Қайднома

Қидирув

Чеферин алоқада: Суперлига бўлмайди, 2 йиллик ЖЧ ҳам...

Чеферин алоқада: Суперлига бўлмайди, 2 йиллик ЖЧ ҳам...

  02.03.2022 11:55
  0
  584
Чеферин алоқада: Суперлига бўлмайди, 2 йиллик ЖЧ ҳам...

Яқинда Франция медиаси - JDD вакиллари УЕФА президенти Александер Чеферинни махсус учрашувга чорлаб, замонавий футболда кутилаётган ислоҳотлар мавзусида суҳбатлашишди. «Кўҳна қитъа» футболи раҳбари интервью давомида ФИФА билан «уруш», бузилган молиявий «Фэйр-плей» қои-даси ва охири кўринмаётган янги турнирлар ғоялари ҳақида берилган жиддий саволларга жавоб берди. Қуйида суҳбатнинг асосий парчалари ҳавола қилинмоқда.

- Жаноб Чеферин, ЖЧни ҳар икки йилда бир марта ўтказиш ғоясига қандай қарайсиз?

- Бундай бўлмаслигига ишончим комил. Ғоя - мутлақо бемаънилик. Бошқача ифода этсак, бу футбол, жумладан, аёллар йўналишини ҳам йўқ қиладиган популистик лойиҳа. ФИФА оқибатини тушунмаяпти ёки тушунишни хоҳламаяпти. Лекин ишончим комил, ташаббускорлар охир-оқибат, ғоя мухлислар, расмийлар, ҳукуматлар, ЕИ томонидан маъқулланмаётганини эшитишади, барибир. Уларнинг мақсадлари тайин - ФИФА даромадини ошириш ва УЕФА ҳамда КОНМЕБОЛни заифлаштиришдир. Биз Жанубий америкаликлар билан бирга бундай «ўйин»ларга учмаслигимизни аллақачон аниқ ва равшан айтдик. Икки йирик конфедерация вакилларисиз эса ЖЧнинг ЖЧлиги қолмайди...

- Жанубий Америка жамоаларини Европа Миллатлар лигасига таклиф этишдан мақсад нима? Бу ФИФА ғоясига қарши жавоб зарбасими?

- Йўқ, бу лойиҳа устида музокара бошлаганимизга анча бўлди, ўзаро англашув меморандумини ҳам имзолаганмиз. Тўғри, ҳозир қўшма турнир ғояси қачон амалга ошишини аниқ айтолмайман. Умуман, келажакда Европа турнирларига бошқа конфедерациялардан жамоа таклиф қилмаслик учун қандайдир сабаб кўраётганим йўқ.

- Қизиқ, Конференциялар Лигаси нима учун йўлга қў­йилди? Бу билан халқаро ўйин­лар сони меъёридан ошиб кетмадими?

- Турмуш ўртоғим ва қизларим ҳам худди шу фикрдалар. Лекин ўйинлар сони кўпайиб кетгани ҳақидаги хулосаларга асло қўшилмайман. Конференциялар Лигаси - ажо­йиб мусобақа. Қаранг, янги турнир икки қатламга мансуб жамоаларни бирлаштирди. Словения чемпиони - «Мура» бу гапимга ёрқин мисол. Ушбу жамоанинг йиллик бюджети 2 миллион еврога тенг. Асосийси, «Мура» Конференциялар Лигасидаги иштирок ортидан 3 миллион евро ишлади!

- ЧЛга «Тўртлик финали» лойиҳаси нима учун керак?

- Афсуски, пандемия туфайли бу ғояни узил-кесил муҳокама қилолмадик, аммо ишонаманки, «Тўртлик финали» ҳам қизиқарли янгилик. Ушбу масала юзасидан айрим клублар президентлари, жумладан, «ПСЖ» соҳиби Носир ал Хелайфи  билан гаплашдим. Муҳими, улар ғояни қўллаб-қувватлашди. ЕЧЛ ҳозир МФЛ (Америка футболи турнири)дан машҳурроқ, аммо тан олиш керак, Супербоул - катта воқеалик. Қисқаси, мувозанатни сақлашимиз керак. Шунингдек, ярим финал доирасидаги уй ўйинлари тушумини қоплаш йўлларини топишимиз шарт.

- 2024 йили ЕЧЛ формати ўзгаради: 36та клуб гуруҳларга бўлинмайди ва wild-card тизимида яхлит турнир йўлга қўйилади. Яхши ишлаб турган бир тизимни янгилашдан маъно нима?

- Барчаси Европа клублари ассоциацияси - ECA билан узоқ давом этган муҳокамалар самарасидир. Албатта, клублар кўпроқ даромад хоҳлайди. Лекин энг муҳими, «швейцарча» тизим ҳам рақобатбардошроқ, ҳам мухлислар учун қизиқарлироқ бўлса керак.

- Янгиликка Суперлига ғояси туфайли қўл уриляптими?

- Йўқ. 2019 йилидаёқ ЧЛнинг «квазиёпиқ» форматини муҳокамага қўйган, аммо ўзаро бир тўхтамга келолмагандик. Ўйлайманки, айни ўша вақт Суперлига ташаббускорлари ҳам жиддий иш бошлашган.

- Сизнингча, Суперлига ҳақиқатми?

- Йўқ. Ҳар ҳолда, яқин 10 йилликда ғоя амалга ошмайди. Футболга фақат пул манбаи сифатида қарайдиганлардан бошқа ҳеч ким бундай турнирни хоҳламайди.

- Янги молиявий «Фэйр-плей» қоидаси қандай бўлади?

- Бу мавзу март ёки май ойларида Ижроий қўмита кун тартибига киритилади. Мавсум охиригача ечим топишимиз керак. Зеро, рақобатбардош мувозанатни яхшилаш йўлларини излашга мажбурмиз. Бой 5та клубнинг доимий равишда ғалаба қозонавериши охир-оқибат, одамларни зериктиради ахир.

- Ҳашамат солиғини жорий этиш режалаштирилмоқда. Ахир бу «ПСЖ» ва «Манчестер Сити» каби чексиз бюджетга эга клублар учун қўшимча устунлик-ку.

- Тўғри, лекин бошқа томондан, ундирилган солиқ бошқа клублар ўртасида тақсимланса, ҳамма фойда кўради. Энг катта масала битта - инвестиция йўлини ёпмаслигимиз керак. Акс ҳолда, пул бошқа томонга кетади. Шунинг баробарида футболга киритилган маблағни тўлиқ назорат қилиш талаб этилади. Ҳашамат солиғи моҳияти шуки, юқори фоиз учун тўловни молиявий «Фэйр-плей»ни ҳурмат қиладиганларга бўлиб бериш. Бироқ ҳозирча ушбу ғоя амалга ошиш-ошмаслигини билмайман...

МУҲАММАДХОН тайёрлади


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz