Қайднома

Қидирув

Ана, холос! Ёқимсиз «хет-трик»

Ана, холос! Ёқимсиз «хет-трик»

  01.03.2022 12:52
  0
  448
Ана, холос! Ёқимсиз «хет-трик»

Бир ўйин сабаб аёллар футболи эркаклар футболини иккинчи даражага тушириб қўйди. Гарчи бу узоқ давом этмаган бўлса ҳам. Бош қаҳрамон - Янги Зеландия аёллар терма жамоаси ҳимоячиси Мейкайла Мур. SheBelieves Cup халқаро турнири доирасидаги АҚШга қарши баҳсда ғайриоддий ҳаракатлари билан ажралиб турди.

Учрашувнинг 5-дақиқасида у чап қанотдан оширилган тўпни ўз дарвозасига жойлаб қўйди. Орадан бир дақиқа ўтиб, ҳали ўзига келиб улгурмай, юқоридан келаётган узатмадан сўнг автогол муаллифига айланди. 36-дақиқада эса оёғини тўпга нотўғри қў­йиши оқибатида ёқимсиз «хет-трик» қайд этди.

Қизиғи, Мейкайла «идеал хет-трик» расмийлаштирди - ўз дарвозасини ўнг ва чап оёқ, шунингдек, боши ёрдамида ишғол қилди. Ўзгача кўрсаткич. Янги Зеландия термаси 0:5 ҳисобида ютқазди, Мурни эса биринчи бўлимнинг ўзида алмаштиришди. Бечора кўз ёшларини тия олмади. Ўйиндан кейин матбуотчиларнинг Мейкайлага савол беришлари тақиқланди.

«Унинг кимлиги, ажойиб футболчи эканлигини биламиз, имкон қадар уни қўллаб-қувватлаймиз, - деди Янги Зеландия термаси мураббийи Йитка Климкова учрашувдан ке­йин. - Унинг ишончли марказий ҳимоячи эканига шубҳа йўқ, уни алдаб ўтиш қийин, Мур ҳаводаги курашларда жуда фаол, паслари аниқ чиқади. Буни унутмаслиги керак».

Ижтимоий тармоқларда ҳам Мейкайлани кўпчилик қўллаб-қувватлади. У нафратга лойиқ эмас. Ҳар қандай футболчи қачондир ўз дарвозасига тўп киритган. Автоголлар - ҳақорат қилишга арзигулик сабаб эмас.

«Ливерпуль» клуби аъзоси ҳисобланган Мурга машҳур «You never walk alone» қўшиғи орқали тасалли берганлар ҳам топилди. Мейкайла футбол, айниқса, аёллар футболи оммабоплиги билан мақтана олмайдиган Янги Зеландияда туғилган бўлсада, карьераси ажойиб тарзда кечди. Дастлаб Германиянинг «Кельн» клуби билан шартнома имзолади, кейинчалик «Дуйс­бург»га, сўнгра қитъанинг энг кучли аёллар жамоаларидан бири - «Ливерпул»га ўтди.

Мейкайлани ташқи кўриниши ва ишончли ўйинига (қанчалик ғалати эшитилмасин) қараб, ҳаттоки, Виржил ван Дейкка ўхшатишади. Эътиборлиси, Мур ҳам нидерландиялик сингари 2020 йили оғир жароҳат олиб, қарийб бир йил ўйнамади, аммо асосий таркибга қайтди. Шундай экан, Мурнинг қисқа муддатда муваффақиятсиз ўйинни унутиб, ўзига келиб олиши шубҳасиз. Мухлислар уни қўллаб-қувватлашдан тўхташмайди.

Р.ИБРОҲИМОВ тайёрлади


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz