Қайднома

Қидирув

Тараддуд: "Пахтакор"дан "Динамо"гача мавсумга тайёрлар-ми?

Тараддуд: "Пахтакор"дан "Динамо"гача мавсумга тайёрлар-ми?

  02.03.2022 08:18
  0
  588
Тараддуд:

«Пахтакор» мавсум старти арафасида ҳужумчи Шерзод Темировни қўйиб юборишга қарор қилди. Ўтган мавсум 18та ўйинда майдонга тушиб, 8та гол урган футболчи фаолиятини Эроннинг «Персеполис» клубида давом эттиради. Яна бир хабарга кўра, пойтахтликлар «Ал-Наср»да ўйнаётган Жалолиддин Машариповни ижара келишуви асосида ортга қайтариш имкониятини ҳам ўрганиб чиқишмоқда. Зеро, Саудия клуби жорий мавсум ОЧЛда қатнашмайди.

«Пахтакор» янги мавсум учун ПФЛда 37 нафар футболчини рўйхатдан ўтказди. 25 нафар ўйинчи - «Пахтакор» мактаби ва академияси тарбияланувчиси. Янги легионерлар Алексей Ларин Украина, Камил Хаджиев Болгария ва Оливер Шаркич Бельгия фуқароси сифатида рўйхатга киритилди.

 

АГМК: ХАГНОЗАРИ БИЛАН  2 ЙИЛЛИК БИТИМ

Аввалги мавсумларда Украина чемпионатида ўйнаган эронлик ярим ҳимоячи Сияваш Хагнозари АГМК билан 2 йиллик шартномани расмийлаштирди. 2017 йилдан «Волинь» клубининг жами 91та ўйинида 16та гол ва 10та самарали узатма қайд этган 26 ёшли футболчи жамоа сафига эркин агент мақомида қўшилди. 1995 йилнинг 3 август куни туғилган Хагнозари вақтида Эрон ўсмирлар ва ёшлар термаларида ҳам ўйнаган.

Миржалол Қосимов жамоаси 23 февралдан Тошкентда шуғулланмоқда. Олмалиқликлар ЎФА илмий гуруҳи вакиллари назоратида норматив тестлар топширишди. Анталия йиғинида елкасидан жароҳатланган Анзур Исмоилов ҳам машғулотларда иштирок этмоқда. Бироқ у Суперлига 1-турини ўтказиб юборади. Шунингдек, ўтган мавсумнинг охирги турида қизил карточка олган ҳужумчи Александр Касьян ҳам Бекободда «Металлург»га қарши кечадиган ўйинда майдонга тушмайди.

 

«НАСАФ»: СЎНГГИ ЛАҲЗАДА  ТРАНСФЕР

23 февраль куни Қаршидаги «Марказий» стадионида «Насаф»нинг янги раҳбарияти ва мухлислар ўртасида очиқ мулоқот бўлди. Йиғилишда «Насаф» бош директори Aлишер Юсупов, бош мураббий Рўзиқул Бердиев ва етакчи футболчилар Умид Эргашев, Шерзод Насруллаев, Aкмал Мозговой иштирок этишди. Жумладан, Бердиев тайёргарлик жараёни ҳақида маълумот бериш баробарида жамоа­га яна бир ҳужумчи кераклигини билдирди. Учрашув якунида клуб раҳбарияти томонидан мухлислар клубига совғалар топширилди.

Маълум бўлишича, «Насаф» машғулотларида қатнашган танзаниялик Симон Мсува собиқ клуби билан келишолмагани туфайли Ўзбекистонга келмайди. Эътиборли томони, «Насаф» трансферлар ойнаси ёпилишига 10 дақиқа қолган паллада босниялик ҳужумчи Семир Смайлагични ПФЛда рўйхатдан ўтказди. 1998 йили Босния ва Герцеговинада туғилган бўйдор (191 сантиметр) футболчи фаолияти давомида «Сараево», «Младость», «Слобода» (Босния), «Горица» (Словения), «Астана» ва «Қизилжар» (Қозоғистон) клубларида ўйлаган. Семир Босния ва Герцеговина U-19 термасининг 5та ўйинида 1та гол урган. 2021 йили Қозоғистон Премьер-лигасида 27 марта майдонга тушиб, 1та самарали узатма қайд этган. Қозоғистон кубогидаги статистикаси - 6та ўйин, 3та гол. Айтганча, олдинроқ «Насаф»нинг сенегаллик ҳужумчи Аблай Мбенг номзодини кўриб чиқаётгани ҳақида ҳам хабарлар чиққанди.

 

«БУНЁДКОР»: 5 НАФАР  ЛЕГИОНЕР БОР

«Бунёдкор» Арманистоннинг «Арарат» клубидан таклиф этилган хорватиялик ярим ҳимоячи Димитрие Побулич билан «1}1» шаклида шартнома тузди. 1994 йили туғилган футболчи ўтган мавсум «Арарат»нинг 17та ўйинида 4та гол уриб, 6тасига ассистентлик қилди. Transfermarkt портали талқинига кўра, Побуличнинг трансфер қиймати 225 минг еврога тенг. У «Арарат» сафига қўшилишдан олдин фақат Сербия чемпионатида тўп сурган: ОФК, «Доркол», «Тимок», «Синделич», БСК, «Рад», «Радчики» ва «Графичар» клубларида. Умуман, «Бунёдкор»нинг ПФЛга берган «заявка»сига қарасак, асосий таркибдан жой олган 27 нафар футболчидан 5 нафари легио­нер. Қолган футболчилардан 14 нафари академия тарбияланувчиларидир.

 

«НАВБАҲОР»: МУХТОРОВ «ЛОКО»ГА ҚАЙТДИ

Анталия йиғинидан сўнг 2 кун дам олган «Навбаҳор» 23 февралдан Наманганда шуғулланмоқда. Жамоа вакиллари бу орада норматив тестларини топширишди. Таркибда ўзгариш бор: 5 январь куни «Навбаҳор» билан шартнома тузган Хуршид Мухторов «Локомотив»­га қайтди.

 

«ЛОКОМОТИВ»: СЕРВЕР  ЖЕПАРОВ КЛУБ ТИЗИМИДА

«Темирйўлчилар» 24 февраль куни Қибрай стадионида «Машъал»га қарши ўртоқлик учрашуви ўтказиб, 2:1 ҳисобида ғалаба қозонди. Жамоанинг ҳар икки голига ярим ҳимоячи Диёр Туропов муаллифлик қилди. Бу ўйинда «Навбаҳор»дан яна «Локо»га қайтган Хуршид Мухторов ҳам майдонга тушди. Умуман, «темирйўлчилар» қишки йиғинда жами 11та ўртоқлик учрашувида майдонга тушишди: 6та ғалаба, 4та дуранг ва 1та мағлубият.

Дарвоқе, 2016 йили «Локомотив» шарафини ҳимоя қилган Сервер Жепаров «Локомотив» тизимида иш бошлади. Ўзбекистон U-15 термасини бошқараётган ёш мутахассис эндиликда «Локомотив» мактабида ҳам фаолият юритади.

 

«ҚЎҚОН-1912»: СЎНГГИ  «ЎРТОҚЛИК»ДА 2:0

Тайёргарлик жараёнининг сўнг­ги босқичини Қўқонда олиб бораётган Бахтиёр Ашурматов жамоаси охирги назорат баҳсида «Дўстлик» (Олтиариқ)ни 2:0 ҳисобида енгди. Табиийки, жамоа мураббийлари бу учрашувда таркибдаги деярли барча футболчиларга имконият беришди. Голларга эса Сардор Азимов ва Диёр Жалолиддинов муаллифлик қилишди.

 

«ҚИЗИЛҚУМ»: ҲУЖУМГА  НИГЕРИЯДАН ФУТБОЛЧИ 

«Қизилқум» Туркия йиғинидан ўрин олган охирги учрашувда Қирғизистоннинг «Абдиш Ота» жамоасига қарши майдонга тушиб, минимал ҳисобда устун келди. Жамоанинг ягона голи муаллифи -  Александар Станиславлевич.

«Қизилқум» - «Абдиш Ота»

(Қирғизистон) - 1:0 (1:0)

Гол: Александар Станиславлевич (32).

«Қизилқум»: Игнатий Нестеров, Ислом Тўхтахўжаев, Бобур Йўлдошев, Артём Дмитриев, Олег Зотеев, Шуҳрат Муҳаммадиев, Эркин Бойдуллаев, Шерали Жўраев, Санжар Шоаҳмедов, Темурхўжа Абдухолиқов, Александр Станиславлевич.

Захира: Артём Макосин, Жавоҳир Илёсов, Файзулло Қамбаров, Орифхўжа Абдухолиқов, Азиз Усмонов, Шаҳзод Туропов, Ҳумоюн Абдуалимов, Темур Набиев, Салим Мустафоев, Жасур Азимов, Комолафе Пол-Сеун, Илҳом Кенжаев, Азамат Максумов.

Жамоа 4 нафар легионерни ПФЛда рўйхатдан ўтказди. Булар - ҳимоячи Артём Дмитриев (Эстония), ярим ҳимоячи Александар Станиславлевич (Сербия), ҳужумчилар Гонсало Ритакко (Аргентина) ва Комолафе Пол-Сеун (Нигерия). Таркибга янги қўшилган нигериялик футболчи 2000 йили Лагосда туғилган. Комолафе «Капфенберг» (Австрия) ва «Аква Юнайтед» (Нигерия) клубларида ўйнаган.  

 

«МЕТАЛЛУРГ»: ДАВРОН ЭРГАШЕВ  ЯГОНА ХОРИЖЛИК

«Металлург» таркибида ҳам ўзгаришлар бор. Ярим ҳимоячи Муҳаммад Исаев жамоа билан хайрлашди. У эркин агент мақомини олди. Ўтган мавсум «Сурхон»да тўп сурган ҳужумчи Жасур Холтўраев эса Бекобод клуби сафига қўшилиб, 1 йиллик шартнома остига имзо чекди. Шунингдек, жароҳат туфайли Туркия йиғинида қатнашмаган ҳужумчи Ислом Исоқжонов индивидуал равишда шуғуллана бошлади. Бекободликлар тайёргарликнинг охирги бос­қичини «Металлург» стадионида олиб бориш­япти. Жамоа янги мавсум учун 37 нафар футболчини рўйхатдан ўтказди. Ундаги ягона легионер - Даврон Эргашев (Тожикистон).

 

«НЕФТЧИ»: «АЛАЙ»ДАН УСТУНЛИК

Фарғоналиклар ўтган ҳафта Қирғизистоннинг «Алай» жамоаси билан куч синашиб, 2:0 ҳисобида ғалаба қозонишди. Илҳом Мўминжонов шогирдларидан Иззатилла Абдуллаев ва Александр Ешич ўзларини кўрсатишди.

«Нефтчи» - «Алай» (Қирғизистон) - 2:0

Голлар: Иззатилла Абдуллаев,

Александр Ешич.

«Нефтчи» шунингдек, ўтган мавсум «Нав­баҳор»да тўп сурган ярим ҳимоячи Аббос Ғу­ломов билан 1 йиллик ижара шартномаси тузди. 1998 йили Поп туманида туғилган футболчи мавсум-2021да «Навбаҳор»нинг 22та ўйинида майдонга тушиб, 1та гол урганди. Дарвоқе, «Нефтчи» вакиллари норматив тест­ларини Қиргулидаги стадионда топширишди. Умуман, Фарғона клуби 36 футболчини рўйхатга киритди. Янги футболчилардан 2 нафари ижара келишуви бўйича, 9 нафари эркин агент мақомида сафга қўшилди. Хуллас, жамоа фақат бир футболчи трансферига пул тўлади.

 

«ДИНАМО»: ПАХТАКОР» БИЛАН ЎЙИН ЧИПТАЛАРИ СОТУВДА

Самарқанд жамоаси Туркияда олиб борилган 3 ҳафталик йиғиндан ўрин олган охирги ўртоқлик учрашувида «Оболонь» (Украина)ни Саҳоб Рашидов томонидан урилган ягона гол эвазига енгди.

«Динамо» - «Оболонь» (Украина) - 1:0 (0:0)

Гол: Саҳоб Рашидов (88).

«Динамо»: Милое Прекович, Ислом Шарипов, Иброҳим Йўлдошев, Жасур Жумаев, Михайло Йованович, Музаффар Музаффаров, Темур Исмоилов, Евгений Чумак, Шоҳмалик Комилов, Александар Глишич, Ойбек Нурматов.

Захира: Арслон Аҳроров, Жўрабек Маннонов, Сайдулло Раҳматов, Достон Фотеев, Ойбек Жўраев, Абдужамол Исроилов, Тўлқин Эргашев, Жасур Умаров, Саҳоб Рашидов, Фахриддин Алимов, Шокир Йўлдошев, Фарҳод Раҳматов, Воҳид Оқбўтаев, Акмал Козимов.

«Динамо» раҳбарияти «заявка»сида 40 нафар футболчи бор. Жумладан, 4 нафар легионер. «Динамо» стадиони маъмурияти Суперлига 1-тури доирасида «Пахтакор»га қарши кечадиган ўйин чипталарини 24 февраль куни сотувга чиқарди. Улар 2 тоифада: трибуналар учун - 15 минг, CIP сектор учун - 25 минг сўм. CIP секторнинг йиллик абонименти баҳоси  - 300 минг сўм.

 

«ОЛИМПИК»: АБДУМАННОНОВДАН «ДУБЛЬ»

Суперлигага дебютанти навбатдаги назорат учрашувида «Арал Самали»ни Бектемир Абдуманнонов урган 2та гол эвазига мағлуб этди - 2:0.

«Олимпик» - «Арал Самали» - 2:0 (1:0)

Голлар: Бектемир Абдуманнонов (15, 49).

«Олимпик»: Шукрон Йўлдошев, Диёр Ортиқбоев, Суннатуллоҳ Ҳамиджонов, Муҳаммадқодир Ҳамроалиев, Жалолиддин Содиқов, Бектемир Абдуманнонов, Сардор Маҳмудов, Даврон Анваров, Алишер Одилов, Муҳаммадали Ғиёсов, Абдурауф Бўриев.

Захирадан майдонга тушганлар: Элдор Бегимов, Темур Тулегенов, Усмон Икромов, Сардор Солиев.

Темур Кападзе бошқарувидаги жамоа сафига жами 8 нафар янги футболчи қўшилди (асосан ижара келишуви асосида). Булар: Абубакрризо Турдиалиев («Насаф»), Муҳаммадқодир Ҳамроалиев («Динамо»), Ҳумоюн Шербўтаев («Динамо»), Шукрон Йўлдошев («Пахтакор»), Шаҳзод Раҳматуллаев («Пахтакор»), Пўлатхўжа Холдорхонов («Пахтакор»), Диёр Ортиқбоев («Пахтакор»), Сардор Маҳмудов («Локомотив»).


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz