Қайднома

Қидирув

Мавсумдаги илк мавҳумлик

Мавсумдаги илк мавҳумлик

  02.03.2022 06:06
  0
  514
Мавсумдаги илк мавҳумлик

Янги мавсумнинг илк учрашуви - суперкубок-2022 баҳсига алоҳида эътибор қаратилди - ҳам мутасаддилар, ҳам жамоатчилик томонидан. Бироқ икки рақибнинг учрашувга муносабати турлича бўлди. Славче Войнески ғалаба қозониш ва сов­рин ютишни истарди. «Пахтакор»да иш бошлаган хорижлик мураббий учун бу жуда муҳим эди ва у шунга яраша жамоасини етарли даражада руҳлантирди. Рўзиқул Бердиев эса суперкубок-2022 баҳсидан аввал ҳам, ҳозир ҳам Славче Войнескига нисбатан ўзгачароқ вазиятда. «Пахтакор» ОЧЛга гуруҳ босқичидан қўшилади. Бунга тайёргарлик кўриш ва 1та ўйиндан иборат «плей-офф» учрашувида зафар қучиш учун ҳозирланиш ўртасида анчайин фарқ бор. Қолаверса, «Пахтакор» Суперлига 1-турида дебютант «Динамо» билан беллашади, «Насаф»ни эса Наманганда катта «жанг» кутмоқда...

Юқоридаги икки ҳолат туфайли «Пахтакор» Яйпанга хотиржам кайфиятда етиб борди. «Шерлар» ўйинни ҳам шундай кайфиятда бошлашди ва якунлашди. Шунинг учунми, кўплаб мухлислар Яйпанда «Пахтакор» ғалаба қозонишини аввалдан тахмин қилишди. Жонкуяр футбол мухлиси ва билимдони Ғуломжон ака Ҳамидов ҳаттоки, «Пахтакор»ни муборакбод этувчи шеърни олдиндан ёзиб қўйди. Домла рақиб жамоаларнинг ўйиндан олдинги ҳолати ва кайфиятини таҳлил қилишга уста. Айнан таҳлил ва мантиқий далилларга асосланган прогноз у кишини ғалабани олқишловчи шеър ёзишга ундагандир эҳтимол. «Насаф»ни эса мавҳумлик қийнади суперкубок ўйинидан аввал. Чунки бу учрашувда ички имкониятларни максимал даражада кўрсатиш ёки кўрсатмаслик масаласини ҳал қилиш Рўзиқул Бердиев олдида улкан савол бўлиб турарди. Назаримизда, мураббий савол қаршисида узоқ ўйга толди ва қандай тўхтамга келганини сездирмасликка интилди. Aлбатта, «Насаф» ҳам Яйпандан ғалаба билан қайтишни хоҳлади. Боз устига, рақибга нисбатан тажрибасизроқ ва ёшроқ «аждарлар» учун бундай соврин - айни муддао. Ёш жамоада донгдор рақибни енгиш асносида совринга эга чиқиш иштиёқи кучли бўлиши табиий. Лекин бош мураббий Суперлига 1-турида Наманганда «Навбаҳор»га қарши ўйнаш лозимлиги ва ОЧЛ саралаши «плей-офф» баҳсида ғалаба қозониш заруратини ёдидан чиқаролмасди.

Хуллас, «Суперкубокми ёки Суперлига 1-тури ва ОЧЛ саралашида ғалаба қозониш?!» қабилидаги саволга аниқ жавоб топмай бошлади «Насаф» учрашувни, бизнингча. Мавсумдаги илк мавҳумлик «Насаф» тимсолида кўзга ташланди ва ёш «аждарлар» руҳиятига, улар орқали майдонга кўчди. Ўйинни шу мавҳумлик кайфияти бошқарди. Учрашувнинг савия ва сифат нуқтаи назаридан мураббийларга ҳам, аксарият мухлисларга ҳам маъқул тушмагани айни шу жиҳатлар билан кўпроқ изоҳланади. Янги мавсум ҳисобидан илк баҳсда футболчиларда жисмоний толиқиш, комбинация ташкил этиш жараёнида тўп узатишда кўп хато кузатилиши ҳақидаги изоҳлар суперкубок-2022 баҳси учун ҳал қилувчи хулоса эмас. Aгар «Насаф»ни мавҳумлик қийнамаганида, ўйин бошқачароқ кечарди. Ҳар ҳолда, бизга «Насаф» бор имкониятларини ишга солмагандек кўринди. Рўзиқул Бердиев ҳам аввалгига нисбатан анча босиқ, ўйчан ва узоқни кўзловчи мураббий бўлиб қолгани ҳам рост. У «Суперкубокда ғалаба қозонаверайлик-чи, кейин бир гап бўлар!» - дейдиган босқичдан ўтиб бўлди аллақачон. Бошқача айтганда, Бердиев ҳозир сувни кўриб, этик ечадиган ҳолатда. ОЧЛ «плей-офф» баҳси ва «Навбаҳор»га қарши меҳмондаги ўйинни муҳимроқ санаган бўлса, бунинг учун мураббийни айблаш ноўрин.

Суперкубокни ютишни жуда-жуда хоҳласа-ю, ўзига дахлсиз сабаблар туфайли бунинг учун астойдил курашолмаса, бундан ортиқ изтиробга тўла мавҳумлик бўлиши мумкинми мураббий учун? Бундай мавҳумлик босими остида қарор қабул қилишда мураббийга ҳеч ким ёрдам беролмайди. Рўзиқул Бердиев кўпроқ Суперлига 1-тури ва ОЧЛ «плей-офф» босқичини ўйлагани ҳақидаги мулоҳазалар - шахсий қарашларимиз. Эҳтимол, суперкубок учун олишувда «Насаф»нинг ўйини чиндан ҳам, қовушмагандир. Балки ўйинда таркиб борасида яққол устунликка эга «Пахтакор» рақибига бемалол тўп суриш имкониятини бермагандир. Ҳозир ўйин жараёнидан келиб чиқиб эмас, балки унга муносабат нуқтаи назаридан мулоҳаза юритмоқдамиз. Барча томоша қилган футбол воқелиги, манзарага асосан мулоҳаза юритилса, хулоса бошқачароқ чиқиши аниқ. Ўйиндаги реаллик кишида «Ўзбек футболи нохуш инетрликдан ҳамон қутулолмабди» қабилида таассурот уйғотади. «Насаф»ку айтилган сабабларга кўра, тўла маънода «очилиб» тўп сурмагандир, аммо «Пахтакор»нинг нега шиддаткор ўйин намо­йиш этмагани - бизга қоронғи. Гап суперкубок-2022 баҳси илк расмий ўйин бўлганида эмас. Суперлига жамоаларининг тайёргарлик жараёнидан ўрин олган назорат учрашувларида анча оловли тўп сургани маълум. Очиғи, ақлга унча таянмайдиган ўзбек футболи ақллилик сари интилса, ўйинчиларнинг функционал ҳолати қандай бўлиши кишини ташвишга солади. Бугун инертликда айбланаётган футболимиз «ақл»ли бўлиб қолса, ўйинчилар майдонда шунчаки, юриб тўп тепишадими? Бу саволга Суперлига илк турида жавоб излаймиз.

Ҳозирда клублар стартга жиддий ҳозирланишмоқда. Мана, «Навбаҳор» - «Насаф» ўйинига чипталар атайлаб қимматлаштирилди ва бу уларнинг чайқовчилар қўлига ўтиб кетмаслигини олдини олувчи омил сифатида баҳоланди. Ҳа, чипталар баҳосининг оширилиши олиб-сотарлар йўлини тўсар экан. Яъни чипта қиммат бўлса, чайқовчи уни олиб сотишдан воз кечар экан. Шу хулоса - изоҳга ишонса бўладими? Чипталар баҳосини оширмасдан ҳам олиб-сотарлар йўлига тўсиқ қўйиш мумкин эмасми? Нима, ягона вариант чиптани қимматлаштиришми? Бу саволларга мутасаддилар қандай жавоб қайтаришади? Мухлиснинг айби футболни соғингани ва дастлабки турда принциал рақибга қарши ўйинга айрича қизиққани? У шунинг учун чипта учун ортиқча пул тўлаши керакми? Бундай ёндашув байрамлар арафасида Тошкентга қатновчи таксичиларнинг йўл ҳақини сунъий равишда оширишларини эслатиб юбормаяптими? Жамоа ғазнасини бундай усул билан тўлдиришга уриниш - мухлислар чўнтагига ноўрин қўл солиш юмшоқ айтганда. Ҳа, «Навбаҳор» янги мавсумга улуғвор мақсадлар билан қадам ташламоқда. Мухлислар ҳам «лочинлар» шижоатига умид билан боқишмоқда. Улуғвор мақсадлар сари мухлислар қадрини улуғлаш орқали борилиши мақсадга мувофиқ! Ўйлаймизки, мутасаддилар бизни тўғри тушунишади! Мавсумнинг илк туридаёқ мухлисларни гангитиб, мавҳумлик кўчасига бошламаслик - мутасаддилар бурчи!

Муҳаммад ВАЛИ


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz