Италиялик ярим ҳимоячи Альберто Аквилани FourFourTwo нашрига берган интервьюсида «Ливерпул»даги даври, «Рома»даги илк қадамлари, шунингдек, фаолиятидаги турли қизиқарли лаҳзаларни эслади.
- «Рома» мухлиси учун атиги 18 ёшида «жаллоросси» сафида «А» серияда дебют қилиши нимани англатади?
- Мен «Рома» мухлислари қуршовида туғилиб-ўсганман. Юрагингиздаги жамоада ўйнаш - ушалган орзудир.
- Фаолиятингиз бошида «Рома» афсонаси Франческо Тотти билан бирга ўйнагансиз.
- Тотти - кумир, жуда кўпчилик ҳар куни унга ўхшашга интилган. Унинг ёнида ўйнаш ҳам қийин, ҳам қизиқарли, муносабатимиз шундай ривожландики, доимо бир-биримизга омад тилаб юрадиган яхши дўстларга айландик. Бу жуда муҳим.
- Сиз, Тотти ва Даниэле Де Росси... ўша пайтдаги «Рома»да римликлар кўпчилик эди ва назаримда, айнан шу жиҳат жамоани ўзига хос қилиб қўйган бўлса керак?
- Франческо ва Даниэле билан «Рома»да ўйнаш, ғалаба қозониш ва болалигимиздан бери изланаётган жамоа учун курашиш - бу шунчаки ажойиб. Мухлислар учун футболчиларининг жамоани чин дилдан севишини англаш жуда ёқимли. Биз клуб ҳақида ҳамиша қайғурардик ва менимча, айнан шу бизнинг ҳақиқий кучимиз эди. Мотивация ҳар доим кучли бўлган.
- 2006|2007 йиллар мавсумда Тоттининг «Милан»га қарши ўйинда ғалаба қозонишига сабаб бўлган «рабона» узатмангиз тарихда қолди. Ўша гол эсингиздами?
- «Милан»га қарши ўйиндаги «рабона» - бу инстинкт натижасида пайдо бўлган чинакам ҳаракат. Буни қандай қилганимни сўрасангиз, жавоб беролмасдим! Бу ўз-ўзидан пайдо бўлган, гўзал, таъсирчан, бир чимдим омад билан татиб кўрилган лаҳза эди - тўп тўғридан-тўғри Манчини томон йўл олди, у эса Тоттига узатди. «Рома»нинг Миландаги илк ғалабасига сабаб бўлган бу гол, шубҳасиз, ўша онларни одамлар хотирасида мустаҳкамлади.
- «Рома»даги даврингизда Лучано Спаллетти тоза ҳужумчисиз ўйнаш усулини ўйлаб топди. Футболчилар буни қандай қабул қилишганди?
- Тўғри, у ўша пайт инқилобчи эди - унга ҳужумчи етишмасди ва шунинг учун Тоттини олдинда ўйнатди. Бу янги ўйин услуби эди, рақиблар унга мослашишда қийналарди. Биз жуда хурсанд бўлдик.
- «Рома» билан икки марта Италия кубоги ва Суперкубогини қўлга киритдингиз. Булар - клуб қўлга киритган сўнгги унвонлардир. Нега ўша давр муваффақиятли бўлмади?
- Ҳа, яна бир Суперкубокни бой бердик. Италияда соврин ютиш умуман осон эмас, чунки футболи жуда рақобатбардош ва кучли жамоалар кўп. Аммо клубдаги фаолиятим давомида биз майдонда ва унинг ташқарисида ҳақиқий бирдамликни топдик.
- «Ливерпул»да ўтказган вақтингизни қандай баҳолайсиз?
- Ўша даврлар ҳали ҳам менда жуда кўп ҳис-туйғуларни уйғотади. «Энфилд»да, айниқса, бундай иштиёқли мухлисларга эга бошқа йирик клубларга қарши ўйнаш ҳиссини тушунтириб бўлмайди. У ерда ўйнаганим мен учун муҳим. Ушбу давр қалбимда ҳамиша алоҳида ўрин тутади. Кутилмаганда Римни тарк этдим ва бу ҳаётимни ўзгартирди. Дастлаб жароҳатим Англияда ўйнашимга халақит берган бўлса-да, охирида вақтимни ажойиб ўтказдим. У ерни тарк этгач, анча оз ўйнагандай туюлди, лекин жуда кўп пул ишлаб топдим (кулади). Менга ўйнаш имконияти берилганида, ўйлайманки, вазифамни аъло даражада бажардим. Ўшанда клуб ва жамоада ўзига хос инқилоб содир бўлди ва бунинг натижасида «Ливерпул»ни тарк этишга мажбур бўлдим.
- Ўшандан кейин «Ювентус» ва «Милан»да ўйнагансиз, аммо ҳеч нарса ютолмагансиз. Нега шундай бўлди?
- Бу фаолиятимдаги иккита муҳим босқич эди, ҳар ҳолда, гап дунёнинг энг номдор икки жамоаси ҳақида бормоқда. «Ливерпул»да кўп ўйнамаганман ва шунинг учун, айниқса, «Юве»даги илк мавсумимда, имкон қадар майдонга кўпроқ тушиш мен учун устувор вазифа эди. Афсуски, клубдаги корпоратив муаммолар туфайли жамоа чемпионликни қўлга киритолмади. Лекин мен деярли ҳар бир ўйинда иштирок этдим. Иккинчи йили ишлар яхшиланди ва мен терма жамоадаги ўрнимни қайтариб олдим. «Милан»даги мавсумим абсурд эди. Биз яхши бошладик, мен ҳам анча-мунча ўйинларда майдонга тушдим ва узоқ вақт турнир жадвалида 1-ўринда юрдик. Аммо кейин бир қатор ёмон лаҳзалар бўлди - жароҳатимдан бошлаб, «Юве» биздан Скудеттони тортиб олгани билан якунланди. Ҳалигача афсусдаман, чунки биз кубокка лойиқ кучли жамоа эдик.
- Кейин «Фиорентина»га кўчиб ўтдингиз, энг яхши ўйинингизни кўрсатдингиз ва ҳозир ҳам у ерда ёшлар мураббийи сифатида ишлайсиз. Нима учун «бинафшаранглар» билан алоқангиз шунчалик кучли?
- «Фиорентина» иккинчи уйимдек. Бу ерга ўйнаш мақсадида келгандим ва биз учун муваффақиятли ўтган уч мавсумда жуда яйрадим. Флоренция - бу ўзингизни яхши ҳис қилиш ва қулай яшашга мажбур этадиган шаҳар; анча иссиқ, жамоанинг эса жуда меҳмондўст мухлислари бор, бу ҳақиқатан ҳам ҳаяжонли манзара. Уч йилдан кейин у ердан кетдим, лекин шаҳарга ва унинг одамларига доимо боғланганман. Янги хўжайинлар келганидан кейин мени мураббий сифатида қайтишга таклиф қилишди.
- 2015 йилда «Спортинг» билан шартнома имзоладингиз ва бир мавсум Португалия чемпионатида ўйнадингиз. «А» серия билан ушбу чемпионатнинг фарқи каттами?
- Англиядаги тажрибамдан сўнг ҳар доим яна бир йилни хорижда, бошқа чемпионатда ўтказишни хоҳлардим. Тан оламан, Португалия футболини кам баҳолаганман. Лиссабонда кўп ижобий нарсаларни топдим, жумладан, хўжайин Жорже Жезуснинг тараққиётга ундаган ғояларини ҳам... Мени қучоқ очиб кутиб олган инсонлар ҳақида ҳам ажойиб хотиралар бор. Биз лигада ғалаба қозона олмадик, бундан афсусдаман, чунки унда ғалаба қозониш худди «Рома» билан зафар қучишдек - жуда камдан-кам учрайдиган ҳол.
- Профессионал фаолиятингизнинг сўнгги кунларини «Лас-Пальмас»да ўтказдингиз. Ла Лига сизга ёқдими?
- Ушбу чемпионатни ҳар доим кузатганман ва техник маҳоратим у ерда менга қўл келиши мумкинлигини ҳис қилганман. Оқибатда Гран-Канариядаги фаолиятим ажойиб тажриба бўлиб чиқди. Нафақага чиққанимда, шартномам тугашига бир йил қолганди, лекин мен аллақачон кейинги йўлга - мураббийликка тайёргарлик кўра бошлагандим.
- Болаликдаги клубингиз - «Спес Монтесакро»ни сотиб олишга қарор қилдингиз. Умидсиз романтик эмасмисиз?
- (Кулади) Бу туғилиб ўсган шаҳарчам жамоаси. Айнан у менга етти ёшимда футбол ўйнаш имкониятини берган. Клубни сотиб олиш имконияти пайдо бўлганда, улардан қарзимни узиш учун ҳам шундай қилдим. У ерда аҳвол яхши эмасди, шунинг учун ҳаммасини қайта қуришга мажбур бўлдим: майдон, мураббийлар, инфратузилма... Бугун Римда «Спес Монтесакро» қандай гуллаб-яшнаганини ва клубда бахтли болалар ўйнаётганини кўрганимда, катта ғурур туяман.
М.ПЎЛАТОВ тайёрлади
Манба: interfutbol.uz
Киритилган сана: 17.12.2017 17:00
Киритилган сана: 23.11.2017 06:27
Киритилган сана: 29.10.2017 17:51
Киритилган сана: 26.11.2017 06:28
Киритилган сана: 20.12.2017 09:09
Киритилган сана: 29.12.2017 00:29
Киритилган сана: 16.05.2017 14:23
Киритилган сана: 23.07.2017 22:07
Киритилган сана: 24.11.2017 00:17
Киритилган сана: 21.09.2017 12:35
Киритилган сана: 16.01.2018 04:31
Киритилган сана: 07.01.2017 14:02
Киритилган сана: 05.11.2017 13:21
Киритилган сана: 09.10.2017 00:15
Киритилган сана: 08.05.2017 04:20