади.

Эътиборлиси, Боуэннинг ўйинидаги кескин ўсиш шахсий ҳаётидаги барқарорлик билан бир вақтга тўғри келди. Октябрда Британия нашрлари Жерроднинг «Севги ороли» номли маҳаллий реалити-шоу юлдузи Дэни Дайер билан учрашиб юргани ҳақида ёзишди. Кейинчалик жуфтлик муносабатлари яқинлигини тасдиқлашди. Қизиғи, қизнинг отаси ҳам ушбу муносабатлардан хурсанд - чунки у «Вест Хэм»га мухлислик қилади.

«Ливерпуль» овга чиқди

25 ёшли англиялик вингернинг қойилмақом ўйини эътиборсиз қолмади: Боуэннинг «Ливерпул»га ўтиши ҳақида гап-сўзлар тарқалганига анча бўлди - айтишларича, «қизиллар» ёзги мақсадларга Жерродни ҳам киритишган. Клопп ҳам футболчининг ўйинларига бефарқ эмаслигини тан олди: «Боуэннинг ўйини менга ёқади. У юқорига «Халл» орқали кўтарилди, Премьер-лига даражасидаги футболчи эканлигини кўрсатиш учун кўп вақт сарфламади. Жеррод бир нечта катта қадамларни қўйишга улгурди».

А.АБДУВАЛИХЎЖАЕВ тайёрлади


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz